Шри-Ланкада 572 кишининг скелети топилди: бу қолдиқлар кимларга тегишли ва улар қандай шароитда ҳалок бўлган?

Шри-Ланкада 572 кишининг скелети топилди: бу қолдиқлар кимларга тегишли ва улар қандай шароитда ҳалок бўлган?

Шри-Ланканинг Яффна ҳудудидаги Чеммани минтақасида олиб борилаётган қазишмалар мамлакатнинг узоқ йиллик уруш тарихига оид оғриқли саволларни яна кун тартибига олиб чиқди. 2025 йилда кремация майдонини кенгайтириш ишлари вақтида инсон суяклари топилгач, ҳудудда суд назорати остида кенг кўламли қазиш ишлари бошланган.

Қазишмалар давомида инсон скелетлари билан бирга турли шахсий буюмлар ҳам аниқланган. Улар орасида мактаб сумкаси, болалар кийимлари, ўйинчоқлар, билагузуклар ва чақалоқлар учун сут идиши борлиги хабар қилинган. Айрим топилмалар болалар ҳам қурбонлар орасида бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Энг муҳим савол: бу қолдиқлар кимларга тегишли ва улар қандай шароитда ҳалок бўлган? Ҳудуд Шри-Ланкада 1983–2009 йилларда давом этган фуқаролар уруши билан боғлиқ. Чемманида оммавий қабрлар бўлиши ҳақидаги маълумотлар аввал ҳам пайдо бўлган. 1999 йилда ўтказилган қазишмаларда 15 кишининг қолдиқлари топилган.

2025 йилдаги янги қазишмалар эса бу масалага яна эътибор қаратди. Шри-Ланка Инсон ҳуқуқлари комиссияси дастлабки текширувларда қолдиқларнинг жойлашуви одатий дафн маросимларига ўхшамаслигини қайд этган.

Ҳозирча топилган скелетларнинг кимга тегишли экани ва уларнинг ўлим сабаби тўлиқ аниқланган эмас. Қазиш ишлари суд назорати остида давом эттирилмоқда, топилган қолдиқлар эса суд қарори асосида экспертиза учун сақланмоқда.

Шу сабабли Чеммани топилмалари бўйича якуний хулоса чиқариш учун суд-тергов жараёни ва экспертиза натижаларини кутиш керак.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар