22:32 / 18.09.2021
769

«Сурхон» собиқ футболчиси клубнинг 4 нафар аъзоси томонидан калтакланганини айтди

«Сурхон» собиқ футболчиси клубнинг 4 нафар аъзоси томонидан калтакланганини айтди
Ижтимоий тармоқларда «Сурхон» собиқ футболчиси, 24 ёшли Жавоҳир Эсонқулов калтакланганлиги юзасидан тегишли органларга мурожаат қилгани тўғрисидаги видео тарқалди.

Футболчининг сўзларига кўра, у ва Акром Хўжаевни Термиз клуби спорт директори Абдумажид Тоиров, директорнинг ўғли, жамоа сардори Асрор Ғофуров ва жамоа мураббийи биргаликда дўппослаган.

«Сурхон» жамоаси матбуот хизмати тарқалган видеога расмий муносабат билдирди. Қуйида ушбу баёнот тўлиқлигича тақдим этилади.
Бунда бир неча дақиқа олдин ижтимоий тармоқлар орқали «Сурхон» клуби собиқ футболчиси Жавоҳир Эсонқулов ўзини калтаклагинликларини юзасидан тегишли органларга мурожаат қилганлиги тўғрисидаги видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирибди. Ушбу видеода келтирилишича, гўёки футболчини клуб аъзолари калтаклашган.

Воқеликни бошидан бошлаймиз:
1. «Сурхон» клуби ва собиқ футболчи Жавоҳир Эсонқулов билан тузилган меҳнат шартномаси 2021 йилнинг 21 июль куни ҳар иккала томоннинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган ва футболчи клубдан ҳеч қандай молиявий эътирози йўқлиги ҳақидаги расмий ҳужжатга қўл қўйиб, тасдиқлаб берган. Шундан сўнг футболчи ЎзПФЛ рўйхатидан чиқарилган.

2. Собиқ футболчи шартнома бекор қилинган бўлса-да, клуб офисига доимий ташриф буюриб, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлаган.

3. Собиқ футболчилар Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаевлар ўзаро тил бириктириб, клуб офиси эшиги ёнида клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар билан унинг шахсини камситган.

4. Клубдаги бу вазиятлардан хабар топган жамоа сардори Асрор Ғофуров вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳар иккала футболчини клуб офисига олиб келган ва ушбу сўзларни нега ёзганлиги бўйича изоҳ сўраган. Дастлаб, футболчилар ушбу сўзларни улар ёзмаганликларини айтишган, лекин уларнинг ҳар бир ҳаракати клуб офисида ўрнатилган кузатув камераларида ёзиб олинган.

5. Жамоа сардори Асрор Ғофуров футболчиларга шу жамоада ўйнаб, шу жамоанинг нонини еб, тузлигига тупурмаслик кераклигини тушунтирган ва ўртада зиддият пайдо бўлган ва иккала футболчи бир-бирлари билан муштлашиб кетишган.

6. Клуб спорт директори А.Тоиров ва клуб биринчи вице-президенти А.Абдураҳмонов ҳар иккала футболчини ажратишган ва уларни яраштириб қўйишган.

П.С.: собиқ футболчилар Ж.Эсонқулов ва А.Хўжаев ўз айбига иқрор бўлиб, ёзма равишда узр сўрашган (Видео ва фото ёзмалар илова қилинади).

Фото: «Сурхон»

Фото: «Сурхон»
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев ҳам ўз фикрини билдирди.

«Ҳақиқатан ҳам кеча кечқурун бу борада мурожаат қилган. Қарздорлик бўлган. Футболчи ва клуб икки томонлама шартномани бекор қилган. Унга қарздорлик миқдорини тўлаб бериши керак бўлган. Футболчилар ойлик муносабатида юзланишганида қандайдир тушунмовчилик бўлган. Жавоҳир Эсонқуловга қўл кўтаришган. Вазиятнинг энг ёмон томони, "Сурхон" клубида ўйнаб турган футболчининг ҳам бўлгани. Ушбу масалада Ўзбекистон футбол ассоциациясига хат билан чиқдик. Тартиб-интизом қўмитаси ва тегишли равишда чоралар кўрилиши бўйича мурожаат қилдик. Асосий футбол органида, вазият футбол субъектлари ўртасида бўлгани учун ўша ерда ҳал қилиниши тарафдоримиз», — деб Камолиддин Мурзоевнинг гапларини келтирмоқда «Championat.asia».

Маълумот учун, Жавоҳир Эсонқулов фаолиятини «Металлург»да бошлаган. Бундан ташқари, у «Бунёдкор», «Қўқон-1912», «Насаф» каби жамоалар шарафини ҳам ҳимоя қилган. 2021 йилда эса «Сурхон»га ўтган. Жамоа сафида 5 та ўйинда иштирок этган. 2021 йилнинг 21 июль куни футболчи жамоа билан шартномасини бекор қилган. Ҳозирда Эсонқулов эркин агент ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » «Сурхон» собиқ футболчиси клубнинг 4 нафар аъзоси томонидан калтакланганини айтди
[/banner_pushhouse