2026 йил охирларида Моя исмли робот бозорда пайдо бўлиши мумкин

DroidUp компанияси Моя номли янги гуманоид роботини тақдим этди. У 165 см бўйга эга, вазни тахминан 32 кг экани, шунингдек тана ҳароратини 32–36°C оралиғида ушлаб туриши айтилмоқда. Бу деталь робот билан мулоқотда “тирикроқ” ҳиссиёт бериш учун қўшилгани таъкидланади.
Манбаларга кўра, Моя атрофни идрок этиши, юзларни таниши, мимика ва микроифодаларни кўрсатиши, суҳбатдош билан кўз алоқасини ушлаши каби функцияларга урғу берилган. Шу сабаб уни тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш каби одам кўп бўладиган жойларда ишлатиш режалари тилга олинмоқда.
Сотувга чиқиш муддати бўйича ҳам “2026 йил охири” атрофидаги тахминлар бор. Нарх масаласида эса манбаларда тафовут учрайди: айрим хабарларда 1,2 миллион иен (тахминан 7 800 доллар) дейилади, бошқа айрим манбаларда эса 1,2 миллион юань ҳақида ҳам гап боради — шунинг учун якуний нарх эълон қилинмагунча бу рақамларни эҳтиёткорлик билан қабул қилиш керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!