Дунёда энг бахтли давлатлар: Ўзбекистоннинг ўрни маълум бўлди

Финляндия кетма-кет тўққизинчи бор дунёдаги энг бахтли мамлакат деб топилди. Марказий Осиёда эса бундай мақомга Қозоғистон эришди. Бу ҳақда давлатларнинг бахт даражасини акс эттирувчи "World Happiness Report 2026" рейтингида маълум қилинди.
Ҳисобот ҳар йили 20 март — Халқаро бахт куни муносабати билан эълон қилинади. Рейтингни тайёрлашда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот, умр кўриш давомийлиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эркинлик даражаси ҳамда коррупция омиллари инобатга олинади.
Рейтингда Финляндиядан кейинги поғоналарни Исландия, Дания, Коста-Рика, Швеция, Норвегия, Нидерландия, Исроил, Люксембург ва Швейцария эгаллаган. Мутахассислар Скандинавия давлатларининг етакчилигини юқори ижтимоий ишонч, тенгсизликнинг паст даражаси, ривожланган ижтимоий тизим, сифатли соғлиқни сақлаш ва таълим билан изоҳлайди. Шунингдек, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат ҳамда фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончи муҳим омил ҳисобланади.
Марказий Осиё давлатлари қуйидаги ўринларни эгаллади:
- Қозоғистон — 33-ўрин (10 поғона юқорилади)
- Ўзбекистон — 53-ўрин (ўзгаришсиз қолди)
- Қирғизистон — 66-ўрин (9 поғона юқорилади)
- Тожикистон — 88-ўрин (2 поғона юқорилади)
- Туркманистон рейтингга киритилмаган.
Қўшма Штатлар ўнталикка кира олмади ва ўтган йилги 24-ўриндан 23-ўринга кўтарилди. Россия эса 13 поғона пастлаб, 79-ўринни эгаллади. Украина эса ўтган йилги каби 111-ўринда қолди. Афғонистон 147-ўрин билан энг бахтсиз давлат деб топилди. Шунингдек, Сиэрра-Леоне, Малави, Зимбабве ва Ливан ҳам рейтингнинг қуйи поғоналаридан жой олди.
Тадқиқот доирасида 2026 йилда дунёнинг 29 мамлакатида 23 мингдан ортиқ респондент орасида сўров ўтказилди. Иштирокчилар 16 дан 74 ёшгача бўлган. Сўровда қатнашганларнинг 74 фоизи ўзини бахтли деб ҳисоблашини билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!