УЕФА Конференциялар лигаси ғолиблигига асосий даъвогарлардан бўлган “Рома” гуруҳ босқичининг учинчи турида Норвегияда шарманда бўлди. Ушбу учрашув олдидан ғалаба қозониши кутилган римликлар 1:6 ҳисобида қақшатқич зарбага учради.
Рим дунёнинг тарихий мамлакати, қадимий пойтахт, катта империянинг маркази бўлган. “Будё-Глимт” жамоаси шарафини ҳимоя қиладиган Будё шаҳрида эса атиги 45 минг оли истиқомат қилади. Йилнинг аксарият қисмида совуқ ҳукмронлик қиладиган шу кичкина шаҳарча футболчилари футбол марказларидан ҳисобланган Римни тиз чўктирди.
Ўйиннинг биринчи бўлимини 2:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган “Будё-Глимт” футболчилари кейинги 45 дақиқаликда “Рома” футболчиларини шарманда қилиб ташлади. Жозе Моуриньо ўйинни қутқариб қолиш мақсадида, танаффусдан сўнг майдонга Элдор Шомуродов, Брайан Кристанте ва Генрих Мхитарянни ташлади. Кейинроқ, ёрдамга Тэмми Абрахам ва Лоренцо Пеллегрини қўшилди.
Бироқ, мезбонлар рақибнинг жанговар таркибини парчалаб ташлади ва яна тўртта гол урди. Даҳшатли ҳисоб – 6:1.
Жозе Моуриньо узоқ йиллик фаолияти давомида илк бор олтита тўп ўтказилган мағлубиятни қабул қилиб олди. Бунгача, португалиялик мутахассис шогирдлари кўпи билан бешта тўп ўтказган. Бу 2010 йили “Реал” ва “Барселона” ўйинида юз берган. Бу гал кичкинагина жамоа Моуриньони тиз чўктирди. “Наполи”га қарши бўладиган уй учрашувидан олдин, кайфият ер билан битта бўлгани аниқ.
Яна бир қизиқ маълумот – учрашувда дубль қайд этиб, учта голли пас узатган Эрик Ботхейм жаҳоннинг энг зўр ҳужумчиларидан бири Эрлинг Холанднинг яқин дўсти экан. 21 ёшли бу футболчи Норвегияда етишиб чиқаётган тўпурар ҳужумчилар авлодининг яна бир келажаги порлоқ вакилидир.
Айтишларича, Эрлинг Холанд “Будё-Глимт” жамоасининг ҳар бир учрашувини томоша қилар экан. Кечаги тарихий ўйин ҳам бундан мустасно эмас.
“Рома” учун йирик ҳисобдаги мағлубиятлар одатий ҳол ҳисобланади. Моуриньогача ҳам бу жамоа қақшатқич зарбаларни қабул қилиб олган. Сўнггиси 2019 йили Италия кубогида “Фиорентина”дан қабул қилиб олган – 1:7. Худди шу ҳисоб Еврокубокларда “Манчестер Юнайтед” ва “Бавария” билан ўйинларда ҳам қайд этилган.
Ўтган йили илк маротаба Норвегия чемпионати ғолибига айланган “Будё-Глимт” футбол оламида энг шимолий ҳудуддан чиққан чемпион сифатида тарихга кирган.
“Будё-Глимт”га қарши ўйинда ЖозеМоуриньо шогирдларини қўллаб-қувватлаш учун совуқ ўлкага Римдан 400 нафардан зиёд ашаддий мухлис ташриф буюрди. Ғалаба илинжида келган италияликлар Моуриньонинг эксперименти – захира кучларидан фойдаланиш тактикаси туфайли қақшатқич мағлубият гувоҳига айланди. Тўғриси, иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган асосий футболчилар ҳам ҳеч нарсани қойиллатгани йўқ, аксинча ҳисоб йирик кўринишга келиб қолди.
- Мен шу таркибни танлаганим учун мағлубият учун жавобгарлик менинг бўйнимда. Яхши ниятда шундай қилган эдим. Машғулотларда кўп тер тўкаётган захирадаги ўйинчиларни майдонга туширдим. Ҳаво совуқ ва майдон сунъий қопламали бўлгани учун асосий таркибнинг аксарият футболчиларининг ҳордиқ чиқаришига имкон бердим, - деди Жозе Моуриньо.
Учрашувдан сўнг, “Рома” футболчилари мухлислардан узр сўраш учун улар жойлашган трибунага борди. Футболчиларнинг ўйини ва улар қайд этаётган натижадан норози бўлган фанатлар уларга бақир-чақир қилгани айтилмоқда.
Энди “Рома” якшанба куни А Сериянинг 9-тури марказий учрашувида мағлубиятсиз биринчи ўринда бораётган “Наполи”ни қабул қилади. Бу беллашув боши эгилиб қолган Жозе Моуриньо ва унинг шогирдлари учун мухлислар ва бутун Рим шаҳри аҳолиси олдида ўзини оқлаб олиш учун жуда яхши имкониятдир. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш