2 025
Анатолий Демьяненко: "Ўшанда "Насаф"ни халқаро саҳнада кўпчилик яхши билмасди. Финални албатта кўраман"
“Насаф”нинг 2011 йили Осиё саҳнасида муваффақият қозонишида шубҳасиз Анатолий Демьяненконинг меҳнати катта бўлган. Украиналик таниқли мутахассис Қаршидаги фаолияти орқали ўзбек футболида ҳам из қолдириб кетди.
Ҳалигача мухлислар Анатолий Васильевични яхши хотиралар билан эслашади. Айни пайтда Украина футбол федерациясида ишлаётган мутахассис билан боғландик. Бунинг асосий сабаби “Насаф”нинг ОФК Кубогидаги ғалабаси билан боғлиқ эди. Чунки ўша финалга 10 йил тўлди. Шу боисдан Sports.uz мухбири Демьяненко билан алоқа ўрнатди. Суҳбат эса жуда очиқ ва самимий руҳда кечди.
- Анатолий Васильевич, собиқ клубингиз “Насаф”нинг ОФК Кубоги финалига чиққанидан хабарингиз борми?
- Йўқ, аммо клубнинг финалга чиққанини сиздан эшитиб турибман ва бундан хурсандман.
- “Насаф” ярим финалда Гонконгнинг “Ли Ман” клубини катта машаққатлар эвазига ютди.
- Баракалла, қаршиликларни яна бир бор табриклаб қоламан. Тўғриси, бундан бехабар эканман...Чунки бизда бу хусусида маълумотлар кам.
- Бундан 10 йил муқаддам, 29 октябрь куни қўл остингиздаги “Насаф”нинг ОФК Кубогини ютганини эслаб турасизми?
- Албатта, эслаб тураман. Ҳар қандай ютуқ, айниқса, халқаро майдондагиси жуда бошқача бўлади. Боз устига ўшанда “Насаф”ни халқаро саҳнада кўпчилик яхши билмасди. Биз ўшанда ўзбек жамоалари орасида биринчи бўлиб ушбу турнирда ғалаба қозонишга эришгандик. Адашмасам, Қувайт клубини ўшанда 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринга эга чиққандик. Айтинг-чи, “Насаф” финалда кимга қарши ўйнайди? У қаердан ва учрашув қайси давлатда ўтади?
- Бу Баҳрайнинг “Ал-Муҳаррақ” жамоасидир. 5 ноябрь куни “Насаф” айнан Баҳрайнда шу клубга қарши майдонга тушади. Сизнинг бўлажак финал олдидан тахминингиз қандай?
- Клубга бўлажак ўйинда омад ёр бўлишини тилаб қоламан. “Ал-Муҳаррақ” клубининг қандай кучга эга эканлигидан бехабарман. Агар бу жамоа хусусида бироз бўлса ҳам маълумотга эга бўлганимдами, учрашув хусусида тахминимни айтган бўлардим. Умид қиламанки, “Насаф” 10 йил олдинги муваффақиятни такрорлай олади. Клубга омад тилаб қоламан. Агар ўзбек жамоаси яна бир бор ОФК Кубогини ютадиган бўлса, бу жуда зўр иш бўларди!
- “Насаф”ни бошқариб юрган кезларингизда Рўзиқул Бердиев ёрдамчингиз сифатида сизга кўмаклашган. Энди у 10 йил олдинги муваффақиятингизни такрорлашга жуда яқин турибди. Айтинг-чи, бирга ишлаб юрган кезларингизда Бердиевдан яхши мураббий чиқишига ишонармидингиз? Ахир у “Насаф” билан анча муваффақиятларга эришиб келмоқда...
- Албатта, ундан яхши мураббий чиқишига ишонардим. Қолаверса, “Насаф”дан кетишим арафасида клуб президенти Рўзиқулни сизга ворис бўлади, ундан албатта кўп нарсани кутиб қоламиз, деган гапларни таъкидлаб айтганди. Унинг қўл остида жамоа яна ўсди. Агар у 10 йил олдинги муваффақиятни такрорлай олса, бундан фақат хурсанд бўламан холос. Рўзиқул Бердиевга фурсатдан фойдаланган ҳолда сиз орқали салом йўллайман ва унга омад тилайман.
- Биласизми, “Насаф”да менежер сифатида ватандошингиз Сергей Кучеренко фаолият юритиб келмоқда...
- Ҳа, уни яхши биламан.
- У ҳолда Кучеренко билан алоқангиз борми?
- Ҳа, баъзи-баъзида қўнғироқлашиб турамиз. Ушбу суҳбатимиздан кейин унга албатта қўнғироқ қилишга ваъда бераман.
- “Насаф”нинг финал ўйинини томоша қилиш хоҳишингиз борми?
- Бўлмасам-чи! Интернет орқали финални қайси телеканалдан қидириб топиш мумкинлигини кўриб чиқаман ва ўйинни ўтказиб юбормаслик пайида бўламан. Демак, 5 ноябрь, шундайми?
- Ҳа. Агар адашмаётган бўлсам, Украина футбол федерациясида ишлаётгандингиз. Ҳозир ҳам ўша ташкилотдамисиз?
- Ҳа, УФФ президентининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаяпман.
- Фаол мураббийлик фаолиятига қайтиш режангиз борми?
- (Кулади) Эҳтимол, энди қайтмасам керак. Яхшиси, ёшлар мураббий бўлиб ишласинлар.
- Ўзбекистон ва Украина терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этиш имкони борми?
- Албатта, мумкин! Ахир бу муаммо эмас. Фақат шарт-шароит шунга мос тушса ва икки томон ўзаро келишган ҳолда ФИФА кунларидан бирини танлаб олса кифоя.
- Ўзбек футболи ва терма жамоасини кузатиб турасизми?
- Йўқ. Чунки бизда чемпионатингиз ёки терма жамоангиз иштирокидаги ўйинларни намойиш этишмайди. Интернет орқали фақат натижалардан хабардор бўлиб тураман холос. Чунки Украина телевидениеси чемпионатингиз доирасидаги ўйинларни узатмайди. Юқорида айтганимдек, интернет орқали натижалар билан қизиқиб тураман.
- Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасини Сречко Катанец бошқаряпти...
- Ҳа, уни биламан. Словениялик яхши мутахассис. Демак, Катанец терма жамоангизда яқиндан бери ишлаётган экан-да...
- Қўл остингизда “Насаф”да тўп сурган ҳужумчи Илҳом Шомуродовни эслай оласизми? Ҳозир “Рома” шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродов эса унинг қариндоши ҳисобланади. Буни биласизми?
- Илҳомни яхши эслайман, албатта. Лекин Элдор унга қанақа қариндош бўлади, буни билмасдим.
- Илҳом Шомуродов Элдорга амаки ҳисобланади.
- Сизни тушундим. Элдор жуда яхши футболчи. Бежизга энди у Италия А сериясида ўйнамаяпти. Унга ҳам омад тилаб қоламан, албатта. Шунингдек, яна бир бор Рўзиқул Бердиевга бўлажак финалда омад ёр бўлишини истайман. Агар 5 ноябрь кунги финални интернет орқали қайси каналдан топиш мумкинлиги ҳақида менга маълумот юборадиган бўлсангиз, сиздан миннатдор бўлардим.
- Мен ҳам шуни ўйлаб турибман. Агар бу хусусида маълумот оладиган бўлсам, шу заҳоти сизга манзилини юбораман.
- Раҳмат. Мени хурсанд қилдингиз. Рўзиқулга номимдан алангали салом йўллаб қўйинг!
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди