20:17 / 28.06.2018
3 849

VAR ҳақида: Хатонинг ҳақиқий эгаси

VAR ҳақида: Хатонинг ҳақиқий эгаси
Россияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида ҳакамлар видеотакрорлардан фойдаланаётганидан хабарингиз бор. Ушбу янгилик ҳар ким томонидан турлича қабул қилинаётганлиги табиий. Ўйиндаги узилишларни рўкач қилиб, бу янгиликка тамоман қаршилар ҳам бор, улар билан баҳслашиш шарт эмас, бу борада фикрим қатъий — адолат ҳақида гап борганда, ўйин суръати ҳақида фикр юритишдан маъни йўқ. Бу ҳақида Равшан Эрматовнинг ажойиб фикри кифоя: «бир хато устида ўн йил тортишиб юргандан, бир дақиқа ўйинни тўхтатиб, уни жойида тўғрилаган афзал».

Мисол учун, жаҳон чемпионатида жуда кўп пенальти белгиланяпти. Рекорд даражада. Ва бу пенальтиларнинг деярли ҳаммаси VAR (видеотакрор тизими) ёрдамида белгиланмоқда. Гўёки, айнан мана шу тизим аслида нормал ҳолатда пенальти бўлмаган вазиятларни пенальтига айлантириб қўяётгандек тасаввур уйғотмоқда. Аммо бир муҳим жиҳатни эътиборга олиш керак – бу тизимда ҳакамнинг қарорини ўзгартириш ёки ҳакамни бошқариш кўзда тутилмаган. Ҳакам ўзига ишонмаётган, вазиятни аниқ кўра олмаётган пайтларда видеотакрор орқали керакли ракурсда вазиятни кўриш имконига эга бўляпти холос. Яъни кеча, Жунайт Чақир Аргентина дарвозасига белгилаган биринчи пенальтида ҳам, белгиламаган иккинчи пенальтида ҳам тамомила мустақил қарор чиқарди. Фақат шу қарор учун видеотакрордан тасвирларни кўриб олди холос.

Хўш, видеотакрорлар қандай вазиятлар учун қўлланилмоқда?


ФИФА ташкилотининг расмий сайтида бу аниқ ва содда шаклда тушунтириб берилган. Видеотакрор асосан қўйидаги тўрт хил ҳолатни аниқлаштиришда қўлланилиши белгиланган.

Голнинг ҳаққонийлигини аниқлаш. Мисол учун, футболчи офсайдда қолган ҳолатда ёки қоида бузиш орқали рақиб дарвозасини ишғол қилса, видеотакрордан фойдаланган ҳолда, ҳакам қарор чиқариши, дастлабки қарорини ўзгартириши мумкин. Тўп дарвозага киргач, ўз-ўзидан ўйинда узилиш содир бўлади, яъни бу ерда ўйин суръатининг тушиши ҳақидаги гаплар ортиқча.

Пенальтини бор ёки йўқлигини аниқлаш. Пенальтининг белгиланиши ёки белгиланмаслиги ҳам ўйин натижасига таъсир қиладиган муҳим қарорлардан бири. Жарима майдонида қоида бузилгани ёки бузилмагани видеоассисент ёрдами билан аниқлаштирилиши мумкин.

Қизил карточка. Қизил карточкага лойиқ қоида бузилиши ёки вазиятнинг қизил карточкага «тортмаслиги»ни аниқлаш учун ҳам, видеотакрорга мурожаат қилиниши мумкин. Бу ерда фақат тўғри-тўғри қизил карточкалар назарда тутилган, иккинчи сариқ карточка эмас. Масалан, Эронга қарши ўйинда Криштиану Роналдуга видеотакрордан кейин сариқ карточка кўрсатилди. Аслида, тизим сариқ карточка кўрсатиш учун эмас, қизил карточка бор ёки йўқлигини аниқлаштириш учун қўлланилган эди. Қизил карточкага тортмаслиги маълум бўлгач, сариқ карточка билан кифояланилди.

Футболчиларни чалкаштириб юбориш. Мисол учун, ҳакам қоида бузган ёки рақибини урган бир футболчи қолиб, ёнида турган шеригини жазолаб юбориши, бутунлай бошқа одамга сариқ ёки қизил карточка кўрсатиб юбориши мумкин. Бу ҳолат ҳам видеотакрор ёрдамида тузатилади.

Тўп майдон ташқарисига кимдан чиқиб кетди? Майдон марказида қоида бузилдими ёки йўқми? Бу футболчига сариқ карточка кўрсатиш керакми ёки йўқми? Шу ва бошқа саволлар билан видеоассисент шуғулланмайди.

Энди тизимнинг ишлаш тамойилларига ўтамиз.

Фото: REUTERS
Биринчи босқич: Бош ҳакам юқоридаги тўртликка кирадиган маълум бир вазиятда видеотакрорга мухтож бўлиб қолса, ишора беради. Ёки видеоассисент бирор вазиятда ҳакам адашганини кўрса, ҳакамга ушбу вазиятни видеотакрорда қайта кўришни тавсия қилади.
Иккинчи босқич. Бир неча камерадан лавҳаларни кузатиб ўтирган ёрдамчи энг мақбул ракурсдаги видеони майдон четидаги мониторга жўнатади.
Учинчи босқич. Ҳакам видеони кўриб, ўз қарорини айтади. У видеотакрорни кўргандан сўнг, дастлабки фикрида қолиши ҳам, видеоассисентнинг маълумоти асосида қарорини ўзгартириши ҳам мумкин.

Мисол учун. Тўп дарвозага киритилди, ҳакам офсайд бор ёки йўқлигига шубҳаланса, видеотакрорни кўриб, қарор қилишни исташи мумкин. Ёки бош ҳакам гол деб ҳисоблади, лекин видео олдида ўтирган ёрдамчи офсайд бўлганини кўрди. Ёрдамчи бош ҳакамга офсайд бўлганини айтади. Бош ҳакам ёрдамчи тавсияси билан такрорий лавҳани кўради. Ва қарорини ўзгартириши ёки ўзгартирмаслиги мумкин.

Мана шу.

Энди қайсидир вазиятда ҳакам ўз қарори билан пенальти белгиласа-ю, видеотакрорга мурожаат қилмаса, айбдор сифатида VAR ни кўрсатмаслик керак. Бош ҳакамда вазиятни аниқроқ баҳолаш имконияти бўлганди. У бундай фойдаланишни истамади, ўзига мутлақо ишонди. Агар якуний қарор хато бўлган тақдирда ҳам, фақат ва фақат бош ҳакамни маломат қилиш мумкин холос.

Бу ерда бир нозик жиҳатни таъкидлаш керак. Ҳакам майдонда икки йўналишда иш олиб боради – вазиятни АНИҚЛАШ (яъни кўриш) ва вазиятни БАҲОЛАШ. Видеотакрорлар тизими, асосан ҳакамга вазиятни аниқлашда дастак бўлади. Ҳакам видеотакрор орқали тўп қўлга теккани ёки тегмаганини аниқлаши мумкин, аммо баҳолаш барибир ўзида қолади. Аргентина – Нигерия ўртасидаги ўйинда Маркос Роҳо билан боғлиқ вазиятни эсланг. Тўп қўлга тегди, ҳакам буни видеотакрор орқали кўрди, аммо пеналбти белгиламади. Бошқа бир ҳакам мисол учун, айни шу ҳолатда пенальти деб баҳолаши ҳам мумкин эди. Бу ерда видеотакрорлар худди бош ва қанот ҳакамлари ўртасидаги алоқани таъминлайдиган аппарат сингари бир восита бўляпти холос.

Айтайлик ҳакам хато қилади. Бутун стадион, футболчилар, ҳатто ҳакамнинг ўзи ҳам трибуна тепасида турган монитордан такрорий лавҳани кўрадилар. ЖАРдаги Германия–Англия ўйинидаги Лэмпарднинг голини эсланг. Майли, стадионда такрорий лавҳа намойиш қилинмаган тақдирда ҳам, ҳар бир мухлис ёки мураббий вазиятни телефонда онлайн кўриб олиш имкониятига эга. Ҳакамнинг ўзи ҳам хатосини жуда тез тушуниб етади. Ўйин тугамасдан ҳакамнинг хатоси «бўйнига қўйилади». Табиийки у ҳам инсон, унга ҳам босим тушади.

Қаранг, ўйин давомида стадион ва ТВ қаршисидаги миллионлаб томошабинда вазиятни аниқ баҳолаш имконияти бор — дунёда фақат биргина инсонда бундай имконият йўқ. Айнан ўша биргина инсон айнан шу вазият учун қарор чиқаришга жавобгар. Абсурд эмасми?

«Ҳакамлар ҳам инсон, футболчилар каби хато қилишга ҳаққи бор», дейишади яна. Футбол хатолари билан гўзал эмиш... Биласизми, футболчи хато қилса, ўзи ўйнаётган жамоа зарарига хато қилади. Ҳакам-чи? Ҳакамнинг хатосида хато қилмаган тараф, яъни жамоалардан бири зарар кўради. Қани адолат? Ўша адолатнинг топилиши учун бир неча сония керак бўлса ҳам, кутишга тайёрман.

Хулоса қилиб, видеотакрорларнинг ижобий жиҳатларидан мавзуга алоқадор икки томонини айтиб, кетмоқчиман.

Биринчидан, бу тизим ҳакам қарорларини соғломлаштиради. Ўйин суръатии йилдан-йилга юксалиб бораётган бир пайтда, майдондаги ҳакам футболчилардан бир неча баробар кўп тер тўкишга тўғри келади. У Роналду билан бирга ҳужумга югуриши, агар Роналду тўпни олдириб қўйса, у билан бирга бошини чангаллаб ўтирмай, нариги жамоа ҳимоячиси билан бирга энди, нариги дарвоза томон югуриб кетиши керак. Шу билан бирга, маълум сонияларда жуда муҳим қарорларни чиқариши керак бўларди.

Тасаввур қилинг, ҳакам мана шу тезликда бирор вазиятни кўрмай қолди. Фарқи йўқ, у бу вазият учун қарор чиқариши шарт. Ўзига ишонадими, йўқми, вазиятни кўра олдими, кўрмай қолдими, фарқи йўқ, у бечора қарор чиқаришга маҳкум. Натижада, жамоалардан бири жабр чекиши, ҳакам эса, йиллаб эсланиб юрадиган вазият қурбонига айланиши мумкин.

Энди эса, қарорлар соғлом бўлади. Ҳакам вазиятни баҳолай олмаса, видеотакрорга мурожаат қилиш ва соғлом қарор чиқариш имконига эга. У видеотакрорларга мурожаат қилмадими, демак, ўша вазиятни аниқ кўрган, аниқ баҳолашга қодир бўлган — яна соғлом қарорга эга бўляпмиз.

Иккинчидан, энг муҳими, биз энди бош ҳакам аниқроқ қарор чиқариш учун имкониятга эга эканини билиб турамиз. Мабодо бирор жойда адашса, «ахир у ҳам инсон, хато қилиши мумкин-ку, ўн километрлаб югуради, ўша ракурсдан кўра олмасди, биз такрорий лавҳаларни кўриб фикр билдиряпмиз, у бечора нима қилсин» деб ҳакамларни оқламаймиз. «Кўра олмай қолса, видеотакрордан кўриши керак эди», деб тураверамиз.

Энди ҳакамлар камроқ хато қилганлари билан, хатоларнинг жавоби ҳам қаттиқроқ бўлади — чунки улар бу хатоларнинг ҳақиқий эгасига айланадилар.
Қаҳрамон Асланов.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » VAR ҳақида: Хатонинг ҳақиқий эгаси