Қаршида эркак хотинини фарзандлари кўз ўнгида калтаклаб, мол-мулкини олиб кетди

Қарши шаҳрида 37 ёшли эркак уч нафар фарзандининг кўз ўнгида хотинини калтаклаб, унинг пуллари ва телефонларини олиб кетган. Судланувчига 3 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маълум қилинишича, оиладаги мунтазам жанжаллар сабабли аёл уч нафар фарзанди билан эридан алоҳида яшаш учун ижарага кўчиб чиққан. Унга ҳимоя ордери ҳам берилган. Эркак эса аввалроқ жанжал кўтаргани учун 7 суткага маъмурий қамоққа олинган.
2026 йил 1 август куни эркак болаларини кўриш баҳонасида уйга келган. У хотинининг телефонидаги нотаниш рақамни кўриб, рашк қилган. Аёл ишдан қайтганида айнан шу рақамдан қўнғироқ бўлгач, эркак уч нафар фарзандининг кўз ўнгида хотинини калтаклаган.
Аёл ваннахонага қочиб кирганида, эркак уни видеога олган ва юзига мушт тушириб, ҳушидан кетказган. Шундан сўнг у ҳушсиз ётган аёлни хонага олиб чиқиб ётқизган.
Эркак аёлнинг сумкасидан 5 миллион сўм пулни, шунингдек, «iPhone 13 Про» ва «Samsung А35» телефонларини олиб кетган. Ушбу мол-мулкнинг умумий қиймати 11,7 миллион сўмга баҳоланган.
Қизининг «Бу пуллар онамга керак», деган гапига эса ота: «Бу пуллар онангга энди керак эмас», деб жавоб берган ва пулларни олиб чиқиб кетган.
Суд ҳукмига кўра, эркакка 3 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, жабрланувчи фойдасига 11,7 миллион сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…