10:23 / 04.12.2024
42

Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда Суриядаги мавжуд вазиятни муҳокама қилди. 3 декабр, сешанба куни Туркия давлат раҳбарининг алоқа департаменти хабар беришича, Эрдўған Анқара Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу мамлакатда «адолатли ва узоқ муддатли келишув» тарафдори эканини айтди.

У Дамашқ расмийларини можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишда иштирок этишга чақириб, тинч аҳолига зарар етказмаслик муҳимлигини таъкидлади. Туркия президенти мамлакати «Сурияда тинчлик ўрнатиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда», деб ишонтирди.

Кремл матбуот хизматининг хабар беришича, турк томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида «Суриядаги вазиятни нормаллаштиришда Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги яқин мувофиқлаштиришнинг муҳим аҳамияти» ҳақида сўз юритилган. Путин Сурия расмийларининг «мамлакат бўйлаб барқарорлик ва конституциявий тартибни тиклаш» саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун Анқаранинг минтақадаги мавжуд имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Сурия билан чегарадош Туркия Сурия президенти Башар Асадга қарши бўлган сиёсий ва қуролли мухолифатни қўллаб-қувватлайди. Сурияда ҳукумат қўшинларига қарши жангларда иштирок этаётган асосий кучлар «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» радикал гуруҳи ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия миллий армияси (СМА) бўлинмаларидир.

Шу билан бирга, Дамашқдаги ҳокимиятнинг асосий иттифоқчилари Россия ва Эрондир.

ЕИ, АҚШ ва БМТ Сурияда кескинликни юмшатишга чақирмоқда

Европа Иттифоқи Суриядаги фуқаролар урушининг янги кучайиши ва ҳукумат қўшинларининг исёнчилар томонидан Ҳалабдан чиқариб юборилиши фонида вазиятни юмшатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди. «Европа Иттифоқи Суриядаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. Биз барча томонларни кескинликни пасайтиришга, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишни, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ инсонпарварлик ёрдамига тўсиқсиз киришни таъминлашга чақирамиз», — дейди ЕИ дипломатик хизмати 2 декабр куни ўз веб-сайтида эълон қилган баёнотда.

Бундан ташқари, ҳужжатда айтилишича, Европа Иттифоқи Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаётган Россия томонидан аҳоли зич жойлашган ҳудудларга уюштирилган ҳаво ҳужумларини қоралайди. «Сўнгги кескинлашув яна бир бор можаро БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ Суриянинг ўз сиёсий ечимига муҳтожлигини кўрсатади», — дейилади баёнотда. 2015 йилда қабул қилинган ушбу резолюцияда Суриядаги можаро «сурияликларнинг ўзлари фаол иштирокида» ҳал этилиши ва «Сурия келажагини Сурия халқининг ўзи белгилаши» таъкидланган.

Пентагон матбуот котиби Пэт Райдер 2 декабр куни брифингда худди шундай позицияда гапирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги Суриядаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда, бу ерда АҚШда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» радикал гуруҳи жангарилари ва Сурия миллий армияси бўлинмалари ҳукумат қўшинларига ҳужум қилмоқда. «Минтақадаги тинч аҳоли ва озчилик гуруҳларига катта зарар етказиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, Қўшма Штатлар бошқа иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда кескинликни пасайтиришга чақирмоқда», деди Райдер.

2 декабр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Сурия шимоли-ғарбида зўравонликларнинг кескин кучайиб бораётганидан хавотир билдирди ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, БМТ томонидан осонлаштирилган сиёсий жараёнга қайтишга чақирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди