Кўпинча, айниқса, терма жамоамиз бирор муваффақиятсизликка учраганда, мухлислар ва журналистлар томонидан авлодлар алмашинувини амалга ошириш, ёшларга кўпроқ имконият бериш кераклиги ҳақидаги талаблар кўпайиб қолади. Масалан, терма жамоамиз 2010 йилги жаҳон чемпионати саралашини бой бергач, Жепаров, Кападзе, Гейнрих каби «қария»ларнинг даври ўтгани, уларнинг ўрнига, ана, Мисрдаги ёшлар ўртасидаги мундиал йўлланмасини қўлга киритган Аҳмад Убайдуллаев жамоасидаги келажаги порлоқ ёшларни ўйнатиш фойдали бўлишини кўп гапиришганди. Қизиғи, орадан етти йил ўтибдики, ўша Жепаров-у Гейнрихлар навбатдаги саралашларда жавлон уришмоқда, Убайдуллаев ёшларидан эса, асар ҳам қолмади.
Хўш, унда савол туғилади, авлодлар алмашинуви зарурий эхтиёжми? Терма жамоада тўп суриш учун паспортдаги ёш қанчалик аҳамиятга эга бўлиши керак?
Ўзбекистон терма жамоасида авлодлар алмашинуви сўнгги марта тахминан ўн йиллар олдин амалга оширилганди. Ўша пайтдаги бош мураббий Рауф Инилеев Аҳмедов, Денисов, Ҳасанов, Исмоилов, Ҳайдаров каби ёш футболчиларни жалб қилган ва айнан мана шу гуруҳ ҳозиргача терма жамоамизнинг асосини ташкил қилиб бормоқда. Шу ўтган давр мобайнида терма жамоамизда авлодлар алмаштиришга эхтиёж бормиди, деган саволни қўйиш мантиқсиз, зеро бугунги кунда бу футболчилардан устунроқ ёшларни кўрмаяпмиз. Балки орадан ўн йил ўтиб, мен ёки менга ўхшаган бир журналист ўша пайтдаги терма жамоамиз етакчилари Машарипов, Рашидов, Сергеевларни мисол келтириб, айнан шу футболчиларнинг терма жамоадаги дебюти ҳақида ҳикоя қилишимиз, бу даврнинг терма жамоамизда ўзига хос авлодлар алмашинуви бўлиб ўтганини айтишимиз мумкин. Аммо аслида ундай эмас. тўғрими?
Ўша Инилеев ёшларга ўрин берган 2007 йилларда ҳам, таркибда Жепаров, Гейнрих, Кападзе, Шацких, Алиқулов каби тажрибалироқ футболчилар бўлган ва терма жамоа деганда айнан ўша футболчилар тушунилган. Аҳмедовга биз бугуннинг кўзи билан қараяпмиз, аммо аслида ўшанда Аҳмедовнинг терма жамоа етакчисига айланиб бориши аста секинлик билан бошланган ва бир неча йил талаб қилган.
Авлодлар алмашиш деганда айнан Инилеев даврининг осонлик билан тилга олинишида бошқа сабаб бор – Инилеев терма жамоамиз мураббийлари орасида биринчи бор Миржалол Қосимовсиз жамоа тузишга мажбур бўлганди. Қосимов – терма жамоамиз тарихида алоҳида ўрин тутадиган футболчи, унинг футболдан кетиши, ўз ўзидан терма жамоадаги тамомила янгиланишни тақозо қиларди. Худдики, «Барселона» етти йилдан буён бир неча футболчиларни алмаштирган бўлса-да. то Месси кетмагунча, бу жамоани «янгиланди» деб бўлмаганидек.
Айтмоқчиманки, авлодлар алмашинуви кўпроқ табиий жараён ҳисобланади. Терма жамоада доим ёшидан қатъи назар энг кучли футболчилар тўп суриши кераклиги – бутун дунёда ўзгартирилмаган табиий қоида ва бунга ҳамма амал қилади. Гўёки, янги Англия терма жамоасини қураётган Гарет Саутгэйт мисол учун, Премъер Лигада гол уришда давом этаётган 35 ёшли Жермейн Дефони яна терма жамоага қайтаришга мажбур бўлди. Ўша қоида ишлаяпти. Мураббийдан натижа талаб қиладиган ҳар қандай футбол жамоатчилиги майдонга тушган футболчининг ёшини рўкач қилмаслиги керак – мураббий натижага жавоб бердими, демак таркибни атнлаш ҳуқуқи тўлақонли уники бўлиши шарт.
