
Россия билан музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилган Олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия 2022 йил баҳорида Россия делегацияси Украина бетарафликни қабул қилиб, НАТОга қўшилишдан бош тортса, урушни тугатишни таклиф қилганини айтди.
«Улар деярли охиригача умид қилишган эдики, биз бетарафликни бўйнимизга олишимиз учун шундай келишувни имзолашимизни кутишди. Бу улар учун энг катта нарса эди. Агар қачонлардир Финландия қилгани каби бетарафликни ёқлаб чиқсак ва НАТОга қўшилмаслик ҳақида мажбурият олсак, улар урушни тугатишга тайёр эди. Аслида, бу асосий масала эди», деди Арахамия 24 ноябр, жума куни YouTube-каналида эълон қилинган «1+1» телеканали журналисти Наталя Мосейчук билан суҳбатда.
Киевнинг келишувдан бош тортиши сабаблари
Арахамиянинг сўзларига кўра, Украина томони бу таклифни икки сабабга кўра қабул қилмаган. Биринчидан, бунинг учун Украина НАТОга аъзо бўлиши ёзиб қўйилган конституцияни ўзгартириш керак бўлади. Иккинчидан, Россия томони келишувни бажаришига ишончсизлик бор эди. «Буни фақат хавфсизлик кафолатлари бўлган тақдирдагина амалга ошириш мумкин эди, биз бирор нарсага имзо чека олмасдик, кета олмасдик, ҳамма нарса ўша ерда тугаган бўларди, кейин эса улар кўпроқ тайёргарлик кўришган бўларди, чунки улар, аслида, бундай қаршиликка тайёр эмас эди», - деди сиёсатчи.
Бундан ташқари, Киевнинг қарорига Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон таъсир кўрсатди, дея қўшимча қилди Арахамия. «Истанбулдан қайтгач, Борис Жонсон Киевга келди ва улар билан умуман ҳеч нарса имзоламаслигимиз кераклигини айтди», деди у.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!