22:31 / 04.04.2021
3 492

Бозоровнинг бозори чаққон, Бердиевда яна янги "топилмалар" бор!

Бозоровнинг бозори чаққон, Бердиевда яна янги "топилмалар" бор!
Кеча “Насаф” жамоаси “Турон”ни тор-мор келтириб, жорий чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритди. “Аждарлар” бунгача кимлар билан ўйнаганини эсланг. Аввалига Ўзбекистон Суперкубогида “Пахтакор”га ютқазди. Суперлиганинг дастлабки турида яна “Пахтакор” билан ўйнади. Драматик тарзда кечган баҳсда “Насаф” 2:0 ҳисобидаги ғалабасини якунда 2:3 га айлантириб қўйди. Кейин АГМК ва “Навбаҳор” билан муроса кўчасини танлади.

Ҳа, “Насаф”нинг рақиблари анча жиддий эди. Учта турда бир мағлубият ва икки дуранг қайд этган қаршиликларни тўртинчи турда “Турон” билан учрашув кутиб турганди. Учрашув менда шундай таассурот қолдирдики, “Насаф” олдинги ўйинлардан тўпланиб қолган бор аламини “Турон” билан беллашувда чиқариб юборгандек туюлди. Суперлига дебютанти қаршилик кўрсатишга уринди, фақат биринчи голга қадар. Шундан сўнг, “Насаф” “Турон”ни “сочиб” юборди. Бундай ўйиндан кейин “Насаф” барибир “Насаф”лигича қолаверади, деган фикрлар хаёлларимизда бонг урмоқда. Ваҳоланки, ўтган йили сюрприз кўрсатиб, иккинчи ўринни олган Рўзиқул Бердиев жамоаси янги мавсум учун қишки йиғинда қандай муаммоларга дуч келганини барча билади.

Мураббий етарли даражада қўллаб-қувватланмади, таркибдаги етакчилар кетиб қолишди. Уларнинг ўрни янги ўйинчилар билан тўлдирилмади. Фақат Марко Станоевич катта қийинчиликлар билан ортга қайтарилди. Бердиев яна одатдагидек тарбияланувчиларига эътибор қаратишга мажбур. Унинг салоҳияти ҳақида гапириш энди ортиқча, ахир Рўзиқул Саъдуллаевич аллақачон қандай мураббийлигини исботлаб бўлган. Фақат шунга яраша унга етарлича далда бўлмадилар.

Ҳаттоки, яқингача ҳам унинг клуб бош менежери Сергей Кучеренко билан муносабати у қадар яхши эмаслиги ҳақида эшитиб келдик. Аммо булар қанчалик ростлиги бизга қоронғу. Бироқ шуни айтишимиз мумкинки, клубдаги мавжуд вазият юзасидан жаноб Кучеренко билан суҳбатлашиш истагимиз борлигини ўзига январь ойидан бери билдириб келамиз. Негадир шундан бери тутқич бермай келяпти. Майли, нима бўлганда ҳам Бердиев қийин вазиятда жамоани ташлаб кетмади ва ўзи учун тўғри деб билган йўналиш бўйича ишини давом эттиряпти. Лекин ишонинг, унинг ўрнида бошқаси бўлганида аллақачон клубни ташлаб кетган бўларди. Қайтанга, мураббий янгидан-янги ёшларни етиштиришни давом эттиряпти. Шунчаки, ҳар қандай мураббий ҳам қилаётган меҳнатига яраша муносиб қўллаб-қувватлов, эътибор бўлмаса ачинади-да! Балки энди клубда шароитлар яхшиланиб, эътибор ортгандир, ҳар холда шунга умид қиламиз.

Энди Ойбек Бозоров ҳақида. Унинг қанчалик потенциали юқорилигини бунгача ҳам кўрсатиб бўлган. У фақат ўсишда давом этяпти. Шунинг учун Ойбекнинг ўйинлари янгилик эмас, балки ривожланишга ҳаракат қиляпти, десак тўғрироқ бўлади. Воқеалар ривожи шуни кўрсатяптики, “Насаф”да яна бир келажаги порлоқ истеъдод эгаси ҳамманинг эътиборини тортмоқда. Бугунги кунга келиб Бозоровнинг бозори чаққон, десак айни ҳақиқат. Унинг ўйинларини хорижлик скаутлар кузатиб боришяпти.

Яқинда Чехиянинг “Славия” клуби унга қизиқиб қолганлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Ойбекни ўз сафида кўришни истаётган яна бир талай хориж жамоалари бор. Бу борада “Насаф” клубига расмий таклиф билан чиқаётганлари бўлса ҳам ажабланмаймиз. Ҳозирча футболчининг клуб билан шартномаси бор. Рўзиқул Бердиев айтганидек, Бозоров жамоага керак. Лекин кейинчалик катта эҳтимол билан фаолиятини легионер сифатида хорижда давом эттиришини тахмин қилиш мумкин. Ойбекка аллақачон Осиё клубларидан чорловлар бор, аммо футболчининг танловига ҳам кўп нарса боғлиқ.

“Насаф”ни тарк этган етакчиларнинг бугунги фаолияти қандай кечяпти, деган савол ҳам бор. Шароф Муҳитдинов “Пахтакор”да ўйнаб турибди. Бобур Абдухолиқов Украинанинг “Рух “ сафига қўшилган, аммо ҳали асосий таркибга кира олгани йўқ. Ёшлар жамоасида ўйнаб, гол уриб турибди. Ислом Кенжабоев эса Жанубий Кореяга кетдию, бироқ ҳали майдонда кўриниш бергани йўқ. Энди хорижга кетиш навбати Ойбек Бозоровга келганга ўхшайди. Фақат етти ўлчаб бир кесиши керак. Шошма-шошарликка йўл қўйилмаслиги ҳам муҳим. Унинг четга кетиши қачон амалга ошишини ҳозирча билмаймиз. Балки бу мавсум унинг учун “Насаф”да охиргиси бўлиши мумкин.

Ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда Бозоров борасида муҳим янгиликлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимол. Ҳаммаси унинг учун “Насаф”га қандай таклиф тушишига боғлиқ. Табиийки, футболчи масаласида клуб ҳам қулай таклиф бўлса, кўриб чиқиши мумкин. Рўзиқул Бердиевда эса яна янги “топилмалар” бор, ишонаверинг. Ушбу мавсумда одатдагидек мураббий “Насаф”да иқтидорларни кашф қилади. У ерда тизим мана шундай, ҳар йили янгидан-янги истеъдодлар улғайиб бораверади. Жамоанинг ўйини ва таркибига қаранг, оддий ўзимизни қора кўзлар, ҳали номи чиқмаган ёшлар. Бердиев эса ана шундай ёшлардан қандай жамоа қураётганини кўрсатиб беряпти. Ҳозирги шароитда шунчалик, агар таркибда янада маҳоратли ўйинчилар жамланганида бемалол чемпионликка...Майли, хаёлларга берилмайликда, ҳозирги реал вазиятга тик боқайлик.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бозоровнинг бозори чаққон, Бердиевда яна янги "топилмалар" бор!