Аммо умумий ҳолат таҳлил қилинганда, айниқса, Осиё шароитида сунъий тарзда авлодлар алмашинувини амалга ошириш ўзини оқлаши мумкин.
Фарқини тушунтираман. Масалан ўша Саутгэйт бугун Дефони жалб қилиб, жаҳон чемпинонати саралашидаги конкрет бир рақибни енгади. Эртага, Россиядаги мундиалга кетиш олдидан Дефо футбол билан хайрлашиши ёки ёши яна бир ёшга улғайиб, спорт формаси пасайиши мумкин. Саутгэйт Дефони ўрнига, АПЛ да қатнашаётган ёшроқ, масалан, Рэшфордни олиб кетади. Масала ҳал. Дефо ҳам, Рэшфорд ҳам бир хил чемпионатда, бир хил юкламалар асосида ўйнаб келаётган бўладилар. Рэшфордга ўз клубида қўйилаётган юклама Англия терма жамоасидан мундиалда талаб қилинадиган юкламадан кескин фарқ қилмайди. Ўша қилиб юрган ишини майдонга тушиб ҳал қилиши керак, тамом.
Бу томондан, Европа, ёки бир неча ўйинчиси кучли клубларда тўп сурадиган кучлироқ терма жамоаларда муаммо йўқ, авлодлар алмашинувини сунъий равишда ўйлаш, Рэшфордга бир неча йил олдиндан тажриба тўплашга имконият бериш ҳақида қайғуриш шарт эмас. Рэшфорд ўша тажрибани клублар миқёсидаги мусобақаларда ҳам тўплаб, савиясини ўстириб бораётган бўлади.
Мана шу тарафдан қараганда, Осиё терма жамоаларида муаммо бор. Биз ҳозир Гейнрихни майдонга тушириб юраверамиз. Эртага Гейнрих футболни тарк этганда, унинг ўрнига бошқа бирор ўзбек ҳужумчини туширишимиз керак бўлади. Ўша Гейнрихнинг ўрнини босиши керак бўлган ҳужумчида эса халқаро тажриба бўлмайди – унинг кўргани шу «Олмалиқ», « Металлург» каби жамоалар холос. Терма жамоада ҳам ўйнамаган, чунки, ўша қоида, майдонга кучлилар тушиши керак, дейилганидек, Гейнрих кучлироқ бўлгани учун, у тушган. Парадокс.
Натижада, Мираброр Усмонов «Биз мураббийдан жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини эмас, ёшларга имкон беришни талаб қилгандик» дея олади. Гўёки, бу икки вазифа бир-бирига ҳалақит берадиган икки йўналишдек кўринади. Ростанам, мураббийдан натижа талаб қилгандан кейин, қандай қилиб, ёшлар билан ўйна, дейиш мумкин?
Авлодлар алмашинувини сунъий тарзда амалга оширишга эхтиёж сезар эканмиз, аввало бу жараённи фақат, бирор муваффақиятсизликдан кейин пайдо бўладиган аюҳаннос мақомидан, аниқ ва пухта ишланган режа даражасига олиб чиқишни билишимиз лозим. Бу жараённи аниқ белгиланган йўналишда амалга оширилиши икки ҳолатда рўй беради, менимча.
Биринчиси, МУРАББИЙ СТРАТЕГИЯСИ АСОСИДА.
Айтайлик, Осиё чемпионати арафасида келган бош мураббий кейинги жаҳон чемпионатигача ишлашини ва унга берилган асосий вазифа жаҳон чемпионатига олиб чиқиш эканини аниқ билади. Ўз ўзидан ушбу мураббий вазиятни, терма жамоанинг ҳолатини, олимпия ва ёшлар терма жамоаларини ўрганади, таҳлил қилади ва режа тузади. У ўзига асосий мақсад қилиб, жамоасининг жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичида энг юқори формага ва кучга эга бўлишини таъминлашни белгилаб олади.
