Бугун Чеченистоннинг 60 мингга яқин аҳолиси Грозний кўчаларига чиқди. Улар яқинда Волгоградда Қуръон ёқиб юборилишига қарши ўз норозиликларини билдирди, дея хабар бермоқда Yeni Şafak'ка таяниб Azon.uz.
Митинг иштирокчилари қўлларида “Қуръондан қўлингни торт!”, “Мен Қуръонни яхши кўраман!”, “Муқаддас Китобга тегма!”, “Динимиз учун жонимизни беришга тайёрмиз!” каби шиорларни кўриш мумкин эди.
20 май куни Волгоград шаҳри марказидаги Собор масжиди ёнида Қуръони Карим мусҳафини ёқиб юборган Россия фуқароси Никита Журавел қўлга олинганди. Эркак жиноятга иқрор бўлди. Тергов қўмитаси иш бўйича терговни Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширди, чунки республика аҳолисидан уларни жабрланувчи деб тан олиш тўғрисида сўровлар олинган.
Волгоградлик Никита Журавелга нисбатан диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш бўйича жиноят ишини Чеченистон Республикаси ИИВнинг Тергов бошқармаси олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, шу йил апрель ойида Москвадаги Оқ кўл ҳудудида Қуръон ёқиб юборилгани бўйича жиноий иш очилганди. Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси ўшанда бу жиноят масжид қурилишига қарши содир бўлганини тушунтирганди. Жиноятчи мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқар экан, “Москва руслар учун. Ўз жойингни бил", деган айирмачилик кайфиятидаги гапларни айтганди.
Сўнгги пайтларда Россияда исломобия кучайиб бораётгани мусулмонларда ҳақли ташвиш уйғотмоқда. Биргина Москва шаҳрида 3.5 млндан ортиқ мусулмон борлигига қарамай, бор йўғи тўрттагина масжид бор, холос. Янги масжид қурилишига ҳукумат ҳам, ерлик аҳоли ҳам қаршилик қилиб келмоқда...
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!