Фото: Reuters
Францияда сенсация рўй берди: Чемпионлар лигаси фаворитларидан бири «Лион»га ютқазди (0:1).
«Лион» — «Ювентус» — 1:0 (1:0)
Гол: Тузар, 31.
«Лион»: Антони Лопеш, Марселу, Денайер, Дюбуа (Тете, 78), Марсал, Тузар, Ауар, Гимарайнс, Дембеле, Корне (Аннерсен, 81), Токо-Экамби (Террье, 66).
«Ювентус»: Шченсни, Бонуччи, Данилу, Алекс Сандру, де Лигт, Пьянич (Рэмси, 61), Рабьо (Бернардески, 78), Бентанкур, Криштиану Роналду, Куадрадо (Игуаин, 70), Дибала.
Огоҳлантиришлар: Марселу, 28. Корне, 61.
Французлар тактикаси
Ўйинга бир неча кун вақт қолганида «Лион» бош мураббийи Руди Гарсия Роналдуни қандай тўхтатиш бўйича саволга ҳазил билан жавоб қайтарганди: «У чегарада қолиши керак, чунки у Лионда ўйнашни истамаслиги мумкин». Гарсия Криштиану бўйича алоҳида режа тузишдан маъно йўқлиги, «Юве» бошқа кучли футболчилар ҳам — Дибала, Игуаин ва бошқалар борлигини айтганди...
«Лион» чиндан ҳам португалиялик юлдуз учун махсус тактика тузмади, аммо «Ювентус»га қарши яхши тайёргарлик кўрилди. Гарсия вақтида французлар жамоаси тўрт ҳимоячи билан ўйнашга одатланди, жамоа бу мавсумда уч ҳимоячи билан майдонга чиққан ўйинларида ютқазган, масалан — «ПСЖ»га қарши уй ўйинида (0:1) ва «Сент-Этьен»га қарши сафар ўйинида (0:1). Дербидаги мағлубиятдан кейин («Сент-Этьен») «Лион» Силвиньони бош мураббийлик лавозимидан бўшатди ва Руди Гарсияни тайинлади. Унинг бошқаруви жамоа тўрт ҳимоячи билан ҳаракатланган ўйинларида ютқазмади.
Аммо ўтган турда Гарсия тажриба қилди — «Лион» 3-4-1-2 схемасида ўйнади ва сафарда «Метц»ни мағлуб этиб, чемпионатда тўрт ўйин давом этган ғалабасиз сериясига якун ясади. Чоршанба куни жамоа яна уч ҳимоячилик схемада майдонга чиқди ва яна ғалаба қозонди.
Янги футболчининг таъсири
Эҳтимол, Гарсия футболчиларнинг бу тариқа жойлашувини «Ювентус»га қарши ўйин учун тайёрламагандир, аммо «Метц»га қарши ўйинга «Лион»нинг янги хариди Бруну Гимарайнс майдонга тушишга тайёр бўлди. Бу 22 ёшли марказий яримҳимоячи ажойиб техникага эга, «Арсенал» ва «Атлетико» клублари қишда уни «Атлетико Паранаэнсе»дан сотиб олишга роса ҳаракат қилишди, аммо «Лион» спорт директори Жуниньонинг алоқалари ва берган ваъдалари ушбу трансферни ҳал қилди. Брунуни эслаб қолинг — бу ёш ҳавбекни катта келажак кутмоқда.
Тузар ва Гимарайнс / Squawka Football
Гимарайнс ўйиндаги ягона гол муаллифи бўлган Тузар билан биргаликда майдон марказида ҳукмронлик қилди ва улар «Ювентус» яримҳимоячилари Пьянич, Рабьо ва Бентанкурга айланиб олишга ҳам имкон беришмади. Айнан майдон маркази эгалланиши ўйин тақдирини ҳал қилди. Гимарайнс ўз жамоасида барчадан кўпроқ аниқ узатма берган футболчи бўлди, унинг ўйин мобайнида берган барча узатмалари сони рақибнинг исталган яримҳимоячисиникидан кўпроқ эди.
У гол ёки голли пас муаллифи бўлмаган бўлсада, кўрсаткичлари шунчаки ажойиб: рақиб ҳудудидаги пасларининг 96,4 фоизи аниқ (ўйиндаги энг яхши кўрсаткич), 68 марта тўпга тегиниш, у бутун майдон бўйлаб ҳаракат қилган («Лион» футболчилари орасида энг яхши иккинчи кўрсаткич), 4 марта тўпни рақибдан олиб қўйган (ўйиндаги энг яхши натижа) ва 8 уринишдан 7 мартасида тўп учун курашда ғолиб келган (ўз жамоасида 2-кўрсаткич).
«Лион» спорт директори Жуниньо буни шундай изоҳлайди: «У майдондаги барча ҳолатни кўриб туради: нима бўлишини олдиндан билади». Бразилия ёшлар терма жамоаси сардори учун французлар 20 миллион евро тўлашди, унинг Европа майдонларидаги илк чиқиши жуда зўр чиқди – ёзда уни икки баробар қимматга сотиш ҳам мумкин.
Қуйидаги видеопарча ҳам Бруну ўйин давомида қандай ҳаракатланганини кўрсатади. Унинг ҳимоядан бундай совуққонлик билан ҳужум бошлаши олқишларга сазовор.
Ғалаба голи 22 ёшли яримҳимоячи Люка Тузар томонидан урилди – у «Лион» сафида тўрт йил муқаддам дебют қилган, бу қишда французлар уни 25 миллион евро эвазига «Ҳерта»га сотишди. Аммо Тузар мавсум охирига қадар жамоада ижара асосида тўп суришда давом этади – энди унинг нархи кўтарилгани шубҳасиз. У Чемпионлар лигаси ўйинларида дарвоза сари аниқ йўллаган уч зарбасидан иккитаси голга айланган, иккиси ҳам – плей-оффда: ўтган йили «Барселона»га қарши ўйинда ҳам у мезбонларнинг голига муаллифлик қилганди (тўғри, ўшанда 1/8 финалнинг жавоб ўйинида французлар 1:5 ҳисобида ютқазишган), иккинчиси энди.
Унга ассистни Уссем Ауар узатди – 21 ёшли ҳамкасби: «Лион»нинг ЕЧЛдаги сўнгги 5 голидан учтаси унинг иштирокида рўй берган. Келиб чиқишига кўра жазоирлик бўлган бу футболчи ЕЧЛда қаторасига иккинчи мавсум камида учта голли узатма муаллифи бўлмоқда: ўтган мавсум у «Шальке»га қарши ўйинда битта, «Ҳоффенҳайм»га қарши ўйинда иккита голли узатма берганди, бу мавсумда эса – «Лейпциг», «Бенфика» ва «Ювентус» билан ўйинларда биттадан.
Айнан Ауар – Skill of the Day муаллифи бўлди, «Реал», «Сити», Криш, Дибала ўйнаган кунда. У айнан Дибалани текшириб кўрди.
Етакчининг йўлдан олиниши
Ҳар сафар «Ювентус» ютқазганида, ижтимоий тармоқларда «Ювентус» Роналдунинг даражасига мос эмаслиги ҳақида тўлқин кўтарилади. Бундай гаплар билан баҳслашишнинг ўзи кулгили, чунки туринликлар кўп гол уришади, кўп ўйинларда ютишади, йўқотишлар эса ҳар қандай жамоада бўлади. Аммо статистика алдамайди: Криштиану «Юве»га келгач жамоа ЕЧЛ плей-офф босқичидаги 5та ўйинда 5та гол урган ва барчаси — португалиялик футболчи ҳисобига ёзилган.
Фото AFP
Бу ўйинда нафақат Роналду, балки жамоа ҳужум чизиғининг барча вакиллари ўйиндан узиб қўйилди. Дибала — дарвоза сари жами 2та зарба йўллади, Куадрадо — ноль, Роналду — 4та. Лекин «Ювентус» футболчиларининг ҳеч бири дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллай олишмади, бу эса шуни англатадики, яримҳимоя чизиғидагилар ҳужум вакилларини ўз вақтида аниқ пас билан таъминлай олишмаган.
Бунга намуна сифатида 84-дақиқадаги ҳолатни ҳам келтириш мумкин, Криштиануда ўйин мобайнидаги ягона голли вазият юзага келганди. Рэмси португалиялик футболчини кўзлаб рақиб жарима майдонига тўп узатди, аммо Роналду тўпни қабул қила олмади ва елкаси билан зарба берди.Бу эпизодда Денайер Криштиануни енгилгина туртди, аммо бу А Серия эмас — Чемпионлар лигасида очиқчасига «Ювентус» фойдасига пенальти қўйиб беришмайди.
Тўхтаган серия
WhoScored статистика сайти Криштиануга бу ўйин учун 6,0 балл қўйди. Энг ёмон балл — икки жамоа таркибидаги бирор футболчи бундан паст баҳо олган эмас. Туринликлар дарвозабони Шченсни ва ўйин охирида захирадан майдонга туширилган Бернардескида ҳам шунча. Албатта, бу ҳисоб-китоблар асосида жиддий хулоса чиқармаслик керак, WhoScored сайтининг баҳолаш мезонлари баҳсли. Аммо Роналду чиндан ҳам ўз даражасидан паст ўйин кўрсатди. Тўрт зарба: иккитаси ҳимоячилар томонидан тўсилди, биттаси (биринчи бўлимда) — дарвоза тўсини ёнидан ўтиб кетди, яна биттаси (финал ҳуштаги чалинишига бир дақиқа қолганида) — шунчаки юқоридаги тўпга бош билан тегинишга уриниш бўлди.
Криштиану бу йилда биринчи марта гол уролмади. Португалиялик футболчи Италия чемпионати доирасида ўзи майдонга тушган қаторасига 11 ўйинда камида биттадан гол урди, аммо Чемпионлар лигасининг бу мавсумида унинг иши юришмаяпти: еврокубокда 7 ўйин ва 2 гол. Лекин «Ювентус» ўтган мавсумда ҳам 1/8 финалнинг илк ўйинида «Атлетико»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган, Туриндаги жавоб учрашувида Роналду ҳет-трик қайд этиб, жамоани қутқарганди. Бу сафар нима бўлади?
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...