Хўш, Қатар-2022 га чиқиш учун 2021 йилдаги саралаш ўйинларига стратегия белгилаган мураббий, ўша пайтда паспортдаги ёши 37 бўладиган Александ Гейрихни Осиё чемпионатида олиб борадими? Йўқ, албатта.Аслида Гейнрих таркибдаги барча ҳужумчилардан кучлироқ бўлиши мумкин, Осиё чемпионатида кўпроқ фойда келтириши мумкин, мураббий буни жуда яхши тушуниб туриши мумкин – аммо, у Сергеевни танлайди. Юқорида айтганимиз, майдонга энг кучлилар тушиши кераклиги ҳақида принципнинг ишламаётгани бу ҳолатда у қадар нотўғри эмас. Бош мураббий ўз мақсадларини белгилаб олган ва қайси турнир асосий, қайси турнир унга тайёргарлик вазифасини ўтайди, ҳаммасини белгилаб олган, ўша принциплар асосида ўз йўналишини белгилаб олган. У учун Осиё чемпионати тайёргарликнинг бир босқичидир, асосий ўйинларда 37 ёшда бўладиган Гейрихни ўша мусобақалар учун тайёрлашдан мантиқ йўқ.
Мен ўша мураббийни тушунаман. Лекин ҳозир нега Гейнрих тушяпти, ёшлар тушмаяпти деб савол берадиганларни тушунмайман. Хўш, мураббийимиз, ўша олдинги йилларда юқорида айтиб берганим, режа асосида ишлагандимики, ҳозир Гейрихдан норози бўлсам? Аввалги Осиё чемпионатларида ёки саралашнинг аввалги босқичларида, ўша Гейнрих жаримадан натижалар олиб келаётган бир пайтда берилиши керакмасмиди, бу савол? Бугун-ку, Гейнрих қутқаряпти, эртагачи? Рақиблар кучсизроқ бўлган пайтда, кучлироқ рақиблар учун пойдевор яратиб борсак, бўлмайдими, деб ўша пайтда сўралиши, мантиқлироқ бўлмасмиди?
Бош мураббийни айблашдан йироқман. Ишонмасангиз, шу бўлимнинг дастлабки жумласини ўқинг – мураббий қачонгача ишлашини, ундан нима талаб қилинишини аниқ билиши ва ўша режа асосида ишлаши керак. Ана ўшандагина, у 3-4 йиллик режа асосида ишини атшкил қилишга эхтиёж сезиши мумкин. Бизда эса, мураббий ҳар қандай ҳолатда истеъфога чиқарилиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизда мураббийлар аввало, жорий, ҳозирги пайтдаги натижа учун жон берадилар. Ёшларнинг туширилиши, авлодлар алмашинуви каби аслида аввалдан белгиланиши керак бўлган стратегиялар охирида бахона сифатида янграйди холос.
Демак чин маънодаги ва режалаштирилган авлодлар алмашинувининг рўй беришига тўсқинлик қиладиган биринчи сабаб – бош мураббийда бундай стратегия ишлаб чиқиш учун малака ҳам, вақт ҳам бўлмаслиги.
Иккинчиси, ЎФФ ТАШАББУСИ
Биринчи бўлимдаги хулоса, бу ерда бошланғич вазифасини ўтайди – терма жамоалар раҳбариятида ҳам бундай режани тузиш ва назорат қилиш учун на малака, на вақт бор. Улар ҳам жорий натижалар кетидан қувадилар, улар учун ҳам ёшларнинг муваффақияти деганда терма жамоадан ўрин олиб боришлари эмас, тенгқурлари ичида қандайдир мундиалга бориб келишлари тушунилади.
Буни шундан англаш мумкинки, айнан авлодлар алмашинувини амалга ошириши керак бўлган даврларда тайинланган мураббийлар ушбу йўналишга мутлақо мос эмас.
Миржалол Қосимов яхши селекционер мураббий. Унинг жамоалари ҳеч қачон маълум савиядан пасайиб кетмайди. У терма жамоага жалб қилган футболчилар кўпинча ўзларини оқлайдилар. Яъни Қосимов, энг аввало, тайёр футболчиларни таркибга жалб қила олиши ва ўйинларда асосий таркибни танлай олиши билан муваффақиятлидир. Қосимов учун футболчининг индивидуал маҳорати, минимал техник талабларни амалга ошира олиши муҳим. У йиққан ҳар қандай жамоа билан бошқа ҳар қандай мураббий муваффақият қозониши мумкин. У яхши деб билган футболчи ҳар қандай жамоада ва ҳари қандай усулда яхши ўйнаб кета олади. Унинг футболчилик давридаги катта тажрибаси айнан мана шу хислатида намоён бўлади. Эсингизда бўлса, у футболчилик даврида ҳам «Пахтакор»да бўлсинми, «Крилья Советов»ми ёки терма жамоами, футболчиларни жалб қилишда ўзига яраша меҳнат қилган.
Вадим Абрамов – тактик, назариётчи мураббийлар сарасига киради. Қосимовнинг мутлақ тескариси. Абрамов учун мураббий-футболчи боғлами муҳим аҳамият касб этади. У учун футболчининг маҳоратидан ҳам кўпроқ, мураббий қарашларини майдонда акс эттира олиш ҳусусиятлари аҳамиятлироқдир. Шунинг учун Абрамов қўл остида юлдуз бўлган футболчилар ҳам ҳатто, бошқа жамоада ёки бошқа мураббийда умуман ўйнай олмасликлари мумкин. Ёки бошқа жамоада юлдуз бўлган бирор футболчи Абрамовга мос келмаслиги мумкин. Абрамовнинг футболчи сифатида катта тажрибага эга эмаслиги, футболни асосан китобларда ва кичик тажрибалар ёрдамида ўргангани уни Қосимовдан фарқлаб туради.
Самвел Бабаян – менежер. У учун энг аввало, ўзаро муносабатлар, ички муҳит, жамоавий мотивация энг муҳими. У футбол жамоасини ҳам, худдики бирор идорани бошқаргандек бошқаради. Шунинг учун ҳам маълум вазифани бажаришда футболчилар маҳорати ёки белгиланган тактик схема эмас, футболчиларнинг меҳнаткашлиги, тартиби, эмоцияси ва ишга бўлган муносабати муҳим аҳамият касб этади.
Селекционер, Тактик ва Менежер. Масалан, юқорида айтганимдек, сўнгги бор авлодлар алмашинувига мажбурий тарзда бўлса ҳам бел боғлаган Рауф Инилеевга Устоз деб таъриф берган бўлардим. Терма жамоани ёшартириш, авлодлар алмашинувини амалга ошириш айнан мана шу «Устоз» характеридаги мураббийлар вазифасидир.
Айтмоқчиманки, терма жамоада раҳбариятида вазиятга шу томондан қараш, яъни терма жамоамизда авлодлар алмашинувини амалга ошириш режаси бўлмаган ҳам. Бўлган, деб тасаввур қилган тақдиримизда ҳам, буни амалга оширишга етарли малакалари бўлмаган. (Шунчаки, Қосимовга «Сен ёшларга эътибор бер» деб айтиш бу режа ҳам, стратегия ҳам эмас). Чунки бу жараённи бошқариш, амалга ошириш учун айнан қандай типдаги мураббий лозимлигини билишлари лозим эди. Аммо терма жамоамиздаги мураббий тайинлаш жараёни мана шундай кенг миқёсдаги ишларни амалга оширишга мос келмаган.
Раҳбарият мураббийларга етарлича вақт бермаслик орқали бу жараённи мураббий бошқариши учун ҳам шароит яратмаган, шунингдек, ўзи бошқариб, мана шундай характердаги мураббийни топиб олиб келмаган ҳам.
Оқибатлар ва натижалар ҳақида эмас, кўпроқ сабаблар ва асослар ҳақида савол беришни бошласак, менимча, фойдалироқ бўларди. Чунки натижа ва оқибатлар ўзимизга боғлиқ эмас, омадни, ҳакамни, штангани, рақибни бахона қилиб туриб ҳам қутулиб қолишлари мумкин. Аммо сабаблар ва асосларни яратиш эса, бутунлайича уларнинг вазифаси, натижа ва оқибатдан қатъи назар бажарилиши керак бўлган ишлардир.
Шундай экан, оддийгина бир ўйинда Суриядан учралган мағлубиятдан сўнг, «ёшлар қани?» деб ҳаммани саволга тутишимиздан фойда йўқ.
У ҳолда янада даҳшатлироқ бўлади. Шунчаки, бир-икки ёшларни тушириб қўйиб, «ана, ёшларни синаб кўриб, келажак учун ишлаяпмиз» деган жавоб бизнинг бирор кунимизга ярайдими кейин?
Манба: Maydon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади