09:47 / 16.06.2024
921

Гиёҳвандлик туфайли қамалган турк хонандаси Таркан ҳозир қандай яшайди?

Гиёҳвандлик туфайли қамалган турк хонандаси Таркан ҳозир қандай яшайди?
Туркиянинг севимли қўшиқчиси Таркан бир пайтлар залларни энергия билан тўлдирган ажойиб истеъдоди билан машҳур эди. Машҳур хонанда 2000 йилларда бутун дунё бўйлаб стадионларни тўлдириб, барча мамлакатларнинг мусиқий жадвалларида етакчилик қилган.

Ҳозир қўшиқчи камтарона Туркия гастролларида бўлиб, имкониятларига қарамай жаҳон саҳнасини забт этишга уринишдан воз кечганга ўхшайди. Унинг карьераси қандай бошланган ва анча вақтгача кўринмай қолганига нима сабаб бўлган?

У туғилмаслиги ҳам мумкин эди

1972 йил 17 октябрда Германиянинг Алсай шаҳрида Теветоғлулар оиласида ўғил чақалоқ туғилади. Унинг ота-онаси Али ва Неше унга 60 йилларда Туркияда машҳур бўлган китоб қаҳрамони шарафига Таркан исмини беради. Унинг иккинчи исми Ҳусаметтин бўлиб, “ўткир қилич” деган маънони англатади, чунки унинг бобоси рус-турк уруши қаҳрамони бўлган. Бўлажак хонанда туғилмаслиги ҳам мумкин эди. Ҳомиладорлик пайтида онаси бахтсиз ҳодисага учрайди ва комага тушиб қолади. Шифокорлар ҳомилани олиб ташламоқчи бўлишади, эр-хотинни бунга зўрға кўндиришади. Лекин бир кун олдин иккаласи ҳам тушида болани сақлаб қолишга ундаган қарияни кўради.

Шундай қилиб, туғуруқхонада баланд овозда чинқирган ҳолда ўғил чақалоқ туғилади ва доя унинг қўшиқчи бўлишини башорат қилади. Айтганча, Тарканнинг она томондан аждодлари халқ мусиқачилари бўлган. Келиб чиқиши турк бўлган ота-онаси иқтисодий инқироз пайтида Германияга кўчиб кетишганди, аммо 1986 йилда оила ватанга қайтиб келади. Отаси ва акалари иш топишади, кичик Таркан эса ўқишни давом эттиради. Бола нафақат оддий мактабга, балки мусиқа мактабига ҳам боради. Таркан Мактабни тугатгач, Истанбулдаги мусиқа академиясига ўқишга киради. Ўша пайтдаёқ у таниқли хонанда бўлиб, тўйларга чиқиб юрган. 1995 йилда оила бошига мусибат тушади — отаси юрак хуружидан вафот этади.

Онаси кўп ўтмай яна турмушга чиқади. Ўша йили Тарканни армияга чақириш билан таҳдид қилишади, у эса боришни хоҳламасди. Унинг бобоси рус-турк уруши қаҳрамони бўлганига қарамай, Тарканнинг ўзини пацифист деб билар, ҳарбий хизмат у учун эмас эди. Уч йиллик муҳлат олгандан кейин у Туркияни тарк этади. Кейинчалик мамлакатда бор-йўғи 28 кун хизмат қилишига рухсат берувчи қонун қабул қилинганида, хонанда ватан олдидаги бурчини ўташга қарор қилади.

Мусиқий карьераси

Таркан тез-тез Германияга келиб-кетиб юрарди. Ташрифларининг бирида Истанбул Плак лейбли директори Меҳмет Соютоулу билан танишади. У Тарканда истиқболли, истеъдодли ва харизматик йигитни кўради ва унга “Йине сенсиз” альбомини чиқаришга ёрдам беради. Биринчи дискнинг муваффақияти 1994 йилда “Ааcайипсин” деб номланган иккинчи альбомнинг чиқишига олиб келади.

Айнан шу альбом билан Таркан ўзининг биринчи хорижий гастрол сафарига чиқади ва Европада 85 та концерт беради. Дастлаб унинг европалик аудиторияси асосан муҳожир оилалардан бўлган турк ўсмирларидан иборат бўлса-да, тез орада мусиқаси оммалашади ва европаликлар ҳам унинг мухлисига айланади.

2001 йилда чиқарилган навбатдаги “Карма” альбоми ҳам омадли чиқади. У бутун Европа бўйлаб 1 миллион нусхада сотилади. Альбомда “Kuzu-Kuzu” ва “Hüp” каби машҳур қўшиқлар ўрин олган. Таркан нафақат Туркияда, балки бутун дунёда, Осиё, Европа ва Мексикадаги фан-клубларнинг мутлақ юлдузига айланади. 2002 йилда Туркияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Таркан футбол мадҳиясини ёзади.

2000 йилларнинг биринчи ярмида у фаол ижод қилишни давом эттиради. 2003 йилда қўшиқчи ўзининг ҲITТ Music лейблида “Дуду” мини-альбомини чиқаради. Кейинги иккита “Метаморфоз” ва “Adımı Kalbine Yaz” альбомлари ҳам жуда машҳур бўлади. Таркан сўнгги альбоми учун тўрт номинацияда Turkey Music Awards мукофотини қўлга киритади.

Гиёҳвандлик ва машҳурликдан тушиш

Таркан турк бастакори Сезен Аксу билан ҳамкорлик қилишни бошлайди ва инглиз тилидаги биринчи альбомини ёзиш учун Нью-Йоркка кетади. У турк-америкалик бизнесмен ва Atlantic Records лейбли асосчиси Аҳмет Эртегун билан ишлай бошлайди. Бироқ Таркан инглиз тилидаги альбомини фақат 2006 йилда, Эртегун вафот этганидан кейин чиқаради. Бу альбом муваффақиятли бўлмайди. Туркияда атиги 110 минг нусхада сотилади холос.

2007 йилда Таркан турк тилида “Метаморфоз” номли альбомини чиқаради, лекин у ҳам муваффақиятга эришмайди — биринчи ҳафталарда Туркияда атиги 300 минг нусхада сотилади. 2010 йил февраль ойида Таркан, шунингдек, турк шоу-бизнесининг яна бир қанча вакиллари гиёҳвандликка қарши операция доирасида ҳибсга олинади — қўшиқчи дўстининг вилласида бўлганида, полиция ўша ердагилар ноқонуний моддалар истеъмол қилаётганини даъво қилиб бостириб кирган.

Кейинчалик Тарканнинг уйидан ҳам наркотик моддалар топилган. Туркия ОАВларининг хабар беришича, Таркан вақти-вақти билан гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганини тан олган ва реабилитация курсидан ўтишга рози бўлган. 2017 йилдан Таркан янги мусиқалар ёзишни вақтинча тўхтатади, аммо эски хитлари билан саҳнада чиқишда давом этаверади. 2022 йилдан бери Таркан бутун Туркия бўйлаб гастрол концертларида қатнашмоқда. Шунингдек, у бир нечта янги — “Geccek” ва “Yap bi guzellik” қўшиқларини ҳам чиқарди.

Хонанданинг шахсий ҳаёти

Хонанда доим турмуш қуришга қарши бўлган, у эркин яшашни ва никоҳ мажбуриятларидан халос бўлишни афзал кўрарди.

Шу сабабдан ҳам у анча вақтгача Билге Ўзтурк билан яқин муносабатларда бўлса-да, унга уйланмайди. Қиз адвокат бўлиб ишлаган, бўш вақтларида рок гуруҳида қўшиқ куйлаган. 2008 йилда жуфтлик ажралишади. 2011 йилда 39 ёшли Таркан ўзининг содиқ мухлиси, ўша пайтда 24 ёшда бўлган Пинар Делек билан танишади.

Улар 2016 йилда турмуш қуришади ва икки йилдан сўнг уларнинг қизи Лия туғилади. Таркан оилавий фотосуратларни тез-тез баҳам кўрмайди, шунингдек, хотинига ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқлайди. Хонанда ҳеч қачон қизининг юзини кўрсатмаган. Улар Истанбулдаги ҳашаматли виллада яшаши маълум, холос.

Таркан ҳозирда

Таркан бўш вақтларида спорт билан шуғулланиш ва протеинли диетага риоя қилиш орқали соғлиғини назорат қилиб боради. Мусиқадан ташқари, унинг бир нечта бизнеси бор: у эркаклар ва аёллар учун парфюмерия ҳамда байрамона либослар ишлаб чиқаради.

Маълумки, 2023 йил февралда Туркияда бир қатор вайронкор зилзилалар содир бўлди. Таркан жабрланганларга ёрдам кўрсатган актёр Ҳалук Левент фондига 1 миллион лира ўтказади. Ушбу саховатли ҳисса энг муҳимларидан бирига айланади. Таркан муҳтожларга биринчи марта ёрдам бераётгани йўқ. 90 йилларда Измирдаги зилзиладан кейин жабрланганларга ёрдам бериш учун 16 минг доллар хайрия қилган.

Бундан ташқари, Таркан экофаолларига қўшилган ва атроф-муҳит ҳолатидан чуқур ташвишда эканини айтади. У Акбелендаги ўрмонларнинг кесилишига фаол қаршилик кўрсатган — у зайтунзорларни сақлаб қолиш тарафдори. Аммо баъзи турклар унинг экология соҳасидаги фаолиятини шунчаки пиар, деб ҳисоблайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гиёҳвандлик туфайли қамалган турк хонандаси Таркан ҳозир қандай яшайди?