18:00 / 18.01.2019
3 543

Бўёғи энди ўзингиз танлаган йўл, жаноб Купер!

Бўёғи энди ўзингиз танлаган йўл, жаноб Купер!
Эктор Купер Япониядан учралган мағлубиятдан хафа бўлишга ҳожат йўқлигини таъкидлади. Бу шунчаки гуруҳ босқичи доирасидаги охирги ўйин, плей-офф босқичида натижа бошқача бўлишига ишора қилди. Мураббий жамоа кўрсатган ўйиндан қониққанини ва нимчорак финал олдидан етакчиларга ҳордиқ чиқариш имкониятини яратиб берган ҳолда дисквалификация хавфидан қочганини яширмади.

Купер хотиржамлик билан айтаётган гапларидан келиб чиқсак, мураббий барча жараённи назорат қилаётгандек туюлмоқда. Ишонч юқори, хавотирга ўрин йўқдек. Австралия билан ўйнашимиз Куперни кўп ҳам хавотирга солмаётганини сезиш мумкин. Купер учун Осиёдаги исталган жамоа доимги рақибдек кўринмоқда. Шу боисдан ҳам Японияга қарши гуруҳ пешқадамлигини аниқлайдиган баҳсда мураббий етакчи футболчиларимизни жароҳат ёки дисквалификациядан суғурталаган ҳолда иш тутди.

Бу ҳам мусобақа давомида мураббийлар қўллайдиган бир услуб ва тактика. Демак Купер нимчорак финалда рақиб танлашдан кўра ўз қўл остидаги "туз"ларни асрашни маъқулроқ деб топди. Уларсиз ҳам гуруҳ пешқадамлиги учун курашиб кўрмоқчи бўлди. Ўхшаса яхши, ўхшамаса кўп нарса йўқотмаймиз деган қабилида иш тутди.

Купер айтганидек, кечаги мағлубиятдан хафа бўлишга ҳожат йўқ. Чунки мусобақанинг ҳақиқий лаззатли дамлари энди старт олиш палласида. Буёғига ҳар бир ўйин финал мисоли қимматли. Айниқса Купер эҳтимолий воқеа ва кимлар билан ўйнашимиз мумкинлигини онгли равишда тушуниб шундай қарорга келди. Демак мураббий мусобақа давомида ўзи белгилаган йўл орқали юрмоқчи.

Купер танлаган йўлдан Австралия чиқмоқда. Купер учун бу қўрқинчли бўлмаслиги мумкин, лекин бизда озгина десам балки нотўғри бўлар, анчагина хавотир мавжуд. Буни ўзига яраша сабаблари бор. Австралия ва нимчорак финалдаги имкониятларимиз ҳақида ҳалироқ батафсил тўхталамиз.

Ҳозир бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Кўпчилик Австралия аввалгидек кучли эмас, улар билан ўйнаса бўлади деган фикрда. Гуруҳ босқичидаги Австралиянинг дастлабки ўйинига таянган ҳолда билдирилаётган бу фикрларга умуман қўшилмайман. Чунки гуруҳ босқичини кўплаб гранд жамоалар анча хотиржам бошлашди. Мусобақа узоқ давом этишини инобатга олган ҳолда Австралия, Япония, Жанубий Корея каби юқори элитга мансуб грандлар кучни тўғри тақсимлаб катта заҳира билан ўйнашмоқда.

Оддий мисол, кечаги баҳсда дуранг ҳам бизга гуруҳ етакчилигини сақлаб қолиш учун етарли бўларди. Шу боисдан ҳам баъзи етакчиларни асраган ҳолда таркибда ўзгартиришлар киритилди. Осиё Кубогига анча ёш таркиб билан келган Японияга ғалаба бизга нисбатан зарурроқ эди. Хажиме Морийасу ҳам ғалаба керак бўлган баҳсда нимчорак финални унутмади ва таркибни Купердан фарқли равишда буткул янгилади. Кечаги учрашувда ҳали мусобақа давомида умуман майдонга тушмаган 7 нафар футболчи бошланғич таркибга киритилди. Асосий етакчиларнинг барчасига дам берилди. Лекин шунда ҳам Япония бизга нисбатан ҳар тарафлама қийинроқ ҳолатда бўлишига қарамасдан ўзи учун керакли натижага эришди. Тўп билан муомула қилиш, тўп узатмалари сони бўйича биз Япониядан устунликка эришдик. Лекин буни қанчалик самарали амалга оширдик, натижа жавоб бериб турибди. Ҳужумлар сони бўйича биз, аммо сифат ва самара келтирувчи хавфни эса Япония содир этди. Япония натижадан келиб чиқиб тўп назоратини бизга топширди, лекин ўйин тизгинини улар тўлиқ назорат қилишди. Бу тарафлама ҳам Морийасу тактик жиҳатдан анча айёрроқ ва пухталик қилди.

Нима демоқчиман? Япония, Австралия ёки Жанубий Корея исталган пайтда ўйинини кучайтириши ва муҳим паллада натижа қайд этишга қодир жамоалар. Айниқса плей-офф босқичида грандлар буткул жиддий қиёфага киришади. Гуруҳ босқичидаги ҳазиллар ортда қолди. Шу боисдан ҳам гуруҳдаги кучли Иорданиядан кўра плей-оффга зўрға чиққан Австралия анча қўрқинчлироқ. Чунки уларда катта заҳира мавжуд. Плей-оффда эса ушбу заҳирадан қандай фойдаланишни улар яхши билишади. Бундай паллада ижрочилар маҳорати, мураббийларнинг тактик тарафлама билимдонлиги, ўйин чизгиси кимда чиройлироқ бўлиши ҳал қилувчи ролни бажаради. Айнан шу омиллар қайси жамоаларда тўғри ва мукаммал жамланса, ўшалар узоқроққа боришади.

Кечаги мағлубият натижа эътибори билан қаттиқ хафа қилмайди. Чунки гуруҳдан чиқиш вазифаси уддалаганди. Лекин шундай хотиржам ва босимсиз паллада ҳам Япониянинг иккинчи таркибини енга олмаганимиз баъзи саволларни келтириб чиқаради.

Эктор Купер бизга айнан вазни оғир бўлган Япония, Жанубий Корея ва Австралияга ўхшаган гигантларни ютиш учун ҳам олиб келинган. Чунки фақат шу рақиблар туфайли гоҳ қитъа чемпионатида ўз юришимизни якунлаганмиз, гоҳ ЖЧ саралашида улар йўлимизга туғаноқ бўлишган. Қолганлар билан етакчи маҳаллий мутахассисларимиз ҳам ишни дўндириб қўйишган.

Ҳозирча аҳамияти жиҳатдан у қадар муҳим бўлмаган баҳсда яна Японияга ютқаздик. Бу кечиримли. Лекин нимчорак финалда, жиддий ўйинда Австралияга қарши баҳсда натижа ва ғалаба талаб қилишга тўла ҳақлимиз. Биринчидан, Ўзбекистон Осиё Кубогида узлуксиз доимий равишда кучли саккизталикка кириб келмоқда. Бу сафар ҳам энг минимум бўлган натижамиз, яъни чорак финал натижасини такрорламаслик шармандалик бўлади. Нимчорак финалдаёқ жиддий рақибга дуч келганимизга эса қайсидир маънода Купернинг танлаган йўли сабаб.

Жаноб Купер, қачонки сиз нимчорак финалда биз ҳали гол урмаган Австралияни мағлуб этишни уддаласангиз, шунда биз кечаги мағлубиятдан хафа бўлмаймиз. Биламиз, сиз учун бундай мусобақалардаги энг минимум ва ҳозирча максимум бўлиб турган бекат - финал.

Биламиз, сиз терма жамоани БААга Осиё Кубогида натижа қайд этиш учун олиб келдингиз. Чунки таркиб Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубоклари тарихидаги энг қариясига айланди. Ҳозирги терма жамоамиз ўзагини ташкил этаётган кўплаб етакчилар ЖЧ-2022да бизга ёрдам бера олишмайди. Сиз ҳозир ЖЧ саралашини эмас, Осиё Кубогида натижани ўйлаб шундай йўл тутгансиз. Қўшимчасига сиз танлаган тактика ҳам айнан натижага қаратилган.

Ўзбекистон учун минимум бекат - чорак финал. Умид қиламизки, сиз бизни ўзингиз учун одатга айланган минимум бекатга қадар етаклай оласиз. Буёғи ўзингиз танлаган йўл. Унутманг, Ўзбекистон нимчорак финалда тўхтайдиган жамоа эмас. Ҳаммаси сизга боғлиқ, жаноб Купер! Омад!

Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Бўёғи энди ўзингиз танлаган йўл, жаноб Купер!
[/banner_pushhouse