ЖЧ-2026. Ўзбекистон - Конго баҳсида энг паст баҳо Абдуқодир Ҳусановда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун тарихий мундиал жуда эрта якунланди. Гуруҳ босқичидаги учала учрашувда ҳам имконият бой берилди. Конго ДРга қарши сўнгги баҳсда Фабио Каннаваро шогирдлари ҳисобни тезкорлик билан очган бўлсалар-да, иккинчи бўлимдаги ҳимоявий ўйин ва йўл қўйилган хатолар туфайли кетма-кет учта гол ўтказиб юборилди (1:3). Ўйиндаги бурилиш нуқтаси эса дарвозамизга белгиланган пенальти бўлди.
«Евро-Футбол» нашри мазкур учрашувдан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг айрим футболчилари кўрсатган ўйинни 10 баллик тизимда баҳолади.
Элдор Шомуродов — 7,5 (Терма жамоамизнинг энг яхшиси)
Терма жамоа сардори ва тўпурари бу баҳсда ўз вазифасини тўлиқ уддалади. У чиройли зарба билан ҳисобни очиб, жамоага умид бағишлади.
Биринчи бўлимда прессингда фаол бўлди ва 3 марта тўпни тортиб олди.
Иккинчи бўлимда жамоанинг орқага чекингани унга ҳам таъсир қилди; у ўйин давомида 22 марта тўпни йўқотди ва иккинчи бўлим бошида қулай имкониятдан фойдалана олмади. Нашрнинг қайд этишича, агар жамоа ҳужумкор ўйинни давом эттирганида, Элдор яна гол уриши мумкин эди.
Аббосбек Файзуллаев — 7,0
Мундиалдаги илк голимиз муаллифи биринчи бўлимни юқори даражада ўтказди.
Шомуродовнинг голида ҳал қилувчи узатма бермаган бўлса-да, А. Мозговойнинг пасидан кейин тўпга тегмай, рақиб чалғишини таъминлади ва ҳужум ривожига катта ҳисса қўшди.
Ҳимояда ҳам фаол бўлиб, 3 марта тўпни тортиб олди, 4 марта қоида бузгани эса унинг майдондаги курашчанлигини кўрсатди. Аммо иккинчи бўлимда у ҳам бутун жамоа сингари сустлашди.
Абдуқодир Ҳусанов — 3,0 (Омадсиз ўйин)
«Манчестер Сити» марказий ҳимоячиси ва жамоамиз юлдузи учун бу учрашув жуда оғир ўтди. Нашр унга энг паст баҳолардан бирини лойиқ кўрди.
Пенальти эпизоди: Рақиб ҳужумчиси Йоан Виссага қарши етарлича зич ҳаракат қилмади, Висса тўпга биринчи бўлиб етиб борганида Ҳусанов унинг оёғига зарба берди ва ҳакам тўғри пенальти белгилади.
Учинчи гол: Ҳусанов Виссанинг тўпни эркин қабул қилишига йўл қўйди ва қаршилик кўрсата олмади. Оқибатда рақиб ярим майдонни бемалол кесиб ўтиб, ҳисобни йириклаштирди.































Изоҳлар 0
…