10:48 / 10.09.2019
4 419

Биродар Абдураимов: "Юрт учун бундай футбол ўйналмайди"

Биродар Абдураимов: "Юрт учун бундай футбол ўйналмайди"
Ўзбекистоннинг ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи раундини ўзидан кучсиз бўлган Фаластинга ютқазган ҳолда бошлагани кескин танқид остига олинаётгани тўғри, албатта. Ҳаммани ғазаблантирган ва қаттиқ ранжитган бу ўйин атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлмоқда.

Айниқса, жамоа ўйини ва мураббий томон жиддий танқидлар айтилаётгани ҳам табиий ҳол. Ўзбек футболи тарихида эса ўзидан ном қолдирган, афсонага айланган кишиларимиз ҳам бор. Биродар Абдураимов ана шундай инсонлардан бири. Терма жамоамизнинг мағлубиятидан қаттиқ хафа бўлган мутахассисдан жамоага тааллуқли айрим саволларга жавоблар олдик.

- Биродар Ҳасанович терма жамоамизнинг Фаластинга қарши ўйини ҳақида қандай изоҳ бера оласиз?
- Қисқача айтаман: юрт учун бунақа футбол ўйналмайди. Бундай ўйнагандан кўра ўйнамаган яхши. Ўйингача мулойим бўламиз-у, ўйинга чиққанда ҳамма ўзини четга оляпти. Бу мумкин эмас. Ё футбол ўйнаш керак ёки умуман ўйнашмасин. Мамлакатни бундай ўйин билан шарманда қилиш умуман керак эмас. Бунинг устига рақиб қўпол ўйнаса, бизникилар ўзини четга олди. Хуллас, бизникилар ўйнашмади. Тактика ҳақида мураббийларнинг ўзлари билишади. Чунки жамоанинг ўз мураббийи бор. Ютқазгандан кейин баҳона қидиришнинг ҳожати йўқ.

- Бу мағлубиятдан сўнг энди кўпчилик Эктор Купернинг истеъфосини талаб қилишмоқда. Сизнингча, у қолиши керакми ёки кетиши?!
- Ўртада шартнома бор-ку. Шартнома қандай тузилганидан биз хабардор эмасмиз. Ҳозир терма жамоа саралаш босқичидаги энди биринчи ўйинини ўтказди. Балки кейинги учрашувларда вазият ўзгариб, ғалабалар қозонишни бошлармиз. Лекин бу мағлубият ҳаммамизни ранжитди. Ўзбек футболи ўзининг ҳужумчилари билан ҳаммага танилган. Ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Халқ футбол учун келади-да, уларни ҳужумкор ўйин билан хурсанд қилиш лозим.

- Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Биродар Абдураимов қандай маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсата олади?
- Бизга ҳали бирор нима ҳақида гапириш у ёқда турсин, мураббий билан танишмаганмиз ҳатто. ЎФАдагилар бир оғиз бизни таништиришганида уларга ўзимизнинг таклифларимизни айтардик. Лекин чақиришмаган ва бир-биримизни билмаймиз ҳам. «Пахтакор» стадионида ўйин бўлса, улар нарироқда ўтиришади. Аммо мени билмаган ва танимаган одамнинг олдига мен пистончиман деб бормайман-ку. Афсуски, ЎФАдагилар бу борада таништиришмаган ҳам, бу уларнинг камчилиги деб ўйлайман.

- Барибир Фаластинга ютқазиб қўйганимизни хазм қилиш қийин бўляпти…
- Афсуски, футболимиз шу ҳаволга тушиб қолди. Ўзбекистон ким-у, улар ким? Тўғри, ютқазиш ҳар қандай жамоага мумкин. Лекин бундай рақибга…очиғи, ватан учун бундай мағлубиятга сира рози бўлолмайман. Футболчиларимиз юрт учун ўйнашганида бундай бўлмасди.

Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Биродар Абдураимов: "Юрт учун бундай футбол ўйналмайди"