07:13 / 30.03.2024
242

АҚШ террорчилик таҳдиди тўғрисидаги маълумот Россия томонидан рад этилганидан афсусда эканини билдирди

АҚШ террорчилик таҳдиди тўғрисидаги маълумот Россия томонидан рад этилганидан афсусда эканини билдирди
Фото: ТАСС
Қўшма Штатлар юзага келаётган террорчилик таҳдидлари ҳақида Россия ҳукумати билан маълумот алмашишда давом этади. Бу ҳақда Москвадаги АҚШ элчиси Линн Трейси хабар берди.

«Бир ҳафта олдин ИШИД-Хуросон россиялик юзлаб беайб фуқароларга қарши шафқатсиз ва ваҳший террорчилик ҳужумини амалга оширди. Мен Америка Қўшма Штатлари терроризмнинг барча кўринишларини сўзсиз қоралашини аниқ айтмоқчиман», деди Линн Трейси элчихона баёнотида.

Элчи «Россиянинг бир қанча амалдорлари» март ойи бошида АҚШ расмийлари Россия разведка идораларига ИШИД таҳдидлари юзасидан тақдим этган маълумотларни бузиб талқин қилгани ва «очиқ-ойдин рад этганидан» афсусда эканини айтди.

«Фактлар шундан иборатки, Россия расмийларига берилган ёзма маълумотлар аниқ, ўз вақтида ва ишончли бўлган. Биз кўп йиллар давомида Россия расмийлари билан таҳдид маълумотларини баҳам кўрдик ва шундай қилишда давом этамиз. Шунингдек, биз Россия ҳукуматининг «Крокус Сити Холл» ҳужумини тергов қилишда ёрдам сўраб юборган сўровларига жавоб беришда давом этамиз», деди Трейси.

Элчи таъкидлаганидек: «ИШИД-Хуросон» ўтган ҳафта «Крокус Сити Холл»га уюштирилган даҳшатли ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. «ИШИД-Хуросон» бутун дунё разведка идораларига ваҳшиёна ва зўравонлик ҳаракатлари, жумладан, 2022 йилда Россиянинг Кобулдаги элчихонасини портлатиш каби ҳужумлар тарихига эга террорчи ташкилот сифатида яхши танилган».

У, шунингдек, рус халқи терактдан кейин нормал ҳаётга қайтиш учун куч топишига умид билдирди.

«Ҳеч нарса ўтган ҳафтадаги воқеаларнинг фожиали моҳиятини ўзгартира олмайди ёки ҳалок бўлганларни ортга қайтара олмайди. Ва биз чин дилдан умид қиламизки, рус халқи тинчликка эришади ва келгуси бир неча кун ва ҳафталарда яшашни давом эттириш учун кучини тиклайди», деди Трейси.

«Ушбу даҳшатли фожиадан қайғу чекаётган ва жабр кўрган ҳар бир инсон билан юрагимиз бирга. Россия бугун ниҳоятда оғир ва оғриқли вақтни бошдан кечираётганини тушунамиз», дейилади элчи баёнотида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ террорчилик таҳдиди тўғрисидаги маълумот Россия томонидан рад этилганидан афсусда эканини билдирди