Декабр ойи бошида Асад режими қулаганидан кейин россиялик ҳарбийларнинг транспортлари колонналари Суриянинг ҳар тарафидан шимолга, Тартус порти томон ҳаракатланаётгани акс этган кадрлар тарқалганди. Кейинроқ олинган сунъий йўлдош тасвирлари эса ҳарбий техникалар Тартусда тўпланиб турганини кўрсатди.
Planet Labs томонидан 29 январ куни олинган янги тасвирларда эса эндиликда портдаги қурол ва техникаларнинг катта қисми ғойиб бўлганини кўриш мумкин — шу кунларда Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ҳарбий кемалар Тартусни тарк этганди.
Бу Кремлнинг Дамашқдаги янги ҳукумат билан «очиқ» музокаралари фонида рўй берди.
Бу музокаралар Суриядаги ўтиш даври ҳукумати порт ижараси бўйича Россия билан келишувни бекор қилгани ҳақидаги хабарлар ортидан бўлиб ўтди. Аммо ҳукумат вакиллари ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилингани ҳақида расмий хабар бермаган.
Тартус сўнгги йилларда Россия учун Ўрта Ер денгизидаги муҳим база бўлиб келганди — бу ерда кемаларга ёқилғи қуйиш, захиаларни тўлдириш ва кемаларни таъмирлаш мумкин эди. Аммо илгари портда турган ҳарбий кемалар Асад режими қулаганидан кейин олинган сунъий йўлдош тасвирларида кўринмайди.
Кремл порт устидан назоратни сақлаб қолишга уринди ва декабрда Россиянинг Тартусдаги мавжудлиги бўйича Суриянинг янги ҳукумати билан музокаралар олиб борилаётгани маълум бўлганди.
Аммо, афтидан, Москва энди нисбатан энг қимматбаҳо қурол-аслаҳаларини Тартусдан олиб кетишга қарор қилган. Сунъий йўлдош тасвирларида Россия охирги бир неча ҳафта мобайнида Ҳмеймим авиабазасидан ҳам ўз қурол ва техникаларини олиб кетганини кўрсатган.
Денгиз кузатув хизмати маълумотларига кўра, иккита кема — «Спарта» ва «Спарта II» Тартус портига 21 ва 22 январ кунлари лангар ташлаган. Уларнинг иккиси ҳам «Оборонлогистика» МЧЖга тегишли — бу Россия мудофаа вазирлигига ишлайдиган ҳамда АҚШ санкциялари остидаги компаниядир. Украина маълумотларига кўра, улар Россия қуролларини ташиш билан шуғулланади. Бу кемалар транспорт воситаларини таший олади.
MarineTraffic сайтига кўра «Спарта II» Тартус портини 27 январ, душанба куни тарк этган. Сунъий йўлдош тасвирида кўриш мумкинки, портда бунгача кўплаб ҳарбий техникалар жойлаштирилганди, энди эса улар қолмаган.
Кема бортидаги транспондер сигнали 28 январ тонгида қисқа муддатга MarineTraffic сервиси томонидан қайд этилган, бу вақтда «Спарта II» Ўрта Ер денгизини Кипр соҳиллари яқинида кесиб ўтаётганди. Шундан кейин сигнал келмаган, бу эса катта эҳтимол билан транспондер ўчириб қўйилганини англатади.
29 январ куни эса сунъий йўлдош тасвирлари яна бир кема портни тарк этганини кўрсатди. Экспертлар бу «Спарта» эканини айтишган. Тасвирлар эса портда турган контейнерларнинг ҳам аксари олиб кетилганини кўрсатади.
«Спарта» бортидаги транспондердан сигнал кема Тартусда тўхтаганидан буён қайд этилмаган, бу эса у ҳам ўчириб қўйилганини тахмин қилиш учун асос бўлади.
Халқаро денгиз ташкилоти 300 тоннадан ортиқ юк ташувчи кемаларнинг барчаси ўз сигналини доимий равишда трансляция қилишини талаб этади, алоҳида ҳолатларда истисно қилинади.
Кема транспондерини қонуний сабаблар билан ҳам ўчириши мумкин, масалан, қароқчилик хавфи юқори бўлган ҳудудда сузаётганида. Аммо, НАТОга кўра, сигнал ўчириб қўйилиши кема «ноқонуний фаолиятини яшириш»га уринаётганидан ҳам дарак бериши мумкин.
Ҳарбий-денгиз таҳлилчиси, Белгия флоти собиқ лейтенанти Фредерик Ван Локерен BBC билан суҳбатда сунъий йўлдош тасвирларидан келиб чиққан ҳолда портни тарк этган кема «Спарта» эканига ишончи комиллигини билдирган.
BBC Verify илгари «Спарта»нинг ҳаракатини кузатган. Кема лангар ташлаган жой энди бўш турибди.
Тартус портидаги ҳарбий кемалар, 2024 йил 17 декабр
Бу кемалар айнан қаерга йўл олгани номаълум. Ван Локерен улар Ливия томонга ҳаракатланганини тахмин қилади, Россия ушбу мамлакат шарқида, Тобрукдаги генерал Халифа Ҳафтарни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбийлари ва ҳарбий техникаларини жойлаштирган.
Ўтган ҳафтада Украина разведкасидаги манба BBC Verify учун изоҳида декабр ойи ўрталаридан бошлаб Россия самолётлари камида 10 марта Суриянинг Ҳмеймидан Ливиядаги авиабазаларга ҳарбийлар ва техникалар ташиб ўтганини билдирган.
Ван Локерен кемалар Россияга йўл олгани ва кейинроқ «ҳарбий жиҳозлар катта эҳтимол билан Украина фронтига бориши»ни ҳам истисно этмайди.
Ҳарвард университетининг собиқ СССР мамлакатларидаги хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Дмитрий Горенбург ҳам охирги воқеалар Россиянинг Тартусдаги мавжудлиги поёнига етганини айтади.
«Ҳаммасини олиб чиқиш учун қўшимча кемалар ҳам керак бўладими, йўқми, буни билмайман. Аммо менимча буниси муҳим эмас. Россиянинг базадаги ҳарбий мавжудлиги тугаши — вақт масаласи. Кейин нима бўлишини эса кўрамиз», — деган у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар