06:04 / 19.03.2025
105

Трамп ноқонуний муҳожирлар учун янги механизмни ишга туширди

Трамп ноқонуний муҳожирлар учун янги механизмни ишга туширди
АҚШ президенти Дональд Трамп видеомурожаат қилиб, ноқонуний муҳожирларни мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга чақирди. Уларнинг бу жараённи амалга оширишлари учун CBP Home махсус иловасидан фойдаланишлари талаб этилади, деб Axios портали хабар берди.

Мазкур илова собиқ президент Жо Байден маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган CBP One иловасини алмаштиради. CBP One муҳожирларга чегарани қонуний кесиб ўтиш имконини берган бўлса, янги CBP Home ноқонуний муҳожирларни мамлакатни ихтиёрий тарк этишга чорлайди.

Трамп ўз видеомурожаатида шундай деди: “Мамлакатимизда ноқонуний турган одамлар ўз хоҳишига кўра кетиши мумкин ёки улар мажбуран депортация қилинади, бу эса улар учун ёқимсиз бўлиши мумкин. Байден маъмурияти CBP One иловаси орқали бир миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожирларни қабул қилди. Мен эса CBP Home иловасини жорий қиляпман, токи ноқонуний шахслар ўз ихтиёрлари билан мамлакатни тарк эта олишсин.”

Трампнинг таъкидлашича, агар муҳожирлар янги илова орқали чиқиб кетсалар, келажакда қонуний тарзда қайтиш имконига эга бўлишлари мумкин. Аммо улар буни қилмаса, депортация қилиниши ва қайта кириш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Axios маълумотларига кўра, CBP Home иловаси ноқонуний муҳожирларни мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга ундаш ва солиқ тўловчилар маблағларини тежаш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, бу илова Трамп маъмуриятининг ноқонуний миграцияга қарши кураш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига кўра, муҳожирлар ўз ихтиёри билан чиқиб кетиши учун олиб борилаётган реклама кампаниясига тахминан 200 миллион доллар сарфланган. Бу жараён АҚШда кенг қамровли муҳожирликка қарши чора-тадбирлар доирасида амалга оширилмоқда.

20 январь куни инаугурация маросимида Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида қасамёд қабул қилар экан, ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш ва миллионлаб муҳожирларни депортация қилиш жараёнини бошлашга ваъда берди. Шунингдек, у АҚШнинг жанубий чегарасида умуммиллий фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг