22:23 / 29.01.2025
735

Россиянинг Суриядаги янги ҳукумат билан дастлабки музокаралари қандай якунланди?

Россиянинг Суриядаги янги ҳукумат билан дастлабки музокаралари қандай якунланди?
Фото: Сурия ҳукумати
28 январ куни Россиянинг юқори мартабали мулозимлари делегацияси Башар Асад режими ағдарилганидан буён илк марта Сурияга келди. Унинг асосий мақсади мамлакатнинг янги ҳукумати билан иккита йирик ҳарбий объект — Тартусдаги ҳарбий-денгиз порти ва Латақия шаҳри яқинидаги Ҳмеймим авиабазасини Россия назоратида қолдириш бўйича келишиш эди. Музокаралар якунларига кўра Россия вакиллари «вазият оғирлиги»ни айтишмоқда.

Дамашққа Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентев учиб келган. Бундан ташқари, Россия делегацияси таркибидан Бирлашган дон компанияси (United Grain Company) ҳамда «СТГ Инжиниринг» компанияси вакиллари ҳам ўрин олган.

Суриянинг янги ҳукумати томонидан музокараларда вақтинча ҳукумат маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа, ташқи ишлар вазири Асаад аш-Шибаний ва соғлиқни сақлаш вазири Моҳир аш-Шаръа иштирок этди, деб хабар берган журналистларга Богданов.

Дипломатнинг сўзларига кўра, уч соатга яқин давом этган музокаралар конструктив руҳда ўтган, Россия делегацияси унинг давомида Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

Богданов учрашувда савдо-иқтисодий алоқалар ҳам муҳокама қилинганини қайд этган: хусусан, Россия томони Сурия инфратузилмаси ривожига ҳисса қўшгани ва буни давом эттиришга тайёрлигини эслатган.

«Умуман олганда, учрашув конструктив руҳда ўтди, унда яхши муҳит ҳукм сурди. Аммо биз вазият қанчалик оғир эканини тушунамиз», — дея Богдановнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».

«Ўтмиш хатоларини тўғрилаш»

Делегация ҳал қилишни кўзлаган асосий масала — Россиянинг Ҳмеймим авиабазаси ҳамда Тартус ҳарбий-денгиз портидаги мавжудлигини сақлаб қолиш — ҳал қилинмай қолган.

«Ҳозирча ҳеч нарса ўзгармади. Бу масала қўшимча музокараларни талаб этади. Ҳамкорлигимизнинг ҳар бир йўналиши бўйича чуқурроқ маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдик», — деган Богданов.

У Россия томони Сурияда ҳам, Россияда ҳам контактларни давом эттиришга тайёрлиги ва «агар шундай истак бўлса», Сурия ташқи ишлар вазирини Москвада қабул қилишга тайёрлигини таъкидлаган.

Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Россия делегацияси билан музокараларда Аҳмад аш-Шаръа собиқ президент Башар Асадни топширишни сўраган.

Суриянинг янги ҳукумати учрашув якунларига кўра чиқарган баёнотда томонлар Башар Асад режими томонидан олиб борилган уруш қурбонлари учун адолатни таъминлашга қаратилган ўтиш даври адолат механизмлари бўйича музокаралар олиб борилгани айтилган.

Дамашқдагилар қайд этишича, «муносабатларни тиклаш учун ўтмишдаги хатоларни тузатиш, Сурия халқи иродасини ҳурмат қилиш ва унинг манфаатларига хизмат қилиш керак».

Шунингдек, расмий Дамашқ мамлакатдаги фуқаролар урушида Асадни қўллаб-қувватлаган Россия томонига «товон тўлаш ва қайта қуриш каби аниқ чоралар» орқали ўзаро ишончни тиклашни хоҳлаётганини билдирган.

«Россия томони Сурияда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Мулоқот чоғида Россиянинг товон тўлаш, реконструкция ва қайта тиклаш каби аниқ чора-тадбирлар орқали Сурия халқи билан ишончни тиклашдаги роли қайд этилди», — дейилади хабарда.

Кремл вакили Дмитрий Песков чоршанба куни журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Россия делегациясининг Дамашққа сафарини муҳим деб атади, аммо ишончни тиклаш учун қандай товон пули муҳокама қилинаётганини айтишдан бош тортди.

«Мен буни ҳеч қандай изоҳсиз қолдираман. Биз Сурия расмийлари билан мулоқотни давом эттирамиз», — деган Песков.

Bloomberg агентлиги шу кунларда Москвадаги манбасига таяниб, Россиянинг Суриядаги ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш бўйича Суриянинг янги ҳукумати билан музокаралар «боши берк кўчага кириб қолгани» ҳақида хабар берганди.

Агентлик суҳбатдошлари сўзларига кўра, Россиянинг иккита транспорт кемаси ҳарбий жиҳозларни олиб чиқиш учун Тартусга киришига рухсат берилгунича бир неча ҳафта кутиб туришга мажбур бўлган. Ҳмеймим авиабазасидаги фаолият ҳам чекланган.

Тартус Россия қўшинлари Яқин Шарқ ва Африкадаги амалиётларни бажариш давомида ёнилғи тўлдириб олиши, захираларни тўлдириши ва кемаларни таъмирлаши мумкин бўлган Ўрта Ер денгизидаги ягона база ҳисобланади. Ҳмеймим — Москванинг минтақадаги фаолияти учун асосий таъминот базасидир.

2017 йилда Москва ва Дамашқ Тартус ва Ҳмеймимдаги базалардан 49 йил муддатга фойдаланиш бўйича шартнома имзолаган, 2019 йилда эса Сурия ҳукумати Россиянинг «Стройтрансгаз» компанияси билан Тартус портини бошқариш бўйича инвестициявий келишув тузганди. Январ ойи ўрталарида бу келишув Суриянинг янги маъмурияти томонидан бекор қилингани маълум бўлди.

Музокаралардан кейин Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Богданов бу келишув масаласини «техник» деб атади. «Бу компаниямиз билан боғлиқ соф техник масала. Ўйлайманки, муаммоларни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул вариантларини топиш мумкин», — деган у.

Нима хато кетди?

Декабр ўрталарида, Башар Асад режими ағдарилганидан кўп ўтмай, Bloomberg агентлигининг Россиядаги суҳбатдошлари Кремл Суриянинг янги ҳукумати билан Тартус ва Ҳмеймимдаги базалар бўйича келишувга яқин турганини айтишганди.

Бутун дунё бўйича ғалланинг асосий етказиб берувчиси ҳисобланадиган Москва ўз томонидан Дамашққа озиқ-овқат хавфсизлигини таклиф этиши, шунингдек, Россия Сурия армиясини тиклашда ва Исроил томонидан йўқ қилинган қуроллар ўрнига янгилари билан жиҳозлашда ёрдам бериши мумкин эди, деб қайд этган эксперты.

Аммо сўнгги ҳафталарда Евроиттифоқ вакиллари фаоллашиб, Суриянинг янги ҳукумати билан алоқаларни йўлга қўйишни бошлади ва Россия билан келишув тузишдан бош тортишга кўндиришга киришди. Янги йилнинг илк кунларида Дамашққа Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари ташриф буюрди, бу ҳафтанинг душанба куни эса Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кайя Каллас Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Сурияга қарши санкцияларни юмшатиш бўйича йўл харитасини келишиб олганини эълон қилди.

Bloomberg ой бошида хабар қилганидек, «Катта саккизлик»нинг айрим давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари ҳам Сурияга Россия нефти ва озиқ-овқат импортига муқобил йўлларни қидирмоқда. Хусусан, Украина аллақачон Сурияга буғдой партиясини юборган, шунингдек, ташқи ишлар ва қишлоқ хўжалиги вазирларининг декабр ойида Дамашққа қилган ташрифи вақтида дон етказиб бериш ҳажмини ошириш ваъда қилинган.

Туркия ҳам Москванинг Сурияда ҳарбий базалари ва таъсири сақланиб қолишига қарши чиқади, ушбу қўшни мамлакат Суриядаги қатор исёнчи гуруҳларни, жумладан ҳозирда Суриянинг янги ҳукуматини шакллантирган «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳини ҳам қўллаб-қувватлаб келган.

Туркиялик икки нафар юқори мартабали мулозим Bloomberg агентлиги билан суҳбатда Суриянинг янги ҳукумати фуқаролик уруши вақтида Россия ҳарбий самолётлари мухолифат кучларининг позицияларини ўққа тутганидан келиб чиқиб, Россия мазкур базаларда қолишига йўл қўйиши амалда имконсиз эканини айтган.

Россия авиацияси Башар Асад режимининг охирги кунларига қадар унинг армиясини қўллаб-қувватлаш учун жанговар парвозлар амалга оширди. Россия Суриянинг собиқ президентига кўп йиллар давомида исёнчи кучларга қарши курашишда ҳарбий ёрдам кўрсатган, ҳокимиятдан ағдарилгач эса унга бошпана берган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг