Shopify: сунъий интеллект қидируви савдони оширмоқда

Shopify дўконларига келувчи сунъий интеллект трафиги ва буюртмалар ҳажми иккинчи чоракда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баравар кўпайди. Компания даромади 36 фоизга ўсиб, 3,6 миллиард долларни, ялпи операцион фойдаси эса 31 фоизга ошиб, 1,71 миллиард долларни ташкил этди.
Электрон тижорат дастурий таъминотини ишлаб чиқарувчи Shopify компанияси сунъий интеллект технологияларининг оммалашувидан сезиларли даражада фойда кўра бошлади. ixbt.com маълумотига кўра, иккинчи чоракдаги молиявий ҳисобот йиғилишида компания президенти Харли Финкелштейн сунъий интеллект қидирувни алмаштираётгани йўқ, аксинча унинг самарали тўлдирувчисига айланиб, айниқса кичик товар ишлаб чиқарувчилар ва савдогарларга катта наф келтираётганини таъкидлади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Сўнгги пайтларда сунъий интеллектга асосланган қидирув тизимлари ва хулосалар онлайн нашрлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, сайтларга ўтиш коэффициенти ва реклама даромадларининг тушиб кетишига сабаб бўлаётган эди. Бироқ Shopify бу борада мутлақо тескари тенденцияни кузатмоқда. Компания юқори молиявий кўрсаткичлар ва даромадлар ўсишини қисман айнан сунъий интеллект қидируви билан боғламоқда.
Молиявий муваффақиятлар ва савдо ўсиши
Келтирилган маълумотларга кўра, иккинчи чоракда Shopify дўконларига келувчи сунъий интеллект трафиги ва буюртмалар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баравар кўпайган. Қизиғи шундаки, бу ўсиш анъанавий қидирув тизимлари улушини камайтириш эвазига содир бўлгани йўқ. Финкелштейннинг сўзларига кўра, анъанавий қидирув ҳамон харидорларни жалб қилувчи асосий манбалардан бири бўлиб қолмоқда ва у ҳам ўсишда давом этмоқда.Шунингдек, сўнгги икки йил ичида анъанавий қидирув сеанслари 1,3 баробарга ошиб, дўконлардаги барча ташрифларнинг қарийб учдан бир қисмини сақлаб қолган. Молиявий натижаларга келсак, ушбу даврда компания даромади 36 фоизга ўсиб, 3,6 миллиард долларни ташкил этди ва Валл Стреэт прогнозларидан юқори келди. Ялпи операцион фойда эса 31 фоизга ошиб, 1,71 миллиард долларга етди.
Сунъий интеллект нима учун самара бермоқда?
Shopify раҳбарияти сунъий интеллект асосидаги қидирув нима сабабдан электрон тижоратда яхши ишлаётганини ҳам тушунтириб ўтди. Анъанавий қидирув тизимлари калит сўзлар ва оммабопликка таяниб маҳсулотларни рейтингга қўйса, сунъий интеллект агентлари каталог ичига чуқурроқ кириб боради ҳамда тузилган маълумотлар ёрдамида харидорнинг аниқ ниятини тушуниб ишлайди.Мисол учун, харидор сунъий интеллект ёрдамчисидан седан машинасига мос келадиган энг яхши болалар ўриндиғини сўраса, анъанавий қидирув фақат «болалар ўриндиғи» калит сўзига эътибор қаратади. Сунъий интеллект эса ўлчамлар, автомобил тури ва бошқа барча талабларни бир вақтнинг ўзида инобатга олган ҳолда, ҳақиқатан ҳам мос келадиган маҳсулотни топиб беради. Айнан шу кўп ўлчовли қидирув имконияти савдогарлар учун конверсия кўрсаткичларининг кескин яхшиланишини таъминламоқда.






























Изоҳлар 0
…