Швецияда 24 мингдан ортиқ кумуш тангадан иборат улкан хазина топилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Швециянинг Сёдертеле муниципалитетида топилган «Хёрнингсхолм хазинаси»
- 24 минг 100 га яқин кумуш танга ва 144 та бошқа тарихий буюмдан иборат бўлиб, бу мамлакат тарихида топилган энг йирик танга хазинаси ҳисобланади.
- Хазинада кумуш буюмлар, зарҳал безаклар ва оз миқдордаги олтин буюмлар, шунингдек, кам учрайдиган епископ тангалари ҳам мавжуд.
Швециянинг Сёдертелье муниципалитетига қарашли Мёркё ҳудудида викинглар даври ва илк ўрта асрларга оид йирик хазина топилди. «Хёрнингсхольм хазинаси» деб номланган топилма таркибидан 24 минг 100 га яқин кумуш танга ва 144 та бошқа тарихий буюм аниқланган.
Хазина 2025 йил август ойида Хёрнингсхольм 2:7 ер майдонида топилган. Унинг асосий қисмини кумуш тангалар ташкил этади. Шунингдек, топилмалар орасида кумуш буюмлар, зарҳал безаклар ва оз миқдордаги олтин буюмлар ҳам бор. Мутахассислар хазинанинг умумий ҳолатини яхши деб баҳолаган.
Топилмани аниқлаган шахс бу ҳақда имкон қадар тез вилоят маъмуриятига хабар берган. Шу сабабли у қонунчиликда белгиланган талабларни бажарган ҳисобланади.
Швеция Миллий мерос кенгашига кўра, «Хёрнингсхольм хазинаси» мамлакат ҳудудидан ҳозиргача топилган энг йирик танга хазинаси ҳисобланади. Мутахассислар топилма Швециянинг дастлабки иқтисодиёти, узоқ масофалардаги савдо ва алоқалари ҳамда ёзма манбаларда кам ёритилган даврдаги жамият ҳақида янги маълумотлар бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Хазинанинг яна бир эътиборга молик жиҳати — унда кам учрайдиган епископ тангаларининг кўплигидир. Бу тангалар ўша даврдаги диний ва иқтисодий ҳаёт ҳақида қўшимча маълумот бериши мумкин.
Швеция Миллий мерос кенгаши топилмани давлат тасарруфига олишга қарор қилган. Хазинани аниқлаган шахсга 4 миллион Швеция кронаси миқдорида товон пули берилади.
Кенгаш вакили Магнус Ларссоннинг таъкидлашича, товон миқдорини белгилашда хазинанинг юқори тарихий-маданий қиймати ва топилмани аниқлаган шахс учун адолатли тўлов белгилаш зарурати ҳисобга олинган.































Изоҳлар 0
…