date
views 117

Исёнчилар Сурия жануби-ғарбидаги Дара шаҳрини эгаллади

Исёнчилар Сурия жануби-ғарбидаги Дара шаҳрини эгаллади
Фото: AFP
Сурия ҳукумати жангарилар учун рамзий аҳамиятга эга бўлган Дара шаҳри, шунингдек, худди шу номдаги вилоятнинг аксарият қисми устидан назоратни қўлдан чиқарди. Бу ҳақда 7 декабр, жума куни Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига (SOHR) таяниб, AFP хабар берди.

«Маҳаллий гуруҳлар Дара вилоятидаги ҳудудларни, шу жумладан Дара шаҳрини ҳам назорат остига олди. Ҳозирда улар вилоятнинг 90 фоиздан ортиғини назорат қилмоқда, режим кучлари аста-секин қўшинларни олиб чиқиб кетмоқда», — деб хабар берди SOHR. Ташкилотга кўра, гуруҳлар куннинг бошида Иордания билан чегарадаги Нассиб-Жабир назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олган. Иордания томонида бу назорат-ўтказиш пункти аллақачон ёпилган, деб хабар бермоқда AFP мамлакат ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

Сурияда фуқаролар уруши авж олган бир пайтда Иордания ва АҚШ ҳукуматлари ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишга чақирди.

Асадга қарши исён бошланган шаҳар

Мухолифат назоратига ўтган Дара шаҳри 2011 йилда Сурия президенти Башар Асад режимига қарши исён бошланган жой сифатида унинг учун рамзий аҳамиятга эга. Фуқаролар уруши авжида Дара «исёнчилар қалъаси» эди, дея таъкидлайди AFP. 2018 йилдан бери шаҳар ҳукумат кучлари назоратида бўлган.

Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда Суриядаги мавжуд вазиятни муҳокама қилди. 3 декабр куни Туркия давлат раҳбарининг алоқа департаменти хабар беришича, Эрдўған Анқара Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу мамлакатда «адолатли ва узоқ муддатли келишув» тарафдори эканини айтди.

У Дамашқ расмийларини можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишда иштирок этишга чақириб, тинч аҳолига зарар етказмаслик муҳимлигини таъкидлади. Туркия президенти мамлакати «Сурияда тинчлик ўрнатиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда», деб ишонтирди.

Кремл матбуот хизматининг хабар беришича, турк томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида «Суриядаги вазиятни нормаллаштиришда Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги яқин мувофиқлаштиришнинг муҳим аҳамияти» ҳақида сўз юритилган. Путин Сурия расмийларининг «мамлакат бўйлаб барқарорлик ва конституциявий тартибни тиклаш» саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун Анқаранинг минтақадаги мавжуд имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Сурия билан чегарадош Туркия Сурия президенти Башар Асадга қарши бўлган сиёсий ва қуролли мухолифатни қўллаб-қувватлайди. Сурияда ҳукумат қўшинларига қарши жангларда иштирок этаётган асосий кучлар «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» радикал гуруҳи ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия миллий армияси (СМА) бўлинмаларидир.

Шу билан бирга, Дамашқдаги ҳокимиятнинг асосий иттифоқчилари Россия ва Эрондир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исёнчилар Сурия жануби-ғарбидаги Дара шаҳрини эгаллади