Девид Бекхем Голливудда юлдузга эга бўлди: тарихий лаҳза

Афсонавий футболчи Девид Бекхем Голливуднинг Шон-шараф хиёбонида ўз номига аталган юлдуз билан тақдирланди. Ушбу муҳим воқеа 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати старт олган кун билан бир вақтга тўғри келгани билан ҳам рамзий аҳамият касб этди.
Бу ҳақда The Guardian нашри маълум қилди.
Бекхем бу мукофотни “ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири” деб баҳолаб, бундай шараф оддий инглиз футболчисига насиб этишини ҳеч қачон тасаввур қилмаганини айтди.

Маросим ўзига хос тарзда ўтказилди — анъанавий қизил йўлак ўрнига яшил футбол майдонини эслатувчи йўлак танланди. Бу эса Жаҳон чемпионати руҳини янада кучайтирди.
Машҳур актёр Том Круз Бекхемнинг фаолиятини юқори баҳолаб, уни меҳнат, қатъият ва глобал таъсирнинг ёрқин тимсоли сифатида таърифлади. Бекхем эса ўз навбатида Том Крузга миннатдорчилик билдириб, уни яқин дўсти ва илҳом манбаи сифатида эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, Бекхем 2007 йилдан бошлаб бир неча йил “Лос-Анжелес Гелакси” сафида тўп сурган ва ҳозирда “Интер Маями” клубининг ҳаммуассиси ҳисобланади.

Шунингдек, у ва бошқа машҳурлар Лос-Анжелесда ўтган Жаҳон чемпионати очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Тадбирда Леонардо Ди Каприо, Ҳелли Берри, Оуен Уилсон, Перис Хилтон каби таниқли шахслар қатнашган.
Мазкур воқеа спорт ва кино оламининг бирлашган ёрқин лаҳзаларидан бири сифатида тарихда қоладиган бўлди.





























Изоҳлар 0
…