
Фото: Ugur Yildirim/DIA Images/abaca/picture alliance
Сурия шимолида мамлакат президенти Башар Асад қўшинларига қарши ҳужумларини давом эттираётган радикал «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи бошчилигидаги алянс Дамашқ ва Ҳалабдан кейин йириклиги бўйича учинчи ўринда турадиган Ҳомс шаҳрига яқинлашди. Бу ҳақда 6 декабр, жума куни Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига (SOHR) таяниб, AFP хабар берди. ҲТШ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жоланий жангариларнинг мақсади Асадни ағдариш эканини тасдиқлади, дейилади хабарда.
Ҳомсга кетаётиб, исёнчилар Растан ва Талбисага киришди. SOHR маълумотларига кўра, бу икки кичик шаҳарчада ҳукумат қўшинларининг «бутунлай йўқлиги» кузатилган.
Асад Ҳомсни бой бермасликка ҳаракат қилади
Сурия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, унинг аскарлари Ҳама вилоятидаги исёнчиларнинг «автомобиллари ва йиғилиш жойи» томон ўқ узганини айтди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, артиллерия, ракеталар, шунингдек, «Сурия ва Россия қирувчи самолётлари» ишлатилган. Бундан ташқари, Асад армияси Ҳомсга қўшимча кучлар юборган, дейилади хабарда.
Ҳомснинг эгалланиши Дамашқни Асаднинг таянчи бўлган ва унинг иттифоқчиси - РФ - денгиз ва ҳаво базасига эга бўлган қирғоқ минтақасидан узиб қўйиши мумкин», деб тушунтирди Reuters аввалроқ. «Асад энди бошқа ҳеч нарсани йўқотишга ҳаққи йўқ. Агар Ҳомс қуласа, режим ҳам ўзгариши мумкин», деб айтди Syria Report муҳаррири Жиҳад Язигу.
Исёнчилар Сурия жануби-ғарбидаги Дара шаҳрини эгаллади
Сурия ҳукумати жангарилар учун рамзий аҳамиятга эга бўлган Дара шаҳри, шунингдек, худди шу номдаги вилоятнинг аксарият қисми устидан назоратни қўлдан чиқарди. Бу ҳақда 7 декабр куни Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига (SOHR) таяниб, AFP хабар берди.
«Маҳаллий гуруҳлар Дара вилоятидаги ҳудудларни, шу жумладан Дара шаҳрини ҳам назорат остига олди. Ҳозирда улар вилоятнинг 90 фоиздан ортиғини назорат қилмоқда, режим кучлари аста-секин қўшинларни олиб чиқиб кетмоқда», — деб хабар берди SOHR. Ташкилотга кўра, гуруҳлар куннинг бошида Иордания билан чегарадаги Нассиб-Жабир назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олган. Иордания томонида бу назорат-ўтказиш пункти аллақачон ёпилган, деб хабар бермоқда AFP мамлакат ташқи ишлар вазирлигига таяниб.
Сурияда фуқаролар уруши авж олган бир пайтда Иордания ва АҚШ ҳукуматлари ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишга чақирди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар