
Фото: MIKHAIL METZEL/TASS
Пригожин Путин билан учрашувда ҳарбий бошлиқлардан шикоят қилган. Бу ҳақда нималар маълум?
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари, бизнесмен Евгений Пригожин президент Владимир Путин билан ўзаро суҳбатда Россия ҳарбий раҳбариятини танқид қилган ва қўмондонликнинг фронтдаги ҳарбий ҳаракатларни олиб боришдаги хатолари ва самарасиз бошқаруви ҳақида маълум қилган. Бу ҳақда Washington Post америкалик мулозимлар орасидаги аноним манбасига таянган ҳолда хабар берди.
Октябр ойи бошида газета Путиннинг атрофидагилардан бири россияликлар президентига тўғридан тўғри урушдаги хатолар ва муваффақиятсизликларни очиқ айта олгани ҳақида хабар берганди. Эндиликда Washington Post гап ўшанда айнан Пригожин ҳақида кетганига ойдинлик киритмоқда.
Washington Post иқтибос келтирган Америка разведкаси ҳисоботида у Россия мудофаа вазирлиги «Вагнер» зиммасига ҳаддан ташқари кўп масъулият юклаётгани, аммо молиявий қўллаб-қувватлов ва ҳарбий вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ресурслар тақдим этмаётганидан шикоят қилгани айтилган.

Евгений Пригожин «Вагнер»нинг ҳалок бўлган жангчилари дафн маросимида. Волгоград, 2022 йил 24 сентябр
Артём Краснов / Коммерсантъ / Sipa USA / Vida Press
Пригожин аввал ҳам Россия армияси раҳбариятини очиқ танқид қилганди. Аммо америкалик мулозимларнинг таъкидлашича, у шахсан Путинга россиялик ҳарбий қўмондонлардан шикоят қилиши ўзини нақадар қулай ҳис қилаётганидан дарак беради. Газета бу Россиянинг ҳарбий мағлубияти фонида Пригожиннинг таъсир доираси нақадар кенгайганини кўрсатишини қайд этган.
«Унинг омма олдидаги сиёсий позицияси шундай: мен - Евгений Пригожинман. Мен сизга ҳақиқатни айтиш учун бу ердаман ва мен ўз ишимни қиламан», деган америкалик амалдор анонимлик шарти билан.
Америка разведкаси сафарбар қилинган аскарлар шароитлардан нолиётгани, озиқ-овқатлар ва жиҳозлар етишмаётганини айтаётгани акс этган видеолар тарқалиши ортида айнан Пригожин турибди деб ҳисоблайди. Разведка вакиллари тахмин қилишича, бундай видеоларни тарқатишдан мақсад Кремлга босим ўтказиб, хусусий ҳарбий компанияни молиялаштиришни оширишга эришиш ҳисобланади.
Пригожиннинг Washington Post нашрига «Конкорд» компанияси матбуот хизмати орқали етказган баёнотида айтилишича, бизнесмен сўнгги вақтларда Путин билан гаплашмаган ва яқин орада ҳам гаплашишни режалаштирмаган.
«Мен Украинадаги можаро вақтида РФ қуролли кучлари раҳбариятини танқид қилмаганман. Шу туфайли мен ҳеч нарсага изоҳ бера олмайман», деган у ва ҳарбий эксперт эмаслиги туфайли Россия қуролли кучларини танқид қилиш ёки мақташ ҳуқуқига эга эмаслигини қўшимча қилган.
Пригожин шунингдек сафарбар қилинганлар яшаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидаги муаммолардан шикоят қилаётгани акс этган видеога кўзи тушмаганини таъкидлаган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков газетага Пригожин ва Путин ўртасидаги мулоқот ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
WP Америка разведкаси ҳисоботининг алоҳида бандида Пригожин ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўртасида зиддият кучайгани қайд этилгани ҳақида ёзган.
Россиялик мулозимлардан бири нашрга анонимлик асосида Пригожин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ҳарбий ҳаракатлар бўйича чиқишлари айрим россиялик сиёсатчиларнинг жаҳлини чиқараётганини айтган. Уларга ўз қоидалари бўйича ўйин қилувчи фирибгарлар сифатида қарашмоқда. «Бу Россия эмас. Бу ўрта аср тамойилларига асосланган жиноий биродарлик», деган у.
Пригожин муқаддам «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига алоқадорлигини рад этган ва уни ушбу ёлланма жангчилар гуруҳи эгаси деб атаган журналистларни судга берган. Аммо 2022 йил сентябр ойи охирида у 2014 йилда хусусий ҳарбий компанияга асос солганини тан олди, Украинага босқин бошлангач, Россия расмий нашрлари ҳам ушбу гуруҳни тилга ола бошлаганди.
Пригожин хусусан хусусий ҳарбий компанияларнинг ҳаракатлари туфайли «Луҳанск аэропорти ва бошқа кўплаб ҳудудларни озод этиш имкони бўлгани»ни, шунингдек, Луҳанск ва Донецк «халқ республикалари» «тақдири тубдан ўзгаргани» ҳақида айтган. Шунингдек, Пригожин «Вагнер» жангчилари Суриядаги урушда қатнашгани ва бошқа араб мамлакатларида топшириқларни бажарганини тан олган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар