Трамп хорижлик трак ҳайдовчилари бўйича кескин қарорини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда ҳужжатсиз фаолият юритаётган хорижлик трак ҳайдовчилари ўрнини америкалик ҳарбий фахрийлар эгаллашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, маъмурият бу йўналишда янги тартибларни жорий этишни режалаштирмоқда.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ армиясида оғир ҳарбий техникаларни бошқарган фахрийлар юк машиналарини ҳайдашга тайёрланади ва уларга тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёни енгиллаштирилади.
«Биз фахрийларимизни тайёрлаймиз ва уларга юк машиналарини бошқариш бўйича зарур кўникмаларни берамиз. Улар ҳужжатсиз ҳайдовчиларнинг ўрнини эгаллайди», деди АҚШ раҳбари.
Сўнгги ойларда АҚШ маъмурияти трак ҳайдовчилари учун талабларни янада кучайтиришга киришди. Хусусан, Транспорт вазирлиги инглиз тилини билиш талабини қатъий назорат қилиш ҳамда чет эллик ҳайдовчиларга берилган лицензияларни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ олган.
Трамп юк машиналари иштирокида содир бўлаётган айрим ҳалокатларда муҳожир ҳайдовчиларни танқид қилди. Шу билан бирга, бу даъволарни тасдиқлайдиган кенг қамровли расмий тадқиқотлар ҳозирча эълон қилинмаган.
Мазкур баёнотлар АҚШда 5 июль куни содир бўлган фожиали йўл-транспорт ҳодисасидан кейин янгради. Унда Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Асроров бошқарувидаги трак енгил автомобиль билан тўқнашиб, 21 ёшли коллеж футболчиси Тобиас Форсайт ҳалок бўлган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Асроров ҳодисадан кейин видеорегистраторни яширишга урингани учун далилларни йўқ қилиш ёки яширишга уриниш бўйича ҳам айбланмоқда. У 2024 йилда грин-карта дастури орқали АҚШга кўчиб борган ва трак ҳайдаш учун амал қилувчи лицензияга эга бўлган. Бироқ инглиз тилини билмагани сабабли полиция ходимлари билан Google Translate орқали мулоқот қилган.
Айни пайтда иш юзасидан тергов давом этмоқда. Токсикологик экспертиза натижалари чиққанидан кейин ўзбекистонлик ҳайдовчига нисбатан қўшимча айбловлар ҳам қўйилиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…