Фото: voanews.com
Исроил Ҳамас ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида 90 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди, деб хабар бермоқда Reuters 20 январ, душанбага ўтар кечаси фаластинликлар озод этилган Исроил қамоқхона хизматига таяниб. Бу маълумотни AFP агентлиги журналистлари тасдиқлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, ойналари қорайтирилган иккита автобус Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган Офер ҳарбий қамоқхонаси ҳудудидан чиқиб кетган.
Фото: AP / Leo Correa
The Times of Israel нашрининг ёзишича, гап Ғарбий Соҳилнинг 78 нафар ва Шарқий Қуддуснинг 12 нафар фуқароси ҳақида кетяпти. Ynet портали маълумотларига кўра, улар орасида 69 нафар аёл, жумладан, бир нафар вояга етмаган қиз, 8 нафар вояга етмаган ўғил бола ва 12 нафар эркак нисбатан кичик жиноятлар учун судланган.
Ҳамас Исроилга гаровга олинган уч аёлни қайтарди
Бир неча соат аввал Фаластин ҳаракати гаровга олинган уч нафар исроиллик: 24 ёшли Роми Гонен, 28 ёшли Эмили Дамари ва 31 ёшли Дорон Штайнбрехерни озод қилган эди. Улар уришаётган томонлар ўртасидаги келишувнинг биринчи босқичини амалга ошириш доирасида Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширилди.
Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, озод этилганлар ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари ходимлари кузатуви остида Исроилга олиб кетилган ва аҳволини баҳолаш учун тиббий кўрикдан ўтказилади.
Исроил ҳукумати Ҳамас билан келишувни тасдиқлади
Исроил ҳукумати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олганларни озод қилиш бўйича Ҳамас гуруҳи билан келишувни ниҳоят тасдиқлади. Бу ҳақда 18 январга ўтар кечаси бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг идораси хабар берди.
Бош вазир идораси ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш 19 январ, якшанба куниёқ бошланишини айтди. Вазирлар маҳкамаси йиғилиши саккиз соат давом этди.
Американинг Axios порталига кўра, Нетаняҳу коалицион ҳукуматидаги 24 вазир келишув учун овоз берган, саккиз нафари қарши чиққан. AP агентлиги таъкидлаганидек, ҳукумат йиғилиши яҳудийларнинг шабат куни ишламаслик анъаналарига зид равишда ўтказилди, бу фақат истисно ҳолларда бўлади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар