08:43 / 25.08.2024
29

Францияда синагога яқинида портлаш содир бўлди

Францияда синагога яқинида портлаш содир бўлди
Фото: Reuters
Франция жанубидаги Ля Гранд-Мотт курорт шаҳрида жойлашган синагога яқинида портлаш содир бўлди, деб хабар беради France 24. Ҳодиса оқибатида бир нафар полиция ходими яраланган.

Қайд этилишича, 24 август тонгида синагога яқинида иккита автомобил ёнғин чиққан, кейин эса улардан бирининг ичидаги газ баллони портлаган. Ёнғин, шунингдек, синагогага киришда ҳам юз берган ва у тезда ўчирилган. Ҳодиса оқибатида бинонинг икки эшигига шикаст етган.

Франция ОАВга кўра, транспорт воситаларига ўт қўйганликда гумонланаётган шахс кузатув камераларига тушиб қолган. Унинг ёнида Фаластин байроғи ва пистолет бўлгани айтилмоқда. Гумонланувчи воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган.

Портлаш содир бўлган пайда синагогада фақат раввин (яҳудийлар руҳонийси) ва яна тўрт киши бўлган. Уларга ҳеч қандай шикаст етмагани айтилмоқда. Франциядаги яҳудий ташкилотлар вакиллик кенгаши раҳбари Йонатан Арфи портлашни «яҳудийларни ўлдиришга уриниш», деб атади. Унинг фикрича, портлаш ташкилотчилари тонгги ибодатга келган фуқароларга ҳужум уюштиришни режа қилган.

Франция ҳукумати содир бўлган воқеани теракт ва антисемитизм акти демоқда. «Бизнинг ўй-хаёлимиз Гранд-Мотт синагогасига келганлар ва мамлакатимиздаги барча яҳудийларда. Ушбу террорчилик акти ижрочисини топиш учун барча имкониятлар ишга солинган. Антисемитизмга қарши кураш — бу доимий кураш, миллат учун кураш», — деб ёзади Франция президенти Эммануэл Макрон Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

Портлаш бўйича терговни Миллий аксилтеррор прокуратураси олиб бормоқда. Франциядаги яҳудийлар муассасалари, жумладан, мактаб ва синагогаларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Францияда синагога яқинида портлаш содир бўлди