11:33 / 23.01.2025
199

Россиянинг Запорижжяга янги ракета зарбаси: камида 16 киши яраланди

Россиянинг Запорижжяга янги ракета зарбаси: камида 16 киши яраланди

Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp

23 январ, пайшанба куни эрта тонгда рус қўшинлари Запорижжяга яна баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. «Зарба натижасида Запорижжядаги турар жой бинолари зарар кўрди. Портлаш тўлқини деразаларга тегиб, томга зарар етказди», — дейилади Запорижжя области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Иван Федоров хабарида.

Кейинроқ у биринчи ракета зарбасидан кейин яна зарба берилгани, вайроналар остидаги одамлар ҳақида маълумотлар борлигини ёзган. Шу муносабат билан воқеа жойига тез ёрдам хизмати жўнатила бошланди. Бироз вақт ўтгач, Федоров жабрланганлар орасида Давлат фавқулодда хизматининг тўрт нафар ходими борлигини айтди. Умуман олганда, ОҲМ раҳбарининг сўзларига кўра, бугун эрталаб Запорижжяда тўртта портлаш овози эшитилган.

Маҳаллий вақт билан соат 5:00 дан кейин Федоров Россия зарбаси натижасида жабрланганларнинг умумий сони 16 кишини ташкил этганини, улардан беш нафарининг аҳволи оғир эканини, яна беш нафари, жумладан, икки қутқарувчининг аҳволи ўртача баҳоланганини маълум қилди. «Россия зарбасидан яраланганлар орасида икки ойлик бола ҳам бор. У ҳозиргина касалхонага ётқизилган», — дея қўшимча қилди Запорижжя ОҲМ раҳбари.

Россия январ ойида Запорижжяга бир неча бор зарба берди

18 январ куни ҳам эрталаб рус қўшинлари Запорижжяга ракета ҳужумини амалга оширди. Ўшанда, Федоровнинг сўзларига кўра, тўққиз киши жароҳатланган — «кесилган жароҳатлар, мия чайқалиши, кўкаришлар ва синишлар». Бундан ташқари, шаҳарда бир нечта турар жой бинолари шикастланган.

9 январга ўтар кечаси Запорижжяга зарбалар натижасида жабрланганлар сони 113 кишини ташкил этди, улардан камида 13 нафари ҳалок бўлди, деб хабар берди Федоров. 9 январ Запорижжя областида Россия ҳужумида ҳалок бўлганлар учун мотам куни деб эълон қилинди.

Россиянинг Украинага қарши қарийб уч йилдан бери давом этаётган агрессив уруши бошланганидан бери Россия ҳаво кучларининг Украина шаҳарларига ҳужумлари деярли ҳар куни амалга оширилмоқда. Россия расмийлари ўз мамлакати армияси фақат Украинадаги ҳарбий нишонларга зарба бераётганини даъво қилишда давом этмоқда, бироқ бу даъволар мустақил манбалар, жумладан журналистлар томонидан қайта-қайта рад этилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг