
Автомобиль саноатидаги технологик инқилоб етакчиларидан бири саналган Tesla компанияси Европа бозорида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Европа автомобил ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (ACEA)нинг сўнгги ойлик ҳисоботига кўра, 2024 йил апрел ойида Европанинг Иттифоқ давлатларида Tesla электромобиллари савдоси 5475 тагача тушиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 52,6 фоизга пасайган.
Агар ушбу ҳисоботга Буюк Британия ва Европа эркин савдо ассоциациясига аъзо давлатлар — Исландия, Норвегия ва Швейцария ҳам қўшилса, у ҳолда Tesla’нинг савдоларидаги умумий пасайиш 49 фоизни ташкил этган.
Бу ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Жорий йилнинг январь—март ойларида ҳам компания Европадаги сотувлари 45 фоизга пасайганини қайд этган эди. Бунда мутахассислар компаниянинг ЕИдаги бозор улуши 1,3 фоиздан 0,6 фоизга тушганини алоҳида таъкидлашмоқда. Бу рақамлар Илон Маскнинг компанияси Европа истеъмолчилари орасида ўз нуфузини аста-секин йўқотиб бораётганини кўрсатади.
Айни пайтда, умумий ҳисобда Евроиттифоқда электромобиллар савдоси 26,4 фоизга ошган. Бу эса экологик транспорт воситаларга бўлган талаб ўсишда давом этаётганини англатади. Аммо, шундай ижобий тенденцияга қарамай, Tesla бу ўсишдан деярли фойда кўра олмаган.
Умумий автомобил бозори бўйича эса, ЕИдаги савдолар 1,3 фоизга ошган. ACEA бундай ўсишни бозорнинг қисман тикланаётган белгиси сифатида баҳоламоқда. Аммо глобал иқтисодий беқарорлик туфайли вазиятда ҳануз ноаниқлик ҳукм сурмоқда.
Энг яхши натижани BMW Group қайд этган — уларнинг савдоси 9,8 фоизга ошган. Volkswagen Group 2 фоиз, Renault Group эса 1,1 фоизлик ўсишга эришган.
Tesla дунё миқёсида ҳам пасайиш кайфиятини ҳис қилмоқда. 2024 йилнинг биринчи чорагида компания 336,7 мингта автоулов сотишга муваффақ бўлди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоиз кам.
Таҳлилчилар бу пасайишга Илон Маскнинг шахсий имижи ҳам таъсир қилганини таъкидлашмоқда. Унинг сиёсий майдондаги фаоллиги, баҳсли баёнотлари ва турли можаролардаги иштироки мижозлар онгида брендингга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири бўлмоқда.
Tesla учун Европа бозоридаги вазият хавотирли кўриниш олмоқда ва компания учун стратегик қайта кўриб чиқишлар, янги ечимлар топиш вақти келгандек. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар