
Фото: AP
Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати вакилларидан иборат ҳукумати қизларга мактабларда ўқишни давом эттиришга рухсат беради.
Бу ҳақда Tolo News телеканали «Толибон» ҳукуматидаги таълим вазирлиги хатига таяниб хабар берди.
Мактубда айтилишича, «бошланғич синф ўқувчилари мактабларда ва ўқув курсларида дарсларни қайтадан бошлаши мумкин». Бошланғич синф деганда 1-6 синфлар назарда тутилган.
Шунингдек, бошланғич синфларда ишлаган ва декабр ойи охирида мактабдан четлаштирилган ўқитувчиларга ҳам ишга қайтишга рухсат берилди. Қизлар учун дарсларни қайта бошлаш шартларидан бири - «ўқувчи ва ўқитувчиларнинг шариат меъёрларига мувофиқ ҳижоб ўраши».
«Толибон» ҳаракатининг ўзи бу ҳужжат мазмунига ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
Аввалроқ, Афғонистон олий таълим вазири вазифасини бажарувчи Нидо Муҳаммад Нодим БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Маркус Потсел билан учрашувда ҳукумат аёлларнинг таълим олишини бутунлай тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилмаганини, аммо буни ташқи омиллар туфайли юзага келган муаммо сабабли кейинга сурганини айтган эди.
Шунингдек, Нодим ҳукумат ўз қарорларини бошқаларнинг босими остида қабул қилмаслигини ҳам билдирди.
«Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг афғонистонлик хотин-қизлар ўз ҳуқуқларидан босқичма-босқич маҳрум қилинмоқда. 2021 йилда «Толибон» қизларнинг ўрта мактабларда ўқишини тақиқлаган эди. 2022 йил ноябр ойида Кобулдаги аёлларга шаҳар паркларига, бассейн ва спорт залларига кириш тақиқлаб қўйилди. Ушбу қоидалар бутун мамлакатга татбиқ этилиши кутилмоқда. 2022 йил декабр ойида барча аёлларга университетларда таълим олиш ҳам тақиқланди. Сўнгра, аёлларнинг нодавлат ташкилотларида ишлаши ҳам чеклаб қўйилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар