Плуг-ин гибридлар даври якунланмоқдами?

Автомобил саноатида узоқ вақт давомида анъанавий ички ёнув двигателлари ва тўлиқ электр транспорт воситалари ўртасидаги "олтин ўрта" ҳисобланган плуг-ин гибрид (ПҲEВ) автомобилларининг келажаги сўроқ остида қолмоқда. Кўплаб экспертлар ушбу технология ўзининг энг юқори чўққисига чиқиб бўлганини ва эндиликда пасайиш даври бошланаётганини тахмин қилишмоқда. Бу ҳақда Autocar.co.uk хабар беради.
Хитой дунё бўйлаб ПҲEВ ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича мутлақ етакчиликни қўлга киритган эди. 2025-йилга келиб, глобал миқёсдаги жами плуг-ин гибридлар савдосининг қарийб 76 фоизи айнан ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келди. BYD ва бошқа маҳаллий брендлар ушбу сегментда катта муваффақиятларга эришди.
Бироқ, жорий йилда бозор кутилмаган ўзгаришларга дуч келмоқда. Гарчи Хитой бозори ҳали ҳам кучли бўлса-да, глобал миқёсда истеъмолчиларнинг танлови ўзгармоқда. Технологик ривожланиш ва инфратузилманинг яхшиланиши натижасида кўплаб харидорлар оралиқ вариант бўлган гибридлардан воз кечиб, тўғридан-тўғри тўлиқ электромобилларга ўтишни афзал кўришмоқда.
Шунингдек, Европа ва АҚШ бозорларида ҳам ПҲEВ моделларга бўлган қизиқиш пасайиши кузатилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида гибрид тизимларнинг мураккаблиги ва уларга хизмат кўрсатиш харажатларининг юқорилиги кўрсатилмоқда. Эндиликда ишлаб чиқарувчилар бор эътиборини батарея қуввати билан ишлайдиган соф электр моделларга қаратишни бошлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!