19:12 / 15.12.2024
7

Эрдўған: Дамашқ ва Ҳалаб Туркияники бўлиши мумкин эди

Эрдўған: Дамашқ ва Ҳалаб Туркияники бўлиши мумкин эди
Фото: Туркия президенти сайти
Суриянинг Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ ва Раққа шаҳарлари, агар тинчлик шароитлари бошқача бўлганида, Биринчи жаҳон урушидан кейин Туркия таркибидаги худди шу номдаги вилоятларнинг марказларига айланиши мумкин эди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзининг «Адолат ва тараққиёт партияси» қурултойида айтиб ўтди.

«Агар Биринчи жаҳон уруши минтақамиз чегараларини қайта белгилаганида, шароитлар бошқача бўлганида нима бўлар эди? Катта эҳтимол билан биз Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ, Раққа деб атайдиган шаҳарлар худди Антеп, Ҳатай, Урфа каби бизнинг вилоятларимиз бўларди», деди у.

Бу ерлар хориж ҳукмронлигига ўтгандан кейин ҳам Туркия бу шаҳарлар аҳолиси билан алоқаларини бутунлай узмоқчи эмас эди, деди Эрдўған.

Бу баёнотдан кейин рус нашрларида унинг сўзлари нотўғри талқин этилиб, у гўёки Сурия ҳудудларини босиб олиш ва Биринчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган икки давлат ўртасидаги чегарани қайта кўриб чиқиш ниятини билдиргани ҳақида хабар тарқатилди. Туркия президенти девони эълон қилган стенограммада эса бундай гаплар йўқ.

Кейинчалик Анқарадаги дипломатик манба Туркия раҳбариятида бундай режалар мавжудлигини рад этди.

«Жаноб президент Биринчи жаҳон урушидан кейин чегараларнинг қайта кўриб чиқилиши Туркия билан Сурия минтақаларида яшовчи халқлар ўртасида узилиш дегани эмас, улар қардош халқ эканини айтди», деди РИА Новости манбаси.

Маълумот учун, Суриянинг Ҳалаб, Идлиб ва ​​Раққа шаҳарлари Туркия чегарасига яқин, Ҳама ва Дамашқ эса мамлакатнинг ички қисмида жойлашган. Туркиянинг Ғозиантеп (собиқ Антеп), Шонлиурфа (собиқ Урфа) ва Ҳатай шаҳарлари ўз навбатида Сурия чегарасига яқин жойлашган.

1914-1918 йиллардаги Биринчи жаҳон урушидан кейин Усмонийлар империяси қулади ва унинг ҳудудлари парчаланиб, Туркия республикаси тузилди. Мамлакат Германия империяси, Австрия-Венгрия ва Болгарияни ўз ичига олган Тўртлик иттифоқининг бир қисми сифатида можарога кирганди. Ушбу бирлашма урушда мағлубиятга учради.

Биринчи жаҳон уруши арафасида замонавий Сурия ҳудуди Усмонли империясининг учта вилояти – Байрут, Ҳалаб ва Дамашқнинг бир қисми эди. Империя парчаланганидан сўнг, Сурия қисқа муддат мустақил бўлди – 1920 йилда маркази Дамашқда бўлган Сурия араб қироллиги тузилди. Кейинчалик минтақа Франция томонидан босиб олинди. 1926 йилда мандат ҳудуди Ливан ва Сурияга бўлинди. Франция 1941 йил 27 сентябрда Сурияга мустақиллик берди, аммо ўз қўшинларини 1946 йилда олиб чиқди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған: Дамашқ ва Ҳалаб Туркияники бўлиши мумкин эди