06:30 / 20.04.2024
227

Россиянинг ўндан ортиқ минтақасида мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлаши тақиқланди

Россиянинг ўндан ортиқ минтақасида мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлаши тақиқланди
Фото: Артем Килькин
15 апрел куни Новосибирск вилоятида мигрантларга иқтисодий фаолиятнинг 35 та йўналиши бўйича ишлашни тақиқлаш жорий этилди. Шу куни аннексия қилинган Қрим чет элликларга 35 фаолият турида патент асосида ишлашни 6 ойга тақиқлади. Бу ҳақда Asia-Plus ёзди.

Масалан, мигрантлар таълим фаолияти, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, балиқчилик ва улгуржи савдо билан шуғуллана олмайди.

Март ойида Воронеж вилоятида меҳнат мигрантларига жамоат транспорти ва таксида ишлаш тақиқланган эди.

Жорий йилдан бошлаб Тула вилоятида такси ва умумий овқатланиш соҳасида мигрантларга тақиқ жорий этилди.

Шунингдек, Амур вилоятидаги иш берувчиларга бизнеснинг 27 йўналиши бўйича патент асосида мигрантларни ёллаш тақиқланди: савдо (улгуржи ва чакана савдо); фуқароларни такси ва автобусда ташиш; ичимликлар, болалар овқатлари, тамаки ишлаб чиқариш; қимматбаҳо метал рудалари ва қумларини қазиб олиш; деҳқончилик ва чорвачилик.

Минтақадаги иш берувчилар 3 ой ичида ўз ходимларини янги стандартларга мувофиқлаштириши шарт. Акс ҳолда, уларга маъмурий жавобгарлик таҳдид қилади.

2022 йилда мигрантлар учун турли соҳаларда ишлашни тақиқлаш Калуга вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи, Тюмен ва Калининград вилоятлари томонидан жорий қилинган эди.

Бу ҳудудларда мигрантларга такси ва бошқа жамоат транспортини бошқариш, болалар овқатларини ишлаб чиқариш, таълим соҳасида ишлаш, спиртли ичимликлар, тамаки ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Шунингдек, озиқ-овқат етказиб бериш ва соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаш ҳам чекланган.

Россиянинг айрим ҳудудларида мигрантларни тақиқланган касбларга жалб этганлик учун катта миқдорда жарималар жорий қилинган. Жумладан, юридик шахслар миллион рублгача, мансабдор шахслар 50 минг рублгача, мигрантни ёллаган жисмоний шахслар эса 2 мингдан 4 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг ўндан ортиқ минтақасида мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлаши тақиқланди