Бунга қадар спортчиларимиз медаллар жамғариш масаласида мезбонлардан сўнг Эрон, Қозоғистон, Хитой, Таиланд, БАА, Ҳиндистон делегацияларини олдинга ўтказиб юбориб умужамоа ҳисобида саккизинчи ўринга жойлашиб олишганди. Бешинчи кунги беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 57 та медаль билан кучли учликка кўтарилиб олишди.
Тўртта медалдан учтасини делегациямиз ҳисобига белбоғли курашнинг классик усулида гиламга чиққан полвонларимиз келтирган бўлсалар, яна битта олтин миллий спортимиз -Кураш бўйича беллашувларда қўлга киритилди.
Белбоғли кураш беллашувларида бу сафар полвонлар классик усулда ўз омадларини синаб кўришди. Финал баҳсларига етти нафар ҳамюртимиз етиб келди. Улардан учтаси ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозониб олтин медалларга сазовор бўлди. Тўрттаси эса кумуш медаль билан кифоляланди.
Эътиборлиси, чемпионликни тантана қилган уччала спортчимиз ҳам финалда мезбонлар устидан зафар қучишди. Вазни 70 килограммгача бўлган спортчилар баҳида Хусниддин Рўзиев туркманистонлик Хангелди Аллаковни, - 90 кг. вазн тоифасида Обидали Мавлонов мезбонларнинг яна бир вакили Овазгелди Бердиевни, энг оғир вазндаги полвонимиз Шерзод Раҳимов эса Ахал Балларовни таслим қилиб шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилишди.
Кечадан шунингдек, кураш бўйича беллашувлар ҳам старт олди. Миллий спортимиз бўйича ташкил этилган баҳсларнинг биринчи кунида уч нафар ҳамюртларимиз ўз омадларини синаб кўришди. Рината Илматова (+87 кг.), Раҳима Йўлдошева (-87 кг.) ва Искандар Ҳакимжонов (-60 кг.)лар орасида фақатгина Раҳима Йўлдошева финалга қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда Раҳима туркманистонлик Ширин Кубаевани мағлуб этиб олтин медалга эга чиқди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, белбоғли курашнинг классик йўналишида тўрт нафар вакилимиз кумуш медалга сазовор бўлди. – 50 кг. вазн тоифасида Шаҳзода Эргашева кеча мусобақадаги учинчи кумуш медалини қўлга киритди. Бунга қадар анъанавий ва белбоғли курашнинг эркин усулларида иккинчи ўринни эгаллаган Шаҳзода бу сафар белбоғли курашнинг классик йўналишида ҳам кумуш медалига лойиқ кўрилди.
-65 кг. вазн тоифасидаги қизимиз Дилафруз Мамажонова Осиё ўйинларида иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб улгурди. Кеча Дилафруз финалда мезбон спортчи Гулнар Хайитбаевага имкониятни бой бериб делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медалини қўшиб қўйди. Шунингдек, Исломжон Қўлдошев (-100 кг.) ва Элдор Неъматов (-80 кг.)лар кечаги баҳслар якунига кўра шоҳсупага кўтарилиб, кумуш медалини қўлга киритишди.
Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича ҳам баҳслар қизғин палласига кирди. Кеча иккита вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди ва уларнинг ҳар иккаласида вакилларимиз кумуш медалига эга чиқишди.
Қизлар ўртасида – 58 кг. вазн тоифасида чиқиш қилган Муаттар Набиева даст кўтаришда 94 кг., силтаб кўтаришда 118 кг., умумий 212 кг. тош кўтариб иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медалига лойиқ кўрилди.
Эркаклар ўртасида -69 кг. вазн тоифасида баҳсларга киришган Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Достон Ёқубов даст кўтаришда 139 кг., силтаб кўтаришда 177 кг., суммада 316 кг. оғирликни ўзига бўйсундириб иккинчи ўринни эгаллади ва делегациямиз ҳисобига кумуш медалини қўшиб қўйди.
Оғир атлетика бўйича терма жамоамиз Осиё ўйинларининг асосий фаворитлари қаторида эътироф этилмоқда. Бизни олдинда оғир вазндаги полвонларимиз иштирокидаги баҳслар кутиб турибди. Шундай экан Шаҳзод Худойберганов, Фарход Собиров, Иван Ефремов ва Рустам Жангабаевлардан ҳам олтин медалларни кутиб қоламиз.
Енгил атлетика бўйича беллашувларнинг сўнгги кунида терма жамоамиз аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Ядро улоқтириш баҳсларида Елена Смолянова 15.60 метр натижаси билан кумуш медалига сазовор бўлган бўлса, Марат Хайдаров кўпкураш баҳсларида бронза медали билан тақдирланди.
Енгил атлетика бўйича мусобақалар якунига етди ва бугун эрталаб терма жамоамиз аъзолари Тошкентга жўнаб кетишди. Осиё ўйинларида енгил атлетикачиларимиз томонидан 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали қўлга киритилди.
Айтиб ўтганимиздек, кечаги баҳслар якунига кўра яна олти нафар вакилимиз бронза медалларига сазовор бўлишди. Белбоғли курашнинг классик усулида Одилжон Суюнов (+100 кг.), Хусан Носиров (- 55 кг.), Файзулла Умматов (- 60 кг.) ва Ҳавасхон Жўрақўзиева (- 65 кг.), муайтайда Уббинияз Турениязов (- 81 кг.) ва таэквондо бўйича ўтказилган баҳсларда Ниёз Пўлатов (- 58 кг.) бронза медалларига эга чиқишди.
Айни пайтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 7 та олтин, 16 та кумуш ва 34 та бронза, умумий 57 та медаль бор ва ушбу натижа эвазига терма жамоамиз Туркманистон ва Эрон делегацияларидан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди. Кучли бешликка шунингдек, Қозоғистон ва Хитой делегациялари ҳам киришган.
Мусобақалар давом этади.
Манба: uff.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...