Ҳакамлик можароси: ВАР огоҳлантиришига қарамай ноҳақ пенальти қўйган Танташев четлатилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- FIFA рефериси Илгиз Танташев Ўзбекистон Суперлигаси ўйинида VAR тавсиясига қарамай ноҳақ пеналти белгилагани ва қатор қўпол хатоларга йўл қўйгани учун номаълум муддатга ҳакамликдан четлатилди.
- Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази, Профессионал футбол лигаси ва «Пахтакор» клуби вакиллари иштирокидаги таҳлилий учрашувда ҳакамнинг ўйин натижасига таъсир қилган хатолари расман тасдиқланди.
Ўзбекистон Суперлигаси доирасидаги марказий баҳслардан бирида юз берган шов-шувли ҳакамлик қарорлари бўйича расмий хулоса чиқарилди. 20 октябрь куни Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ), Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) ҳамда «Пахтакор» футбол клуби вакиллари иштирокида Zoom платформаси орқали махсус таҳлилий учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида «Пахтакор» клуби томонидан билдирилган жиддий эътирозлар кўриб чиқилиб, ФИФА рефериси Илгиз Танташевнинг ўйин натижасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган қатор қўпол хатолари расман тасдиқланди.
Танташевнинг бош хатолари: ВАР рад этган пенальти ва берилмаган қизил карточка
ЎзФҲМнинг янги раҳбари Фарҳод Абдуллаев томонидан баҳсли вазиятлар батафсил ўрганилиб, қуйидаги муҳим ҳолатлар бўйича бир қарорга келинди:
ВАР эътирозига қарши белгиланган ноҳақ пенальти: Энг кескин вазиятда «Пахтакор» дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси нотўғри тайинлангани тан олинди. ВАР ҳаками Фирдавс Норсафаров вазият пенальти эмаслигини таъкидлаган бўлса-да, Илгиз Танташев видеотакрорни мониторда шахсан кўриб чиқиб ҳам хато қарорида қатъий туриб олган;
Ваня Иличнинг эрта четлатилиши лозим эди: Ўйиннинг бошидаёқ Ваня Илич рақиби Достон Ҳамдамовга нисбатан қўпол ҳаракат қилгани учун унга сариқ карточка берилиши керак бўлган. Натижада, 58-дақиқада кўрсатилган огоҳлантириш футболчининг иккинчи сариқ карточкасига айланиши ва у майдондан четлатилиши шарт эди («Пахтакор» 1:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада);
Ҳамралиевнинг тирсак билан ҳаракати: Иккинчи бўлимда Муҳаммадқодир Ҳамралиев Абдурауф Бўриевга қарши тирсаги билан ўйнаган вазият қизил карточкага тортмаса ҳам, аниқ сариқ карточка кўрсатилиши лозим бўлган қўполлик сифатида баҳоланди.
ФИФА ҳакамига қандай жазо қўлланади?
«Пахтакор» клуби матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида ноҳақ қарорлар чиқарган реферининг кейинги тақдири бўйича тўғридан-тўғри савол қўйилган:
«Унга қандай чора кўрилади, деган саволга ЎзФҲМ вакиллари: “Яқин орада уни майдонда кўрмайсизлар”, деган жавобни берди», — дейилади клубнинг расмий баёнотида.
Мазкур қарор Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази томонидан ҳакамлик сифати ва шаффофлигини ошириш йўлидаги қатъий жазо чораси бўлиб, Илгиз Танташев номаълум муддатга расмий учрашувларни бошқаришдан четлатилганини англатади.































Изоҳлар 0
…