Сингапурда китоб ўқиганларга пул берилади

Сингапурда аҳолини мунтазам китоб ўқишга ундаш мақсадида янги дастур ишга туширилди. ReadSG деб номланган ташаббус Сингапур Миллий кутубхона кенгаши (NLB) томонидан 2026 йил 6 сентябрда йўлга қўйилган. Дастур доирасида фуқаролар кунига камида 15 дақиқа китоб ўқиб, бунинг учун виртуал тангалар тўплаши мумкин. Бу ҳақда The Times маълум қилди.
ReadSG Challenge дастурида иштирокчилар ўқиган вақтини ҳукуматнинг CrowdTask SG платформасида қайд этади. Ҳар бир 15 дақиқалик мутолаа учун 20 та виртуал танга берилади. 1000 та танга тўплаган иштирокчи уларни 1 Сингапур долларига алмаштириши мумкин.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ташаббуснинг асосий мақсади одамларни қисқа ва тезкор рақамли контентдан чалғитиб, мунтазам ва диққатни жамлаган ҳолда китоб ўқиш одатини шакллантиришдир. NLB раҳбари Мелисса Тамнинг сўзларига кўра, кунига 15 дақиқалик мутолаа одатни шакллантириш учун оддий бошланғич мақсад сифатида танланган.
ReadSG беш йилга мўлжалланган миллий ҳаракат бўлиб, аввалги National Reading Movement дастурининг ўрнини эгаллаган. Ташкилотчилар қисқа видеолар ва ижтимоий тармоқлардаги тезкор контент оммалашиб бораётган бир пайтда аҳолида чуқурроқ ва мунтазам мутолаа қилиш кўникмасини ривожлантиришни кўзламоқда.
2024 йилда NLB томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, Сингапурдаги катта ёшли аҳолининг 28 фоизи ҳафтасига китоб ўқиган. Янгиланган ReadSG дастури эса китобхонликни кундалик одатга айлантиришга қаратилган.






























Изоҳлар 0
…