Тошкентда мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синф ўқувчисига шилқимлик қилгани айтилмоқда

Тошкентда мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синф ўқувчисига шилқимлик қилгани айтилмоқда

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги мактаблардан бирида қўриқлаш хизмати ходими 6-синф ўқувчисига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани ҳақида суд ҳужжатида маълумот келтирилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Унга кўра, 23 ёшли Ш.Ж. мактабда шартнома асосида қўриқлаш хизмати ходими бўлиб ишлаган. У 15 сентябрь куни соат 15:30 атрофида 12 ёшли ўқувчи қиз олдига бориб, унинг белидан ушлаган ва лабидан ўпган. Мазкур ҳаракатлар шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланган.

Суриштирув органи Ш.Ж.нинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми — шаҳвоний шилқимлик қилиш билан квалификация қилиб, ишни судга юборган.

Бироқ Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича суди иш материалларини кўриб чиқиб, ҳолат тўлиқ текширилмаганини аниқлаган. Хусусан, вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган ҳаракатларда Жиноят кодексининг 129-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритилмаган.

Суд қайта суриштирув давомида иш ҳолатлари ҳар томонлама текширилиши, Ш.Ж.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор-йўқлиги аниқланиши ва тегишли ҳолатлар мавжуд бўлса, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини белгилаган.

Шу сабабли маъмурий ишга оид материаллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси тартибида Шайхонтоҳур туман прокуратурасига юборилган.

Ҳозирча суд ҳужжатида Ш.Ж.нинг Жиноят кодексининг 129-моддаси бўйича айбдор деб топилгани ҳақида маълумот йўқ. Мазкур масала қайта суриштирув давомида аниқлаштирилиши керак.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар