"Барселона" ҳакамлар устидан Уефага расмий шикоят йўллади

"Барселона" клуби Чемпионлар лигаси чорак финалида "Атлетико"дан учралган мағлубиятдан сўнг ҳакамлик борасида Уефага расмий шикоят юборди. Каталонияликлар учрашувнинг 54-дақиқасида рақиб жарима майдончаси ичида содир бўлган баҳсли вазиятни ўрганишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб баёнотига кўра, рақиб ўйинчиси тўпни қўли билан ўйнаган бўлса-да, ҳакам пенальти белгиламаган ва VAR тизими ҳам вазиятга аралашмаган. "Барселона" раҳбарияти бу қарорни жиддий хато деб ҳисоблаб, ҳакамлар ўртасидаги мулоқот ёзувларини тақдим этишни сўради.

Шу билан бирга, клуб сўнгги йилларда Чемпионлар лигасида ҳакамлар томонидан жамоага нисбатан икки ёқлама стандартлар қўлланилаётганини даъво қилмоқда. Бироқ мутахассислар каталонияликларнинг бу айбловларини асоссиз ва ўз мағлубиятини оқлашга уриниш деб баҳоламоқда.
Бош мураббий Ҳанси Флик ҳам ўйиндан сўнг ҳакам Шимон Марчинякнинг ҳаракатларидан норози бўлди. Германиялик мутахассис барча баҳсли вазиятлар рақиб фойдасига ҳал қилинганини ва бу натижага бевосита таъсир кўрсатганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи учрашувда "Атлетико" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Энди Ламин Ямал ва унинг жамоадошлари жавоб ўйинида ўзларининг ҳақиқий кучини кўрсатиб, кейинги босқичга чиқиш учун курашишлари лозим бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!