Ислом Исмоилов «Андижон» устидан қозонилган йирик ғалаба ҳақида гапирди

Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Ўзбекистон Суперлигаси 17-туридаги водий дербисида меҳмонда «Андижон»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. «Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмоилов иккинчи бўлимда жамоа темпни ошириб, рақибни хатога мажбур қилганини айтди ва Усмонали Исмоналиевнинг четлатилишини 100 фоизлик қизил карточка деб баҳолади.
Ўзбекистон Суперлигаси 17-тури доирасида кечган шиддатли водий дербисида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби меҳмонда «Андижон»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида фарғоналиклар бош мураббийи Ислом Исмоилов ўйин тафсилотлари, рақибнинг қизил карточкаси, жамоадаги оғир жароҳатлар ва 18 ёшли иқтидор соҳиби ҳақида атрофлича фикр билдирди.
«Иккинчи таймда рақибни хато қилишга мажбур этдик»
Ислом Исмоилов дастлаб учрашувдаги тактик режа ва стадиондаги муҳитга тўхталиб ўтди:
«Биринчи навбатда ажойиб ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Стадионда худди ўз уйимизда ўйнагандек бўлдик. Водий дербиси ҳар доим оғир ўтади. Афсонавий мураббий Лобановскийнинг ажойиб гапи бор: натижа қолади, ўйин унутилади.
Биринчи бўлимда «Андижон»га майдонда бироз ташаббус бердик, бу олдиндан ишлаб чиқилган режамиз эди. Иккинчи бўлимда эса темпни кўтариб, ўз ўйинимизни кўрсата бошладик ва рақибни хатолар қилишга мажбур этдик. Рақибимиз «Андижон» ҳам жуда яхши шаклланган жамоа, уларнинг келажаги порлоқ».
«Қонун-қоида бўйича бу 100 фоиз қизил карточка эди»
Мезбонлар футболчиси Усмонали Исмоналиевнинг 51-дақиқада майдондан четлатилиши ўйин тақдирини ҳал қилдими, деган саволга мураббий шундай жавоб берди:
«Бу футбол, 11 кишига қарши ўйнаганимизда ҳам барибир ўз голимизни ура олардик. Боиси, иккинчи таймни жуда ҳужумкор бошлаган эдик. Ўша фол ишлатилган вазиятга яқин тургандим. Рақиб атайин қўпол ўйнамаган бўлиши мумкин, лекин қоида ҳамма учун бир хил. Қонун бўйича бу 100 фоизлик қизил карточка эди».
Лазаретдаги йўқотишлар ва «янги Абдуқодир Ҳусанов»
Фарғоналиклар устози жамоада етакчи футболчиларнинг жароҳат олиши сабабли таркиб борасида катта муаммоларга дуч келаётганини яширмади:
«Жароҳатлар кўпайиб кетди. Йован Жокич, Аброр Исмоилов, Анвар Ғофуров сафдан чиққан эди, бугун Ратиньо ҳам жароҳат олди. Икром Алибоев эса тўртинчи сариқ карточкасини олиб, «Бухоро»га қарши ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди.
Шунга қарамай, 18 ёшли ҳимоячимиз Нурмуҳаммад Абдуғаниевнинг ишончли ўйини қувонарли. Мураббий сифатида таваккал қиляпмиз, аммо у берилган ишончни тўлиқ оқламоқда. Агар ишлашдан тўхтамаса, у ҳам Абдуқодир Ҳусанов даражасидаги юқори савиядаги ҳимоячи бўлиб етишади».
ОФК Элит Чемпионлар лигаси олдидаги хавотирлар
Журналистларнинг Элит Чемпионлар лигаси олдидан бундай йўқотишлар билан жамоа қандай иштирок этиши ҳақидаги хавотирли саволига Исмоилов қуйидагича муносабат билдирди:
«Бу бўйича мураббийлар штаби билан яна маслаҳатлашамиз. Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Ёзги танаффусдан сўнг ҳар бир ўйин ўта оғир кечмоқда. Қаердадир очко, қаердадир асосий футболчиларимизни йўқотяпмиз. Умид қиламанки, ОФК Элит мусобақасигача барча ўйинчиларимиз тўлиқ соғайиб, сафга қайтишади».
Фикрингизни изоҳлар бўлимида қолдиринг ва мақолани Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали танишларингизга улашинг.































Изоҳлар 0
…