Қозоғистон нашри: Ўзбекистон мундиалга шунчаки иштирок учун бормайди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги энг муҳим футбол синови — 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган мундиалда юртимиз илк бор иштирок этади. Бу воқеа нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатлар футбол жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қозоғистоннинг нуфузли sports24.kz нашри ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишлаб махсус мақола эълон қилди. Манбада таъкидланишича, бу мундиал Қозоғистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Чунки мусобақада илк бор қўшни мамлакат — Ўзбекистон миллий жамоаси қатнашади.
Нашр Ўзбекистон термасини Криштиану Роналду, Луис Диас, Бруну Фернандеш каби жаҳон юлдузларига қарши майдонга тушадиган авлод сифатида таърифлади. Бу эса футболчиларимиз зиммасидаги масъулият қанчалик катта эканини яна бир бор кўрсатади.
Қозоғистонлик мутахассислар Ўзбекистон термасининг асосий фигураларидан бири сифатида Абдуқодир Ҳусановни алоҳида тилга олди. “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси бугун ўзбек футболи янги босқичга чиққанининг рамзига айланди. У тезлиги, яккакурашлардаги қатъияти, тўпни олдинга олиб чиқиш қобилияти ва биринчи пас орқали ҳужум бошлаш маҳорати билан ажралиб туради.
Ҳусановнинг Англия Премьер-лигасига йўл олгани ўзбек футболи учун тарихий воқеа бўлди. У АПЛда ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчи сифатида ҳам катта эътибор марказида. Жаҳон чемпионатида айнан унинг ҳолати, ҳимоядаги ишончли ҳаракати ва етакчи рақибларга қарши ўйини термамизнинг умумий барқарорлигига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Элдор Шомуродов эса ҳали ҳам миллий жамоанинг энг муҳим етакчиларидан бири бўлиб қолмоқда. У фақат сардор эмас, балки ҳужум чизиғида тажриба, масъулият ва характерни бирлаштириб турадиган футболчи ҳисобланади. Бир пайтлар айримлар уни ҳисобдан чиқаришга шошилган бўлса-да, Элдор “Истанбул Башакшеҳир” сафида яна ўзини кўрсатди ва Туркия чемпионатида энг сермаҳсул ҳужумчилардан бирига айланди.
Шомуродовнинг кучли жиҳати шундаки, у фақат жарима майдонида тўп кутадиган ҳужумчи эмас. Элдор чизиқлар орасида очилади, тўпни сақлаб туради, шерикларини ўйинга қўшади ва ҳал қилувчи вазиятларда масъулиятни зиммасига олади. Ёш футболчилар учун у майдондаги сардор, кийиниш хонасида эса авторитет вазифасини бажаради.
Аббосбек Файзуллаев эса ҳозирги терма жамоанинг энг ёрқин ва креатив футболчиларидан бири сифатида баҳоланмоқда. У тезлиги, дриблинги, ноодатий қарорлари ва қанотдаги фаоллиги билан рақиб ҳимоясини доимий босимда ушлаб тура олади. Аббосбек “Истанбул Башакшеҳир”да ҳам ижодкор футболчи сифатида ўзини кўрсатмоқда.
Файзуллаевнинг терма жамоадаги аҳамияти жуда катта. Чунки баъзан ўйин тўхтаб қолгандек кўринган пайтда айнан шундай футболчилар бир ҳаракат, бир пас ёки бир дриблинг орқали вазиятни ўзгартириб юборади. У Ўзбекистонга фақат ҳимояланиш эмас, тезкор қарши ҳужумлар ва кутилмаган комбинациялар орқали рақибни қийин аҳволга солиш имконини беради.
Отабек Шукуров эса майдон марказидаги мувозанат учун жавоб берадиган футболчилардан бири. У ҳар доим ҳам энг кўзга ташланадиган ўйинчи бўлмаслиги мумкин, аммо унинг иши жамоа структураси учун жуда муҳим. Тўп ҳаракати, ҳимоядан ҳужумга ўтиш, позицияни тўғри танлаш ва босим остида совуққонлик — Шукуровнинг асосий вазифалари шулардан иборат.
Жаҳон чемпионатида майдон марказидаги кураш кўп нарсани ҳал қилади. Португалия, Колумбия ва бошқа кучли рақибларга қарши ўйинларда Ўзбекистон тўпни йўқотмаслиги, босимга тушиб қолмаслиги ва ҳужумга ўтишда аниқ ҳаракат қилиши керак бўлади. Бу жараёнда Шукуров каби футболчиларнинг роли жуда катта.
Фабио Каннаваронинг бош мураббий сифатида тайинланиши ҳам Қозоғистон матбуоти томонидан алоҳида қайд этилди. Италиялик мутахассис футболчи сифатида жаҳон чемпиони бўлган, катта майдонлар босимини яхши биладиган инсон. Энди у Ўзбекистон термасини мундиалда рақобатбардош жамоага айлантириш вазифасини олган.
Каннаваро тарих ёзиб бўлган жамоани қабул қилди. Аммо энди асосий вазифа — бу муваффақият тасодиф эмаслигини исботлаш. Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионатига чиқди, энди эса у ерда фақат иштирокчи бўлиб қолмаслик, балки ўз ўйини, характери ва интизоми билан дунё эътиборини тортиш керак.
Қисқаси, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига фаворит мақомида бормайди, аммо тасодифий меҳмон сифатида ҳам кўрилмаяпти. Бу жамоада Абдуқодир Ҳусановдек ҳимоя етакчиси, Элдор Шомуродовдек тажрибали сардор, Аббос Файзуллаевдек креатив юлдуз ва Отабек Шукуровдек марказий мувозанат бор. Энди ҳаммаси майдонда ҳал бўлади. Ўзбекистон мундиалга ўзини кўрсатиш, рақибларга характерини билдириш ва гуруҳдан чиқиш орзуси билан бормоқда. Бу энди шунчаки сафар эмас — ўзбек футболи тарихидаги энг катта имтиҳон.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!