AMD ҳам видеокарталар учун компонентлар нархини ошириши кутилмоқда

Жаҳон бозорида хомашё нархи ошиб бораётгани сабабли AMD компанияси график процессорлари ва хотира жамланмалари харид нархларини камида 10 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Асосий рақобатчи бўлган NVIDIA ўз маҳсулотлари нархини 30 фоизгача ошириб юборганидан сўнг, AMD ҳам ушбу ўзгаришларни кучга киритишга қарор қилди.
Жаҳон бозорида қисмлар ва технологик хомашё қийматининг кескин ўсиб бориши фонида йирик яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчилари нарх сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Боард Чаннелс Форуms манбаларига таяниб хабар беришича, AMD компанияси ўзининг график процессорлари ҳамда хотира жамланмалари учун харид нархларини камида 10 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Ушбу ўзгаришлар якуний истеъмолчилар учун технологик қурилмалар қимматлашишига олиб келиши мумкинлиги боис бутун бозор эътиборини тортди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Маълум қилинишича, ҳамкорлар учун мўлжалланган «GPU + хотира» тўпламлари нархининг ошиши бўйича қарор аслида ўтган ойнинг ўзидаёқ қабул қилинган эди. Бироқ ўша пайтда бозор талабининг пастлиги, дистрибюторлар омборларида маҳсулотлар етарлича захирада сақланаётгани ҳамда нарх сакраши савдоларга салбий таъсир кўрсатишидан чўчишгани сабабли AMD бу қадамни вақтинча ортга сурган эди.
Nvidia ортидан ташланган қадам
Вазиятнинг кескин тус олишига асосий рақобатчининг ҳаракатлари сабаб бўлди. ixbt.com маълумотига кўра, NVIDIA ўз маҳсулотлари нархини сезиларли даражада — 30 фоизгача ошириб юборган. «Яшиллар» нафақат GPU ва DDR6 хотира тўпламлари, балки энг сўнгги авлодга мансуб DDR7 хотира жамланмалари қийматини ҳам кўтарган. Шундан сўнг AMD ҳам ўз нархларини ушлаб туришни маъқул топмади ва охир-оқибат ўзгартиришларни кучга киритишга қарор қилди.Янги нарх сиёсатига кўра, Radeon видеокарталарини ишлаб чиқарувчи ҳамкорлар компонентларни қимматлашган қийматда харид қилишни бошлайдилар. Таъкидлаш жоизки, гап ҳозирча тайёр маҳсулотларнинг тавсия этилган чакана нархлари эмас, балки айнан ишлаб чиқарувчи ҳамкорлар учун мўлжалланган бутловчи қисмлар қиймати ҳақида бормоқда.
Истеъмол бозорига таъсири қандай бўлади?
Компонентлар таннархининг ошиши автоматик равишда магазинлардаги тайёр видеокарталар нархи ҳам айнан ўн фоизга қимматлашишини англатмайди. Гап шундаки, график процессор ва хотира қурилманинг умумий таннархининг фақат бир қисмини ташкил этади. Шунинг учун якуний харидор учун ўсиш кўрсаткичи бундан пастроқ бўлиши ҳам мумкин.Бироқ мутахассислар акс садо берувчи бошқа омилларни ҳам истисно этишмаяпти. Агар бошқа зарур қисмлар, жумладан, ҳатто қадоқлаш материаллари ҳам қимматлашишда давом этса, истеъмолчилар учун нархлар кутилганидан ҳам юқорироқ даражада ўсиб кетиш эҳтимоли йўқ эмас. Бозор иштирокчилари яқин ойларда видеокарталар сегментида нархларнинг умумий қимматлашиш даврини бошдан кечиришга ҳозирлик кўрмоқда.






























Изоҳлар 0
…