"Titled Tuesday" турнирининг мукофот жамғармаси рекорд даражада оширилади

"Chess.com" платформаси шахмат оламидаги энг машҳур мусобақалардан бири — "Titled Tuesday" турнири бўйича инқилобий ўзгаришни эълон қилди. 2026 йил 2 июндан эътиборан ҳафталик мукофот жамғармаси 10 минг долларга етказилади. Натижада турнирнинг йиллик умумий соврин пули 500 минг доллардан ошиб, аввалги кўрсаткичдан уч баробар кўп маблағ ўйналадиган бўлди.
Гроссмейстерлар жанг майдони
2014 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу онлайн биринчилик шахмат юлдузларининг севимли масканига айланган. Унда дунёнинг энг кучли шахматчилари Магнус Карлсен ва Хикару Накамура билан бир қаторда, истеъдодли ҳамюртимиз Жавоҳир Синдаров ҳамда Ниҳал Сарин каби гроссмейстерлар мунтазам иштирок этиб келишмоқда.
Платформа вакили Денни Реншнинг таъкидлашича, мақсад — титул соҳиблари учун юқори савияли турнирлар ва адолатли ўйин тизимини янада ривожлантиришдир.
Мукофотлар қандай тақсимланади?
Янги тартибга кўра, 10 минг долларлик жамғарма қуйидагича тақсимланади:
Асосий натижалар учун: 7,5 минг доллар ажратилади, шундан турнир ғолибининг улуши 2500 долларни ташкил этади.
Бонус мукофотлари: Қолган 2,5 минг доллар махсус номинациялар, жумладан, энг яхши аёл шахматчи, маҳоратли ёш ўйинчи, энг фаол стример ва "энг чиройли юриш" муаллифи кабилар ўртасида бўлиб берилади.
"Perfect Score Bounty" — Ўзига хос жакпот
Турнирнинг яна бир ҳаяжонли янгилиги — "Perfect Score Bounty" тизимининг жорий этилишидир. Агар бирор иштирокчи 11 та партиянинг барчасида ғалаба қозонса (11/11 натижа), унга алоҳида махсус бонус тақдим этилади. Агар ҳеч ким бундай мукаммал натижага эриша олмаса, ушбу маблағ кейинги ҳафта жамғармасига қўшилиб бораверади.
Маълумот учун, "Titled Tuesday" мусобақаси 2025 йилдан бошлаб киберспорт оламининг нуфузли йўналиши — "Esports World Cup" тизимига ҳам расман киритилган. Бу эса турнирнинг нуфузи ва қизиқарлилик даражаси йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!