15:12 / 20.02.2020
5 802

Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларини зир титратаётган ўзбек ўғлони

Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларини зир титратаётган ўзбек ўғлони
Маълумки, ўзбек муайтайи ҳам жаҳонда ўз ўрнига эга. Бир неча йиллар аввал, юртимизда тайларнинг миллий спорт тури бўйича нуфузли турнирлар тез-тез ўтказилиб туриларди.Шунингдек, кўплаб мусобақаларда юртдошларимиз фахрли ўринларни қайд этиб, жаҳон ареналарида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишган ва буни давом эттиришмоқда.

Айниқса, ҳозир профессионал йўналишда жуда кўплаб ҳамюртларимиз ажойиб ютуқларни қўлга киритишяпти. Улар орасида Наимжон Тўхтабоев январь ойининг сўнги куни Мьянмада Бирма бокси бўйича 75 кгда World Letvey Champion камари учун жангда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Аҳамиятли жиҳати бир неча йиллардан буён чемпионликни хеч кимга бермай келаётган машҳур Туту ўз юртида, ўз миллий спорт тури бўйича мавҳ этилди. Тўхтабоевни жанубий-шарқий Осиёда жуда яхши танишади. Тайларнинг ва бирмаликларнинг миллий спорт турлари бўйича энг кучли жангчилари ҳам бас кела олмаётган ҳамюртимиз бу мамлакатларда анчагина машҳурликка эриша олган.

Биз ушбу муайтай устаси билан суҳбат уюштирдик. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Аввало, чемпионлик камарини қўлга киритганингиз билан табриклаймиз!
- Раҳмат.

- Бироз фаолиятингизда танаффус юзага келди. Бунга сабаб нима эди?
- Отам инсультни бошдан кечирди. Қолаверса, йигитлик бурчим ­-бир йиллик ҳарбий хизматни ўтадим. Шунинг учун, спортдан узоқлашган вақтим бўлди.

- Ўзбек муайтайининг гуллаган даврлари ортда қолгандек таассурот уйғотмоқда... Бунга сабаб нима бўлди?
- Бу фикрингизга қўшилмаган бўлардим. Тўғри, бир неча йиллар муқаддам ўзбек муайтайи тез суръатларда ривожлана бошлади. Сабаби, раҳбарият жиддий эътибор қаратди. Мамлакатимизда жаҳон миқёсидаги мусобақалар тез-тез ўтказилиб туриларди. Ҳозирда эса бундай турнирларга мезбонлик қилинмаётганлиги туфайли, шундай таассуротлар уйғонаётганлиги аниқ. Бироқ ўзбек муайтайининг энг яхши даврлари энди келмоқда. Авваллари юқори даражадаги саноқли спортчилар бўларди. Ҳозир эса биздан ҳам савияли ёшлар жуда кўпчиликни ташкил қилади.

- “Биздан ҳам савияли ёшлар”,- деганда кимларни назарда тутдингиз?
- Жуда кўп.

- Келинг шунга аниқроқ жавоб берсангиз?
- Шоҳруҳ Ҳолмуродов, Мансурбек Толипов, Қобилбек Тўлабоевларни айтишим мумкин. Тўғриси, ҳозир ёдимга келгани шулар. Аслида, юқорида таъкидлаганимдек истеъдодлар жуда кўп.

- Муайтай, К-1 каби йўналишларда жанг қилишни тушуниш мумкин. Лекин жуда хавфли ҳисобланувчи бирма бокси ва фақат нокаут билан ютиш мумкин бўлган ғайритабиий турнирларда иштирок этишга нима мажбур қилмоқда?
- Эҳтимол, ушбу жанговар спорт тури четдан қараганда хавфли кўриниши мумкиндир. Дарҳақиқат, қонун-қоидаларига кўра шундай эканлиги табиий. Лекин қайси яккакураш бехатар эмас? Ҳар бирининг ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Бирма боксининг ўзига яраша завқи, гашти ва қизиқарли томонлари ҳам бор. Буни фақатгина ушбу спорт оламига кирсангизгина биласиз.

Бу жанговар турини дастлаб, 2014 йили бевосита томоша қилганман. Ўшанда қизиқишим ортганди. Бу йўналишда рингга чиқсам, ўзимни худди ўтмишга тушиб қолгандек ҳис қиламан. Бобомиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди даврлари ёдимга тушади. Чунки бу спортда фақатгина нокаут эвазига ғалаба қозонишингиз мумкин. Қадимда ҳам ушбу бобокалонларимиз ватан учун сўнги нафасига қадар жанг қилишганку, шунинг учун ҳам бундай туйғу ва кечинмалар қуршовида қолсам керак.

- Шу ўринда Бирма бокси ҳақида бироз маълумот бериб ўтсангиз?
- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек фақат нокаут қилиб ғалаба қозонишга эришасиз. Агар жанг мобайнида катта устунлик қилиб ҳам нокаут қила олмасангиз, дуранг қайд этилади. Йиқитиш ва бош билан ҳам зарба бериш мумкин. Қолаверса, қўлқопларсиз жанг қилинади.

- Туту билан жангчи, унда очколар ҳисобига ғалаба қозонгансизку?
- Чемпионлик титули учун бўлган баҳсларда ғолиб аниқланиши керак бўлади. Шунинг учун, очколар ҳисобланади. Қолган ҳар қандай жангларда юқоридаги қонун-қоида амал қилинади.

- Ушбу мьянмалик яккакурашчи билан аввал ҳам тўқнаш келгандингиз. Айтингчи, қай бири сиз учун мураккаб жанг бўлганди?
- Январда бўлган чемпионлик тўқнашуви қийин кечди. Чунки бу сафар унинг миллий спорт тури бўйича жанг қилдим. Шу билан бирга, унинг юртида рингга кўтарилдим. Биринчи учрашувимиз Таиландда муайтайдан бўлганди.

- Мьянмадаги дастлабки жангингиз жуда шов-шув бўлганди. Бу вақтда ушбу мамлакат нотинч бўлсада, турнирга боргандингиз. Нега?
- Маълумки, 2017-2018 йиллар ушбу мамлакатда динлараро низо юзага келганди. Тўғрироғи, мусулмонларга нисбатан тазйиқлар бўлган. Бевосита ижтимоий тармоқларда диндошларимизни қандай қийинчиликларга учраганларини кўриб, ичимга сиғмаганман. Қанийди имконим бўлса, ёрдам бера олсам деган фикрлар қийнаган. Айнан ўша вақтда менга ушбу жанг юзасидан таклиф бўлган ва буни иккиланишларсиз қабул қилганман. Зеро, рингда мьянмалик жангчини мағлуб этиб, оз бўлсада ўша ерлик мусулмонларга далда бўлгим келган.

- Жуда кўплаб муваффақиятларга эришгансиз... Лекин бу доимо сояда қолиб кетади. Балки, бошқа истиқболли спорт турларида ўзингизни синаб кўрарсиз. Чунки бунга салоҳиятингиз етади деб ўйлайман?
- Очиғи, ҳозирга қадар эришганларимни ютуқларимнинг бошланиши деб биламан. Ҳали улкан зафарларим олдинда. Қолаверса, ушбу спорт тури бўйича ажойиб натижалар қайд этиб, юртимиз байроғини сарбаланд бўлишига ҳисса қўшаётган Анвар Бойназаров, Муҳаммад Жаҳонгиров, Мавлуд Тифиев, Бобур Тагиев, Шоҳруҳ Ҳолмуродовлар мендан кўра кўпроқ муваффақият қозонишган. Тўғри, бизда Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турларига эътибор юқори. Лекин нолимайман. Бизни ҳам бевосита интернет орқали таниб, ютуқларимиздан хурсанд бўлаётганлар, дуо қилаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бирор жойга бориб қолсам, таниб отангга раҳмат дейишларини ўзи етади. Энг асосийси ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётганимдан хурсандман.

- Яқиндагина қандайдир промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганингиз ҳақида эшитган эдик. Шунга ойдинлик киритсангиз?
- Ҳа, Таиландининг Пхукет шаҳрида жойлашган жаҳонга машҳур “Tiger Muay Thai” клуби билан 5 йиллик келишувга эришдим. Мазкур клуб бевосита промоутерлик ишлари билан ҳам шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, яккакураш турларига оид барча йўналишда кучли жангчилар тайёрлаш баробарида уларга жанглар ҳам ташкил қилади. UFC да иштирок этадиган аъзолари ҳам бор. Бу клуб билан шартномага эга бўлиш жуда қийин.

- Ўша UFC да жанг қиладиган аъзолари кимлар эканлигини биласизми?
- Зубайра Тхугов, Майрбек Тайсумовларни айта оламан.

- “Tiger Muay Thai” билан неча нафар ўзбекистонлик жангчи шартномага эга?
- Анвар Бойназаров, Муҳаммад Жаҳонгиров ва мен.

- Балки, ММАда ўзингизни синаб кўриш истаги бордир?
- Ўзбекистонда ММА ассоциацияси ташкил қилинганидан сўнг, ушбу ташкилот томонидан менга таклиф билдирилди. Албатта, жанг қилишим мумкин.

- Ушбу даражага ўз-ўзидан етиб келмаганлигингиз аниқ. Сабабчи инсонларни тилга олмасак тўғри бўлмайди?
- Ота-онам. Булар омадим, қудратим ва суянчим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам менга далда бўладиган, куч-қувват бағишлайдиган инсонлар. Уларсиз хеч қандай натижа кўрсата олмасдим ва олмайман ҳам.

- Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз!
- Сизларга ҳам катта раҳмат.


Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларини зир титратаётган ўзбек ўғлони