Нигерда ҳарбий тўнтариш

Нигерда 26 июль куни ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Президент гвардияси давлат раҳбари Муҳаммад Базумни ҳокимиятдан четлатди. Икки кундан сўнг президент гвардияси бошлиғи генерал Абдураҳмон Тчиани ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилди.

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти — ECOWAS Нигерга ҳарбийларни киритишга тайёрлигини эълон қилди. Бунга жавобан давлат тўнтаришлари натижасида ҳокимиятга келган ҳарбийлар томонидан бошқариладиган Мали ва Буркина-Фасо “Нигер ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашув уларга қарши уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини” билдирди.

Нигер Франциянинг собиқ мустамлакаси. Ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар Франция билан тузилган барча келишувлар бекор қилинганини эълон қилди ва француз қўшинларидан чиқиб кетишни талаб қилди. Мамлакатда 1,5 мингга яқин франциялик аскар бор. Эммануэл Макрон Нигерга ECOWAS ҳарбий аралашувини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини эълон қилди.