19:30 / 19.06.2021
2 455

Абдусалом Азизов: «Болалар футболидан тортиб, барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқиш лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик»


Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси 19 июнь, шанба куни Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида бўлиб ўтди. Унда ЎФА президенти Абдусалом Азизов маросимни ўз нутқи билан очиб берди, дея хабар беради «Дарё».

"Ўзбекистонда ҳар томонлама ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда футбол ассоциациясида ҳам ислоҳотлар ўтказиляпти. Мана шу нуқтаи назардан муҳтарам президентимиз бошчилигида ўтказилаётган ислоҳотлар давлатимизда очиқлик, ҳамма нарсани муҳокама қилиш, жамоатчилик эътиборига етказиш биринчи навбатдаги вазифа қилиб қўйилган. Мана шу демократик очиқлик ислоҳотлари асосида футбол ассоциацияси навбатдан ташқари конгрессни ўтказади. Ушбу сиёсатга Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам содиқлигича қолади.

Футболдаги барча масалаларни жамоатчилик билан очиқ муҳокама қилиш йўлига ўтяпмиз. Шу жиҳатдан ФИФА, Осиё футбол конфедерацияси талаблари асосида Ўзбекистон футбол ассоциацияси низоми қайта ишлаб чиқилди. Бугун мана шу низом ҳақида суҳбатлашамиз. Кейинги масала сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги сайловларини ўтказиш тартиби билан ҳам танишамиз. Айтиш мумкинки, футбол ассоциациясининг янги низомида ҳам шаффофлик, очиқлик принциплари илгари сурилган. 


Футбол ассоциациясининг янги низоми ФИФА ва ОФКнинг янги, замонга мос таклиф ва талабларини тўлиқ ўз ичига олган, бу таклифларни қўллаб-қувватлайди. Ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга тайёрлигимизни билдиришимиз керак. Бутун дунёда ҳукмронлик қилаётган коронавирус пандемияси даврида ўзбек футболи халқаро тажрибани ўрганиб чиққан ҳолда фаол иш олиб борди. Мусобақалар барча хавфсизлик талабларини эътиборга олган ҳолда белгиланган максимал чоралар кўрилган ҳолда ўтказилаётганидан хабарингиз бор.

Маҳаллий, халқаро турнирлар етарли савияда ташкиллаштириляпти. Кейинги ҳафтада олдимизда Осиё Чемпионлар Лигасининг шарқ минтақасидаги иккита гуруҳ ўйинлари гувоҳи бўламиз. Ушбу ўйинлар Тошкентда бўлиб ўтади ва Осиё футбол конфедерацияси, ФИФА кўмагини алоҳида таъкидлашимиз керак.

Шу ўринда юртимиз ОАВларида ҳам футбол мавзуси кенг ва таҳлилий ёритилиши, журналистлар футболдаги жараёнларни нафақат кузатувчилари, танқидчилари бўлиб қолмасдан унинг фаол иштирокчиси бўлаётгани ҳам футбол ассоциацияси томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг тасдиғи бўла олади.

Футболда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Шу кунларда миллий терма жамоамизнинг мағлубияти мухлисларимизни жудаям ранжитди. Ушбу мавзу юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси бугунги йиғилишдан кейин ҳисобот беради ва терма жамоа ҳолатига баҳо беради.

Албатта, бу мағлубият сабаблари бир кунда юзага келмаган. У сабаблар чуқур ўрганилади. Болалар футболидан тортиб, барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик ва буни тан олишимиз керак. Футболда ишлаётган барча фахрийлар, мутахассислар, ишчи ходимлар бугун футболимиз ривожи учун ўзининг ёндашувини қайта кўриш вақти етиб келди. Энди бизнинг ортга йўлимиз йўқ", - деди ЎФА президенти Абдусалом Азизов.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдусалом Азизов: «Болалар футболидан тортиб, барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқиш лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик»