Сунъий интеллект ривожи маълумотларни сақлаш инқирозини келтириб чиқарди

Сунъий интеллект бозорининг жадал ўсиши кутилмаган муаммоларни юзага келтирди. НАНД-хотира ва қаттиқ дисклар (ҲДД) тақчиллиги туфайли юқори сиғимли сақлаш қурилмалари нархи баъзи жойларда уч бараваргача ошиб кетди. Бу ҳолат айниқса Интернет Арчиве каби рақамли меросни сақлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга оғир таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Интернет Арчиве ҳозирда 210 петабайтга яқин маълумотни сақлайди ва ҳар куни ўз архивини 100 терабайтга бойитиб боради. Бироқ, ташкилот асосчиси Брюстер Кейлнинг таъкидлашича, 28–30 TB сиғимли дискларни топиш жуда қийинлашган. Мавжудлари эса одатдагидан анча қиммат нархда сотилмоқда.
Викимедиа Фоундатион ҳам худди шундай қийинчиликларга дуч келмоқда. Ташкилот вакиллари нафақат хотира қурилмалари, балки серверлар етказиб беришдаги узилишлар ва келажакдаги харидларни режалаштиришдаги ноаниқликлар ҳақида хавотир билдирмоқда.
Қўшимча муаммо сифатида веб-сайтлар томонидан ботларга қўйилаётган чекловларни келтириш мумкин. Сайт эгалари ўз маълумотлари сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун рухсатсиз йиғилишидан қўрқиб, барча турдаги ботларни, жумладан, рақамли тарихни сақлашга хизмат қилувчи фойдали ботларни ҳам блокламоқда.
Натижада, архив лойиҳалари ҳам қимматлашган ускуналар, ҳам маълумотларга киришдаги техник тўсиқлар туфайли жиддий инқирозга юз тутмоқда. Бу ҳолат интернетдаги маълумотлар хавфсизлиги ва келажак авлод учун рақамли хотирани сақлаб қолиш имкониятларини чеклаб қўймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!